Мақолалар

Абу Масъуд Бадрий

Саҳоба Абу Мусъуд Бадрий иккинчи Ақаба байъати иштирокчиси. Бадрда иштирок этмаган. Уҳуд ва ундан кейинги ғазотлар иштирокчиси. Жуда кўп ҳадислар ривоят қилди. Саҳобаларнинг уламоларидан. Куфада яшаган. Али ибн Абу Толибнинг издошларидан. Али розийаллоҳу анҳу Сиффинга кетатуриб уни Куфага ўзининг ўринбосари этиб қолдирган.

 

Исми: Уқба ибн Амр ибн Саълаба Ансорий Ҳазражий Бадрий. Кунияси: Абу Масъуд. Ансорлар билан иймонга келган. Онаси: Салама бинти Озиб. Аёли: Ҳузайли бинти Собит. Ақабага етмишта ансор билан чиққан. Иккинчи Ақабада ҳам иштирок этган етмишта кишининг энг ёши. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ уни Бадр иштирокчиси деган. Аммо Абу Аҳмад Ҳоким унга зид гапни айтган. Энг машҳур сўз унинг Бадрда иштирок этмаганидир. Лекин Бадрдаги сув ёқасида тўхтаб, ўша ерда яшаб қолгани учун бадрий деб ном олган.

Набий алайҳиссалом ғуломини калтаклашдан қайтарган саҳоба Абу Масъуд Бадрийдир. Ўзи бундай ривоят қилади: “Қамчим билан ғуломимни ураётганимда ортимда: “Билгин эй Абу Масъуд”, деган овозни эшитдим. Жаҳлимнинг зўридан овоз нима деяётганини тушунмадим. Менга яқин келганларида у киши Набий алайҳиссалом эканларини билдим. У зот: “Билгин эй Абу Масъуд, билгин эй Абу Масъуд”, дедилар. Айтади: “Қўлимдаги қамчини ташлаб юбордим”. (Бир ривоятда: “Ҳайбатларидан қўлимдаги қамчини тушириб юбордим”, дейилган).  Набий алайҳиссалом: “Билгин эй Абу Масъуд,  сен бу қулни жазолашга қодирлигингдан кўра Аллоҳ сени жазолашга кўпроқ қодирдир”, дедилар. Мен: “Бундан сўнг ҳеч қачон қўл остимдагини урмасман”, дедим. (Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ ривоятида Абу Масъуд: “Ё Расуллаллоҳ, (ушбу) қулим Аллоҳ таолонинг розилиги учун озоддир”, дейди. Набий алайҳиссалом: “Агар шундай қилмаганингда дўзах сени куйдирарди”, деб айтадилар)» (Имом Муслим ривояти).

Кейинчалик Куфада яшади. Али розийаллоҳу анҳунинг издошларидан эди. Али розийаллоҳу анҳу Сиффинга кетатуриб уни Куфага ўзининг ўринбосари этиб қолдирди. Кейинроқ айрим сабабларга кўра мўминларнинг амири уни ишидан четлаштиради. Шундан сўнг Абу Масъуд розийаллоҳу анҳу Мадинаи Мунавварага қайтиб кетади.

Кўп ҳадис ривоят қилган. У кишидан тобеинлар: ўғли Башир, Абдуллоҳ ибн Язид Хотмий, Авс ибн Зомъаж, Абу Воил Шақиқ ибн Салама, Алқама ибн Қайс Нахаъий, Масруқ ибн Аждаъ, Амр ибн Маймун, Робиа ибн Ҳароша, Қайс ибн Абу Ҳозим, Абдураҳмон ибн Язид Нахаъий ва Омир Шаъбий ҳадис ривоят қилишган.  

Абу Масъуд Ансорий бундай дейди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мажлисга келдилар. Сад ибн Уқба розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ таоло бизни сизга салавот айтишга буюрди. Биз сизга қандай салавот айтамиз?” деб сўради. Пайғамбаримиз алайҳиссалом сукут сақладилар. Ҳатто биз қани эди у бу саволни сўрамаганида эди, деб орзу қилдик. Бир муддатдан сўнг: “Бундай денглар: “Аллоҳумма солли ъала Муҳаммадин ва ъала али Муҳаммад кама соллайта ъала Иброҳима ва барик ъала Муҳаммадин ва ъала али Муҳаммад кама барокта ъала Иброҳима фийл ъаламина. Инннака ҳамидум мажид”, деб айтинг. Салом эса, сиз билганигиздек”, дедилар». 

Абу Масъуд Ансорийдан яна бундай ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Аввалги (ўтган) пайғамбарлардан одамлар етиб келган (эшитган) гапларидан бири (шудир): “Уялмасанг (ҳаё қилмасанг), истаганингни қил!” (Имом Бухорий ривояти)                                                                     

Бир куни саҳоба розийаллоҳу анҳу ҳузурида динор ва дирҳам ҳақида гапиришди. У киши бундай деди: “Уни жигарларингизга ёпиштириб олинглар. Аллоҳга қасам, охиратингизга бирор динор ва бирор дирҳам ҳам олиб кетолмайсиз. Сизлардан олдингилар қолдиргани каби уни ё ер устида ё ер остида ташлаб кетасиз. Улар ҳам унинг устида бир-бирлари билан сизлар каби жанжаллашдилар, сизлар каби бир-бирларини алдадилар. У (мол-дунё) сизларнинг динингиз ва дунёингизни ҳалок қилади”.

Саҳоба Мадинаи Мунавварада Муовия ибн Абу Суфён халифалиги даврида оламдан ўтди. Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин.

"Ислом нури" газетаси

Read 994 times

Мақолалар

Top