Мақолалар

Ушбу муборак ойда Мавлид шариф ҳақида уламолар фикри

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аҳли сунна вал жамоанинг кўзга кўринган етук уламолари томонидан мавлиди шариф қилиш жоиз эканлиги борасида айтган сўзлари.


Ҳофиз Суютий раҳматуллоҳи алайҳ: «Рабиул аввал ойида мавлидин–набий қилиш ҳақида, унинг шаръий ҳукми, бу иш яхшими, ёмонми, қилган одамга савоб бериладими, йўқми шу ҳақда сўралганида, у киши қуйидагича жавоб берди: «Менинг жавобим шуки, аслида одамларнинг жамланишиб муяссар бўлганича Қуръон тиловати, Набиий соллаллоҳу алайҳи васалламга ишларини аввалида бўлган хабарларни, у зотнинг туғилганларида содир бўлган мўжизаларни ривоят қилишлари ва охирида уларга егулик нарса улашилиб, бунга бошқа нарсалар зиёда қилинмай тарқалиб кетадиган бўлсалар, бидъати ҳасанадир. Уни қилган одамга Набиий соллаллоҳи алайҳи васалламни улуғлагани, у зотнинг мавлидлари муносабати ила хурсандчилик изҳор қилгани учун савоб берилади».


Ибн Ҳажар Ҳайтамий раҳматуллоҳи алайҳ: «Хуллас калом: «Бидаъти ҳасанани мандуб эканлигига иттифоқ қилинган. Мавлид қилиш ва инсонларнинг унга жамланиш (ҳукми) шунингдекдир, яъни: бидъати ҳасанадир».


Имом ибн Жавзий раҳматуллоҳи алайҳ: «Мавлиднинг ўзига хос хусусиятларидан бири ўша йили омонлик, орзу ва мақсадларнинг ушалиши ила нақд ҳурсандчиликка етишишдир».


Имом ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ: «Асрнинг ҳофизи бўлмиш Шайхулислом Абул Фазл Аҳмад ибн Ҳажардан мавлид ҳақида сўралди. У киши қуйидаги жавобни берди: «Мавлиднинг асли бидъат бўлиб, у ҳақида биринчи уч асрдаги салафи солиҳлардан ҳеч нарса нақл қилинмаган. Лекин, шу билан бирга бу иш яхшиликларни ва унга зид бўлган нарсаларни ўз ичига олгандир. Бас, ким яхшиликларини олиб, ёмонликларидан четда бўлса, бидъати ҳасана бўлади. Ким бундай қилмаса, бўлмайди».


Ҳофиз Ибн Носириддин Димашқий раҳматуллоҳи алайҳ «Вирдис содий фии мавлидил ҳодий» номли китобида қуйидагиларни айтади: «Саҳиҳ қавлда айтилишича, ҳар душанба куни Абу Лаҳабдан дўзахнинг азоби енгиллатилади. Чунки, у шу куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилганларидан масрур бўлиб Сувайбани озод қилган.
Шеър:


إِذَا كَانَ هَـذَا كَافِرًا جَـاءَ ذِمُّـهُ    وَتَبَّتْ يَـدَاهُ فِيْ الْجَحِـيْمِ مُخَـلّدَا
أَتَى أَنَّـهُ فِيْ يَـوْمِ اْلاِثْنَيْنِ دَائِـماً      يُخَفَّفُ عَنْهُ لِلسُّـرُوْرِ بِأَحْــمَدَا
فَـمَا الظَّنُّ بِالْعَبْدِ الَّذِي كَانَ عُمْرُهُ      بِأَحْمَدَ مَسْرُورًا وَمَاتَ مُوَحِّــدًا


Ёмонлиги аён бўлган куфр–у орда,
Қўли қурсин, жойи абадий норда.
Енгиллик бўларкан душанба рўзи,
Аҳмадга севинган кўрганда кўзи.
Не деб ўйлайсан, бир мўмин банда,
Умр бўйи Аҳмадга шод ўтган онда.


Солиҳлардан бири Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тушида кўриб, фақиҳларнинг мавлидларда шодиёна, байрам қилиш ҳақидаги гапларини айтганда у зот: «Ким биз ила хурсанд бўлса, биз ҳам у ила хурсанд бўлурмиз», деган эканлар.

islom.uz

Read 1169 times

Мақолалар

Top