Мақолалар

Сохта салафийликни нима учун тарк этдим?

Сохта салафийлик фикрларидан тавба қилиб, аҳли сунна йўлига қайтган шайх Одил Шуъайбий айтади: «(Салафий) шайхларимиз бизга: “Биз салафи солиҳлар йўлидамиз”, дейишганди. Билсам, биз хаворижлар йўлида эканмиз.

Бизга: “Сўфийлар – мушрик”, дейишарди, билсам, улар Аллоҳнинг энг мухлис бандалари экан.

Бизга: “Табаррук – ширк” дейишганди. Маълум бўлдики, бу амал мустаҳаб эканига уламолар ижмо қилишган экан.

Бизга: “Солиҳларни васила қилиш – ширк”, дейишганди. Билсам, барча уламолар уни жоиз санашган экан.

Бизга: “Қабрларда дуо қилиш аҳли сунна иттифоқи билан қайтарилган”, дейишди. Билсам, бундан фақат Ибн Таймия қайтарган бўлиб, ундан аввалги аҳли ҳадис уламолар бу амал мустаҳаблигига иттифоқ қилишган экан.

Бизга: “Мавлид қилиш – мункар бидъат”, дейишди. Билдимки, барча аср уламолари бу амални мустаҳаб санашган экан.

Бизга: “Ашъарийлар – бидъатчи фирқа”, дейишганди. Аммо Аллоҳ таолонинг китоблари илмини сақлаган барча муҳаққиқ уламолар ашъарийлар бўлиб чиқди.

Бизга: “Аҳли сунна – бизлармиз”, дейишганди. Билсам, улар карромийлар тариқатидаги мужассима, хаворижларнинг айни ўзи экан».

Диний таълимга бўлган эҳтиёжини интернет тармоғи орқали қондиришга ҳаракат қилаётган ёшларга тавсиямиз шуки, “Биз фақат Аллоҳ ва Расулига, Қуръон ва суннатга эргашамиз. Ҳукм фақат Аллоҳники!” деган баландпарвоз даъволарига алданиб қолманг. Аллоҳ ва Расулига, Қуръон ва суннатга эргашиш улар даъво қилганидек мустақил амалга оширилмайди. Балки салафи солиҳлар, муҳаққиқ мужтаҳидлар йўлларига эргашиш ва улар асос солган усул-қоидалар асосида бўлади.

Бунинг учун, аввало, ўзингизга эл-юрт олдида ишонч ва эътиборга сазовор бирор устозни лозим тутинг. У сизга ишни нималардан бошлаш кераклигини белгилаб беради. Унинг назорати остида айтилган китоб-дарсликларни пухта ўрганинг. Вақтингизнинг кўп қисмини вазифани ўзлаштириш, китоб мутолаасига ажратинг. Интернет тармоғидан илм олишга шошилманг. Акс ҳолда эътиқодимиз ва мазҳабимизга зид бўлган тушунча ва қарашлар гирдобига тушиб қоласиз. Ҳозирда аксар ёшларнинг диний тушунчаларидаги бузилишлар сабаби айнан шудир. Мабодо, интернет тармоғи орқали илм олиш зарурати туғилса ҳам, уни устозингиз билан маслаҳатлашиб, унинг тавсиясига асосан амалга оширинг. Ана шунда мақсад сари тўғри йўл тутган ва турли фитна-зарарлардан ўзингизни асраган бўласиз.

 

Иброҳимжон ЮСУПОВ,

Фарғона тумани “Эрматбой” жоме масжиди

имом-хатиби

Read 1259 times

Мақолалар

Top