Мақолалар

Набий алайҳиссаломга бўлган севгимиз асло тугамайди...

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сизга муштоқ бўлиб инграётган қалбларни силайдиган қўлингиз қани, эй Аллоҳнинг Расули?!

Юзингизга бир назар солсак, сўнг дунё йўқ бўлиб кетса ҳам, майли эди!

Овозингизни бир марта эшитиб қонсак эди.

Томоқларимиз чанқоқликдан қуриб қолдику!

Эй Аллоҳнинг Расули! Сизни севамиз. Аллоҳга қасамки, Сизни севамиз. Биз ўз истагимиз билан Сиздан анча кейин яшаётганимиз йўқ. Аммо Аллоҳнинг иродаси шу экан. Биз шу иродага рози бўлдик!

Қани энди, Маккада ваҳий қўрқинчидан титраб турганингизда Хадича розияллоҳу анҳо сингари Сизни бағримизга олганимизда эди!

Қани энди, Тоиф кунида қалқон бўлсак-у тошлар Сизга эмас, бизга текса эди. Ҳеч бўлмаганда, жароҳатларингизни қалбларимиз ила боғлаб қўярдик!

Қани энди, Абу Толиб дарасида Сиз билан бирга бўлиб, ўз қўлларимиз билан Сизга таом едирсак эди. Бундан ожиз бўлсак, ҳеч йўғи, Сиз билан бирга оч қолсак эди!

Қани энди, Ибн Абу Муъайт устингизга туянинг эшини ташлаганда Каъбанинг олдида, ёнингизда бўлганимизда эди. У бадбахтни тишларимиз билан еб ташлаган бўлармидик! Ҳеч бўлмаганда, у нарсани олиб ташлашда Фотима розияллоҳу анҳога кўмаклашармидик?!

Сизга фидо бўлиш учун Али розияллоҳу анҳу билан тўшагингизда ётишни орзу қилдик!

Ҳижратингизда Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан ёнма-ён туриб қалбларимизни Сизга йўлак қилишни орзу қилдик, эй қалбларимиз маҳбуби!

Мадинага кириб келганингизда оғизларимизни тўлдириб «Толаъал бадру ъалайна...»ни ўқишни орзу қилдик!

Қани энди, Бадр кунида ёнингизда бўлиб, ансорлар каби Сизга «Агар биз билан «Баркул ғaмод»га кирсангиз, бирортамиз қолмасдан Сиз билан бирга кирган бўлар эдик», деган бўлардик!

Қани энди, Уҳудда Сиз билан бирга бўлсак эди, камончиларга «ўрнингиздан жилманг», деган бўлар эдик. Худди Умму Умора каби Сизни арслонларча ҳимоя қилган, юзингизга оққан муборак қонингизни артиб қўйган бўлар эдик. Ҳеч йўғи, амакингиз Ҳамзани йўқотганингиз учун Сизга ҳамдардлик изҳор қилардик!


Қани энди, Ҳудайбия кунида ёнингизда бирга бўлиб, «Биз Сизнинг уруш ва тинчлик пайтидаги қўшинингизмиз», деганимизда эди!

Макка фатҳи кунида Сиз билан бирга бориб, Аллоҳ динини ғолиб қилган кунда бирга хурсанд бўлишни орзу қилдик!

Ҳажжатул вадоъда Сиз билан бирга бўлиб, васиятларингизни ўзингиздан тинглаб, «Рисолатни етказганингизга гувоҳлик берамиз», дейишни орзу қилдик!

Вафот қилган кунингизда Мадинада бўлиб йиғлашни, жонимизни, ота-оналаримизни, молимизни, авлодимизни Сизга фидо қилишга тайёрлигимизни айтишни орзу қилдик!

Бизга Сизнинг «Учрашув жойимиз дунё эмас, сизлар билан Ҳавз олдида учрашамиз», деган гапингиз тасалли беради!

Бизга Сизнинг «Киши Қиёматда севганлари билан бирга бўлади», деган гапингиз тасалли беради!

Аллоҳга қасамки, биз Сизни севамиз, ё Расулуллоҳ!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

 

Read 1053 times

Мақолалар

Top