Мақолалар

Аразлашиш уч кун

Бизга ноҳақлик ёки зулм қилишса, бундан дилимиз оғриб, хафа бўламиз, балки ўша инсон билан алоқани узишга қарор қиламиз.

Суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўминлар бир-бири билан уч кечаю уч кундуздан ортиқ хафалашиб юриши жоиз эмаслигини айтганлар. Чунки ўзаро зиддият авжига чиққан пайтда ҳис-туйғуларга эрк берилиш орага совуқчилик туширади. Шунинг учун бизга зиддият марказидан узоқлашиш, тинчланиб ўзига келиб олиш, обдон ўйлаб кўриш ва вазиятни таҳлиш қилиш, кейин афсус-надоматни келтириб чиқарадиган хатога йўл қўймаслик учун уч кун муҳлат берилган.

Бироқ хафалашишнинг диний ёки шаръий сабаби бўлса, у ҳолда зиддиятнинг ечимига кенгроқ ёндашилади. Бундай вазиятда мўминлар, қуйидаги ҳадисларга қатъий амал қилиши керак:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир-бирингизни ёмон кўрманг. Бир-бирингизга ҳасад қилманг. Бир-бирингизга қарши тадбир қилманг. Эй Аллоҳнинг бандалари! Биродар бўлинг! Мусулмон учун ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаб юриши ҳалол эмас”.

Абу Айюб Ансорийдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмонга ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаб юриши ҳалол эмас. Учрашганларида униси ҳам юз ўгиради, буниси ҳам юз ўгиради. Уларнинг яхшиси аввал салом берганидир”, дедилар».

Шуни унутмаслик керакки, бу дунёда энг олий мақсади иймонли бандаларни йўлдан уриш бўлган шайтон мўминлар бир-бири билан жанжал қилса ва хафалашса, беҳад хурсанд бўлади. Аллоҳ таоло наздида эса, ярашишга биринчи бўлиб қадам қўйган банда яхши мусулмондир.

 

Алимардон ҲАЙИТОВ

тайёрлади

Read 1387 times

Мақолалар

Top