Мақолалар

"Ҳофизул Қуръон хулқи"

Қуръони Каримга нисбатан одоб сақлаш вожибдир.

Уламолар Қуръони Каримни улуғлаш, унга нисбатан ҳурмат сақлаш вожиб эканлигига бир овоздан иттифоқ қилганлар. Зеро, Қуръон Аллоҳнинг каломи. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг катта мўжизалари ҳисобланади. Шундай экан, ким Қуръонни масхара қилса, Унинг ҳурматини тўкишга ҳаракат қилса, очиқ ойдин куфр ишни қилган бўлади.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

 ( قُلۡ أَبِٱللَّهِ وَءَايَٰتِهِۦ وَرَسُولِهِۦ كُنتُمۡ تَسۡتَهۡزِءُونَ

لا تَعۡتَذِرُواْ قَدۡ كَفَرۡتُم بَعۡدَ إِيمَٰنِكُمۡ)

 

"Қасамки, агар улардан: (нега масхара қиласиз, деб) сўрасангиз, албатта, улар: "Биз фақат (баҳсга) чўмиб, ҳазиллашяпмиз", - дейишади. Айтинг: "Аллоҳни, оятларини ва Расулини масхара қилаётган эдингизми?!". "Узр айтмангиз! Иймонингиздан кейин (яна) куфрга кетгансиз". ("Тавба" сураси, 65-66-оятлар)

Қуръони Каримни, унинг оятларини масхара қилиш, ҳурматини тўкиш куфр эканлигига ҳанафий олимларининг далиллари:

  1. "Фатовои Баззозия"да шундай жумлалар келади: "Қуръонни мазаҳ қилиш, ўйин-кулгу учун фойдаланиш куфрдир. Чунки бу ишлар Қуръонни енгил санаш, ерга уриш ҳисобланади". (Мазкур манба: 3/338)
  2. "Жавоҳирул фиҳқ"да шундай дейилади: "Бирор кишига: "Қуръонни кўпроқ тиловат қилмайсизми?", - дейилса ва у одам: "бу менга ёқмайди" ёки "бу ишдан тўйиб кетганман", деб жавоб берса, шунингдек, бирор оятини инкор эца ёки айбласа, бас, куфр амалини қилган бўлади".
  3. "Фатвои Зоҳийрийя" асарида қуйидагича масала баён этилган: "Ким Аллоҳнинг Каломини ҳазил ёки эрмак қилиб ўқиса - куфр келтирган бўлади". ("Фиқҳул Акбар шарҳи", Мулла Али Қорий, 254)

Аллоҳнинг каломини ерга урган, беписанд қараган, ўйин-кулгу учун сабаб қилиб олган кимсаларга Қуръони Каримнинг ўзида улкан азоб-у уқубатлар ваъда қилинган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

 

 (وَقِيلَ ٱلۡيَوۡمَ نَنسَىٰكُمۡ كَمَا نَسِيتُمۡ لِقَآءَ يَوۡمِكُمۡ هَٰذَا وَمَأۡوَىٰكُمُ ٱلنَّارُ وَمَا لَكُم مِّن نَّٰصِرِينَذَٰلِكُم بِأَنَّكُمُ  ٱتَّخَذۡتُمۡ ءَايَٰتِ ٱللَّهِ هُزُوٗا وَغَرَّتۡكُمُ ٱلۡحَيَوٰةُ ٱلدُّنۡيَاۚ فَٱلۡيَوۡمَ لَا يُخۡرَجُونَ مِنۡهَا وَلَا هُمۡ يُسۡتَعۡتَبُونَ)

 "Ва (уларга - масхара қилувчиларга) дейилди: "Худди сизлар мана шу бугунги кунингиздаги учрашувни унутганларингиздек, Биз ҳам бугун сизларни "унутурмиз". Сизларнинг жойингиз дўзахдир ва сизлар учун дўзах азобидан қутқарувчи ёрдамчилар ҳам йўқдир. Бунга сабаб - сизлар Аллоҳнинг оятларини масхара қилиб олган эдингиз ва сизларни ҳаёти дунё алдаб қўйган эди. Бас, бугун улар (дўзахдан) чиқарилмаслар ва улардан (Аллоҳ рози бўладиган амалларга) қайтиш ҳам талаб қилинмас". ("Жосия" сураси, 34-35-оятлар)

Қуръони Каримни беҳурмат қилиш бир неча кўринишларда бўлиши мумкин:

- Мусъҳафга суяниш ёки уни ёстиқ қилиб фойдаланиш;

- Қуръонга талофат етказиш ва йиртиш;

- Аёллар ҳайз ва нифос ҳолларида Қуръонни тиловат қилишлари;

- Хоҳ катта, хоҳ кичик бетаҳорацизлик билан Қуръони Каримни ушлаш (аммо тафсир ёки ичида оятлар зикр қилинган бошқа китобларни бетаҳорат ҳолда ушлаш жоиздир. Чунки шу каби китобларда муаллифнинг сўзи Қуръон оятларидан кўра кўпроқни ташкил этади);

- Мусъҳафни ноўрин жойларга (масалан, ҳаммом ёки таҳоратхоналар) олиб кириш;

- Маййитни қабрга дафн этаётганда Қуръон билан бирга кўмиб юбориш;

- Мусъҳафдан бирор оятни олиб, чайнаб ютиб юборишлик;

- Уйга, ишхонага ёки автоуловга Қуръони Каримни шунчаки қўйиб қўйиш ва тиловат қилмасдан чанг босиб ётишига сабаб бўлиш;

- Қуръони Каримга ифлос ва нажосат нарсаларни қасддан теккизиш;

- Қуръони Каримни оёқ билан босиш ёки инсон Қуръонни (баъзи ривоятларга кўра кўксидан) пастда тутиши ва ҳоказо ишлар.

Юқорида зикр қилиб ўтилган ишлардан бирортасини ҳам қилиш жоиз эмас. Мусулмон одам бу амалларни қилиб қўйишдан жуда ҳам эҳтиёт бўлиши лозим. Зеро, ким бу ишлардан сақланмаса ёки енгил санайдиган бўлса, Қуръонни беҳурмат қилувчиларга аталган аламли азобга дучор бўлиб қолиши мумкин.

Аллоҳ таоло барчамизни юқорида зикр этилган амалларни қилиб қўйишдан Ўзи муҳофаза қилсин! Омин!

Хотима.

Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот ва саломлар бўлсин!

"Ҳофизул Қуръон Хулқи" деб номланган мўжазгина китоб таржимасининг сўнгида Аллоҳдан сўраймизки, барчамизни Қуръон хулқи билан зийнатласин, Қуръондан билмаганларимизни билдирсин, унутганларимизни ёдимизга солсин, кеча-ю кундуз Қуръон тиловати билан машғул эцин! Қиёмат куни бўлганда бизларни Қуръон аҳлларининг ичида тирилтирсин! Зеро, ана ўшалар Аллоҳнинг аҳли ва хос бандаларидир!

Аллоҳ таолога ҳамд, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга чексиз саловот ва саломлар бўлсин!

Китобнинг сўнги 3-боби таржимаси милодий 2022 йил, сентябрь ойининг 16-санаси муборак Жума куни шом намозидан сўнг Маккаи Мукаррамада, Байтуллоҳнинг Ҳажарул асвад қисми рўпарасида ўз ниҳоясига етди.

Аллоҳим, Ушбу китобни барчамизга манфаатли қил. Омин!!!

Тоҳиров Сайдулло

 

 

Read 644 times

Мақолалар

Top