Мақолалар

Бугун оилаларда эркакнинг ўрни қандай?

– Онаси, пул бер, эртага ўртоқларим билан ошим бор эди.

Азиз аканинг бемаҳал пул сўраганидан Гули опанинг жаҳли чиқди. Бунинг устига ўғлининг ҳам мактабига пул керак.

– Шу пулни олинг-да, бошқа сўраманг, етса – боринг, бўлмаса – йўқ, – деди.

“Бундай эркаклар йўқ. Нима деяпсиз?” деб эътироз билдиришга шошилманг. Афсус, ҳозир шундай эркаклар, оталар бор. Уйда аёлининг қўлига қараб кунини бекорчилик билан ўтказаётган, пул топиб келмагани етмагандек, аёлини дўппослаётганлар ҳам йўқ эмас. Оилада аёл аёллигини, эркак эрлигини қилмаётганига сабаблар кўп. Аввало, оиладаги муҳит, моддий қийинчиликлар, қариндош-уруғларнинг бегона бўлиб кетаётгани бунга сабаб бўлмоқда. Энг муҳим жиҳати, оилада исломий таълим-тарбиянинг йўқлигидир.

Қуръони каримда: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларни айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” (Нисо сураси, 34-оят), дейилган.

Шунингдек, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг ичингиздаги энг яхшингиз ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганидир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Негадир айрим эркаклар ана шу “бошлиқ”лик вазифасини бажаришни хоҳламаяпти. Ҳар ой иш алмаштирадиган, “Мен бошлиқнинг муомаласини кўтаролмайман” дея ҳар ҳафта ишдан бўшаб келадиганлар кўпайди. Қизиғи, бошлиқнинг муносабатини кўтаролмайди-ку, аёлининг таъна-дашномларини хотиржам қабул қилишади.

Бугун бозорларда савдо қилаётганларнинг асосий қисми аёллар. Ваҳоланки, савдо кўпроқ эркакларнинг иши. Ўша аёлларнинг ҳаммаси ҳам бева ёки ажрашган эмас. Қанчадан-қанчаси фарзандларига қўшиб эрини ҳам боқмоқда. Бозорчи аёлларнинг жанжалига қараб оила бошлиқлиги аёл киши учун қанчалар хунук кўринишини осон англаймиз. Яна шундай оналар ўғли “хотин қули” эканини айтишади. Аслида, фарзанд отадан намуна олишини ўйлашмайди.

Яна бир масала – атрофдагиларнинг муносабати. Бугун орамизда “Суюнчи” видеофильмидаги “Анзират” оналардай жонкуярлар йўқолиб кетди. Бировнинг тақдири бировга қизиқ эмас. Ўзим бўлай дегувчилар кўпайиб кетди. Ачинарлиси, қариндошлар, жондош ака-укалар орасида ҳам ана шундайлар йўқ эмас. Ака келиб укасига танбеҳ беришни, ялқовликда айблашни билади. Бироқ уни тингловчи, муаммосини ҳал қилувчи бир меҳрибони йўқ. Укасини “бўлиши шу” дея ташлаб кетаётган, бир кўмак билан чекланиб қолаётганлар оз эмас.

Энг яхши тайёрлов оила, ёши улуғ инсонларнинг насиҳати эмасми? Баъзан муаммоларни руҳиятшунослар билан ҳал этишга уринишларидан ҳайрон қоламан. Сабаби, халқимизнинг ўзи энг яхши психолог. Кўпни кўрган шундай отахонлар борки, йигитларимиз ўтган ўша муаммоларни енгиб ўтишган.

Фарзандларимиз орасида “Мен онамга ўхшашни истайман”, “Ойи, пул беринг”, дегувчилар кўпайди. Отанинг оилада ўрни фақатгина моддият билан боғлиқ эмас. Унинг маънавий таъсири ҳам бор. Ўғлини эшитадиган, у билан суҳбат қурадиган оталар камайиб бормоқда. Агар отанинг оилада ўрни бўлмаса, бола учун унинг гапи аҳамиятсиз. Ўрни бўлса ҳам, тарбия қилишга вақт ажратмаса, бу ҳам болада отага бўлган муносабатнинг ёмонлашувига сабаб бўлади.

Демак, жамиятда эркакларни фақат пул топиш билан боғлаб қўймасдан фарзандлар билан шуғулланишлари учун ҳам имкон бериш тўғри бўлади. Зеро, жамиятга келажак авлоднинг эртасини таъминлайдиган ҳақиқий оталар керак.

Камола АДАШБОЕВА

"Ҳидоят" журналининг 9-сонидан олинди

Read 1075 times

Мақолалар

Top