Мақолалар

Язид ибн Абу Суфён

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам Язид ибн Абу Суфён Исломга кирганидан беҳад хурсанд бўлдилар. Чунки унинг табиатида жасурлик, мардлик ва мурувват аломатлари балқиб турарди.

Ҳунайн ғазотидан кейин унга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиб, юзта туя ва қирқ уқия (бир уқия 119 грамм) кумуш берилган. Буни ҳазрат Билол ўлчаб-тортиб, уйига олиб боради. Бу саҳоба Пайғамбаримизга қайни, яъни мўминлар онаси Рамла бинти Абу Суфённинг иниси бўлади. У Ислом келганда отаси Абу Суфён ибн Ҳарбнинг раъйи учун Исломни қабул қилмаганди. Отаси Исломга кирганидан кейин иймон келтирди. Бу воқеа Фатҳ йилининг Рамазон ойида содир бўлди.

* * *
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу халифа бўлгач, бу умавий қаҳрамондаги куч-ғайрат, теран ақл, қатъият ва кучли иймонни мусулмонлар хизматига йўналтирди. Мусулмон қўшини раҳбари этиб тайинлашидан олдин, уни чақириб бундай насиҳат қилди:

«Эй Язид, шу чоққача қилган ишларинг туфайли сени “Хайр” деб зикр этдик. Энди сени қўшинга бошлиқ этиб, бу ишда маҳоратингни билмоқчиман. Агар уддаласанг, қўшинга қўмондон бўласан. Эй Язид, Аллоҳга тақво қил. Қўшиндагилар билан чиройли муомалада бўл. Уларни яхшиликка бошла. Насиҳатингни чўзма. Ўзингни ислоҳ қилсанг, одамларни ҳам ислоҳ қила оласан. Намозни ўз вақтида адо эт. Олдингга душман элчилари келса, уларга иззат-икром кўрсат, аммо ҳузурингда кўп қолишига рухсат берма. Элчиларни лашкаринг кўп жойга тушир. Сирингни сиртга чиқарма”.

Абу Бакр Сиддиқ Рум ғазоти учун қўшинни Шом диёрига жўнатишга қарор қилди. Ҳар тарафдан мусулмонлар жамоасини тўплади. Қўшинни тўрт қисмга тақсимлаб, ҳар бир гуруҳнинг байроғини Бани Умайянинг қаҳрамони Язид ибн Абу Суфёнга берди.

Қўшин Мадинадан чиқиб кетгач, ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ мусулмон қўшини ва унинг ёш бошлиғи билан хайрлашгани чиқди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу пиёда, Язид отда борарди. Язид Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга:

– Эй Расулуллоҳнинг халифаси, мен отда юриб, сиз пиёда юрасизми?! – деб хижолатда эканини изҳор қилди ва отидан тушмоқчи бўлди. – Ё сиз ҳам отга мининг, мен тушай.

Абу Бакр қайтариб деди:

– Мен отга минмайман. Сен отдан тушмайсан, қадамларим Аллоҳнинг йўлида деб ҳисоблайман.

Сўнг Язидга яна бундай насиҳат қилди: “Сизлар турли ва анвойи таомлар тановул этиладиган бир шаҳарга тушасизлар. Унинг аввалида Аллоҳнинг номини зикр этинглар ва унинг охирида Аллоҳга ҳамд айтинглар. Ношукр ва кибр-ҳаво қилишдан эҳтиёт бўлинглар. Мен сенга ўнта калимани васият қиламан: аёлларни, ёш болаларни ва кекса қарияларни қатл этманглар. Яна мева берадиган дарахтни кесманглар. Обод уйларни вайрон қилманглар. Туяни ё қўйни фақат ейиш ниятида сўйинглар. Бир туп хурмони таҳқирламанглар. Хиёнат қилманглар ва ёлғон сўзламанглар”.

* * *

Мусулмон қўшини Ярмукка тушгач, Язид Рум қўшини бошлиғига гаплашиб олмоқчи эканини айтиб, одам юборди. Кейин бир неча саҳоба билан улар турган жойга борди. Рум қўшини бошлиғи ўзига ҳаммаёғи ипак мато билан ўралган катта чодир қуриб олганини кўрдилар. Язид ва у билан бирга келганлар чодирга киришдан бош тортиб: “Бизлар ипакни эр кишига ҳалол деб билмаймиз, ўзинг олдимизга чиқ”, дейишди. Уларнинг талабига биноан душман қўмондони чодиридан чиқиб гаплашди. Аммо мусулмонларнинг шартини қабул қилмади.

Икки қўшин тўқнашганида кексайиб қолган Абу Суфён ўғли Язидга бундай деди:

– Эй ўғлим, бу ерда мусулмонлардан ҳеч ким тирик қолишига кўзим етмаяпти. Мусулмонлар ишига раҳбар қилиб қўйилган экансан, қўшиндан бирор киши жангда сабрда ва ажр олишда сендан кўра рағбатлироқ бўлмасин. Душманга сендан кўра журъатлироқ бўлмасин! Имонингни, шаънингни қонингдан, жонингдан баланд тут...

Язид:

– Эй отажон, иншоаллоҳ, шундай қиламан, – деди. Ҳайбат билан душман устига ташланди.

* * *

Язид мадори қуриб ҳолсизланиб қолганида Шураҳбил ибн Ҳасаннинг: “Аллоҳ мўминларга жаннатни бериш эвазига жонлари ва молларини сотиб олади. Раббиларининг розилигини хоҳлаб Аллоҳ учун жонларини сотувчилар қани?! Аллоҳнинг Ўз уйида Унга қўшни бўлишга муштоқ бўлувчилар қани?!” деб бақираётган овозини эшитди. Қайтадан шижоат пайдо бўлиб, қўшинга ҳам далда бериб, жанг қилди. Мусулмонлар озчилик бўлган бу жангда Аллоҳ таоло Язиднинг қўшинига нусрат ато этди. Жангдан кейин Рум қўшини Шом диёрида кўп турмади.

* * *

Язид ибн Абу Суфён жанг майдонларида кўп марталаб зафар қучди. Дамашқни фатҳ қилган тўрт қўмондондан бирига айланди. У яна Байрут, Сайдо ва Лубнон диёрларини фатҳ этишда ҳам қатнашди.

Манбалар асосида Ҳазорасп тумани
“Султон Хубби” жоме масжиди имом-хатиби
Иззат ОТАЖОНОВ тайёрлади.

Read 999 times

Мақолалар

Top