Мақолалар

Меҳр-оқибат инсонга зийнатдир

Меҳр бу инсоннинг энг юксак туйғуларидан биридир. Шарқ фалсафасида раҳм – шафқат, мурувват, одамийлик каби фазилатлар доимо улуғланиб, мадҳ этилиб келинган. Одамийлик – бу кишининг бошқа одамларга, уруғ – аймоғига меҳр-шафқат кўрсатиши, яхшилик қилишини, инсонпарварлик муносабатларида бўлишини тақозо этадиган фазилатдир. Меҳр ва мурувват – инсонийликнинг ажралмас белгиларидир. Меҳр тушунчасига муҳаббат, садоқат, оқибат каби тушунчалар ҳамоҳанг бўлиб, буларнинг ҳар бирида халқ донишмандлиги ва миллий қадриятлар ўз ифодасини топган. Мурувват эса саховат ва раҳмдил, ўзгаларга шафқатли бўлишни, қўли очиқлик ва бағрикенгликни ҳам англатади.

Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки: “Эй Уқба, сенга дунё ва охират аҳллари ахлоқларининг афзалларидан хабар берайми? Ким сен билан силаи раҳмни узган бўлса, сен уни боғлайсан, ким сени бир нарсадан маҳрум қилган бўлса, унга ўшани берасан ва ким сенга зулм қилган бўлса, афв қиласан”.

Халқимизда: “Одам тафтини одам олади”, деган ажойиб нақл бор. Инсон зоти ширин гапга, ён-атрофидагиларининг меҳр-муҳаббатига доим ташна бўлади. Шу сабаб, гарчи қариндоши бўлмаса-да, яхши кишилар билан дўстлашади, улфат бўлади. Умрининг ажиб дамларини улар билан ўтказишга ҳаракат қилади.

Динимизда Аллоҳ учун дўстлашиш, ўзаро меҳр-муҳаббатли бўлиш савобли амаллардан ҳисобланади.

Мўминларга меҳр-муҳаббатли бўлиш вожибдир. Бу ҳақда кўплаб ҳадислар бор: Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ айтдилар: Имон келтирмагунингизча жаннатга кирмайсизлар, ўзаро бир-бирларингизга муҳаббат қўймагунингизча имонли бўлмайсизлар. Сизларни, агар амал қилсангиз, ўзаро муҳаббат пайдо қиладиган ишга далолат қилайми? Саломни ораларингизда ёйинглар” (Имом Муслим). Ҳадис шарҳида Имом Нававий фақат ўзаро меҳр-муҳаббат сабаб ҳолингиз яхшиланади, имонингиз комил бўлади, дейдилар.

Анасдан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирортангиз ўзи яхши кўрган нарсани биродарига раво кўрмагунича мўмин бўлолмайди” (Имом Бухорий), дедилар. Имом Нававий ҳадис шарҳида айтадилар: “Имон комил, тўлиқ бўлмайди. Фақат шу сифат бўлсагина, тўлиқ бўлиши мумкин. Бундан мурод тоат-ибодатларни ҳам биродарига раво кўриш, мубоҳ нарсаларни илинишдир”. Инсон ўзига керак бўлса-да, суйган нарсасини дўстига инъом қилиши юксак фазилат ҳисобланади.

Инсонларга муҳаббатли бўлишнинг энг яхши мукофоти Аллоҳ таоло севгисига сазовор бўлишдир.

Убода ибн Сомит Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Аллоҳ таборака ва таоло айтади: “Менинг йўлимда яхши кўришганларга муҳаббатим ҳақдир. Менинг йўлимда ўзаро алоқаларини сақлаганларга муҳаббатим ҳақдир, менинг йўлимда бир-бирларини зиёрат қиладиганларга муҳаббатим ҳақдир, менинг йўлимда ўзаро саховат қиладиганларга муҳаббатим ҳақдир””.

Динимиз кўрсатмаларида фақат ва фақат инсонлар фойдаси кўзланади. Аҳиллик ва муҳаббат асосига бунёд этилган дўстлик шарофати билан мамлакатлар тинч-осойишта, инсонлар эса бахтиёр яшайдилар.

 

Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳар “Абдулқодир қори” жоме
масжиди  имом-хатиби

Read 1240 times

Мақолалар

Top