«Осмон ёрилса. У (осмон) Раббисига бўйсунди ва итоат этди. У бўйсуниши, итоат этишни шарт. Ер текисланса. Ва ўз ичидаги нарсаларни отиб чиқариб, холи қолса. У (ер) ўз Раббисига бўйсунди ва итоат этди. Шундоқ бўлиши шарт. Эй инсон! Албатта, сен Раббингга йўлиққунингча, ҳаракату уринишда бўласан ва охири унга йўлиқасан. Кимнинг китоби ўнг тарафдан берилса. Тезда осонгина ҳисоб қилинур. Ва аҳли ҳузурига хурсанд ҳолда қайтиб борур. Кимнинг китоби орқа тарафдан берилса... У тезда ўзига ҳалокатни чақирур. Ва қизиб турган дўзахга кирур. Чунки у (бу дунёда) ўз аҳли билан хурсанд бўлиб ўтган эди. Чунки у ҳеч қачон орқага қайтмасликни ўйлаган эди» (Иншиқоқ сураси, 1–14-оятлар).
“Осмон ёрилса”. Ояти карима қиёмат ва унинг аломатларига ишорадир.
“У (осмон) Раббисига бўйсунди ва итоат этди. У бўйсуниши, итоат этиши шарт”.
Осмоннинг бўйсуниши Аллоҳ таолонинг ҳукмига итоат этишидир.
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам: “Ер хамир каби ёйилади”, деганлар. Ер ёйилганда, ундаги барча нотекисликлар текисланади.
“Ва ўз ичидаги нарсаларни отиб чиқариб, холи қолса”. Яъни жасадларни чиқариб, улардан холи бўлади. Ибн Жубайр айтади: “Ўз қаъридаги жасадларни чиқариб ташлайди ва устидаги тириклардан халос бўлади”. Бир ўринда бундай келади: “У ўз қаъридаги бойликларни чиқариб ташлайди. Унинг тубида бирор нарса қолмайди”. Яна бир ўринда: “Ер ўзидаги тоғ ва денгизлардан халос бўлади”.
“У (ер) ўз Раббисига бўйсунти ва итоат этди”, яъни, жасадларини чиқаришда, яъни, Аллоҳ таолонинг амрига бўйсунди.
“Эй инсон! Албатта, сен Раббингга йўлиққунингча, ҳаракату уринишда бўласан ва охири унга йўлиқасан ҳам”. Саид Қатодадан ривоят қилади: “Эй одам боласи, сенинг ҳаракатинг суст. Ким саъй-ҳаракатини Аллоҳ таоло тоатига йўллай олса, шундай қилсин. Зеро, куч-қувват фақат Аллоҳ таолодандир”.
“Кимнинг китоби ўнг тарафдан берилса”. Яъни, Мўминга. “Тезда осонгина ҳисоб қилинур”, унинг учун ҳисоб-китобда машаққат бўлмайди. Ойша онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким қиёмат куни ҳисоб қилинса, азобланади”, дедилар. Ойша онамиз айтади: “Мен: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ таоло: “Аммо кимнинг китоби ўнг тарафдан берилса, тезда осонгина ҳисоб қилинур” деб марҳмат қилмаганми? деб сўрадим. Набий алайҳиссалом: “У ҳисоб-китоб эмас. У кўрсатишдир. Ким билан ҳисоб-китобда тортишилса, у азобланади”, дедилар» (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти),
“Ва аҳли ҳузурига қайтиб борур”. Жаннатда жуфтлари ҳури ийнлар бўлади. “Хурсанд ҳолда” яъни, кўзи қувнаган мамнун ҳолда. Ривоят қилинишича, ушбу ояти карима Абу Салама ибн Абдул Асад ҳақида нозил бўлган. Сабаби у Маккадан Мадинага ҳижрат қилган биринчи кишидир.
“Ва аммо кимнинг китоби орқа тарафдан берилса...” Ушбу ояти карима Абу Саламанинг укаси Асвад ибн Абдул Асад ҳақида нозил бўлган. Қатода ва Муқотил: “Кўкси ва суяги очилади, сўнгра қўли кириб орқасидан чиқади. Китобини шу тариқа олади”, деганлар.
“У тезда ўзига ҳалокатни чақирур”. Ҳалокатдан: “Вой шўрим”, деб шовқин-сурон солади. “Ва қизиб турган дўзахга кирур”, ҳарорати қизиб турган дўзахга киради.
“Чунки у (бу дунёда) ўз аҳли билан хурсанд бўлиб ўтган эди”. Ибн Зайд айтади: “Аллоҳ таоло жаннат аҳлини дунёда маҳзун йиғловчи ва қўрқувчи қилди. Охиратда эса хурснадчилик ва жаннат билан мукофотлади”, деди ва ушбу ояти каримани ўқиди: “Албатта биз илгари ўз аҳлимиз даврасида У зотдан қўрқувчилардан эдик. Бас Аллоҳ бизга марҳмат қилди ва бизни дўзах азобидан сақлади” (Тур сураси, 26–27-оятлар). Дўзах аҳлини эса дунёда хурсандлик, кулгу ва вақтичоғлик билан васфлаб: “Чунки у (бу дунёда) ўз аҳли билан ҳурсанд бўлиб ўтган эди”, деди.
“Чунки у ҳеч қачон орқага қайтмасликни ўйлаган эди”. Яъни, одам қайта тирилиб, ҳисоб-китоб қилинишини, кейин ё мукофот ё жазога тортилишини ўйламаган эди.
“Тафсири Қуртубий” асосида
Қибрай тумани бош имом-хатиби
Миродил МИРЖАМИЛОВ тайёрлади.