Мақолалар

Марҳумнинг васиятларини адо этиш

Марҳум қолдирган мол дафн харажатларига сарфланиб қарзлари ўталгандан сўнг қолганининг учдан биридан васияти адо этилади. Васият барча молга тааллуқли бўлса ҳам, учдан биридан қолган молнинг ортиғи бажарилмайди.

Исломда васиятнинг миқдори қолган молнинг учдан биридан кўп бўлмаслигининг сабаби ворисларга ҳам меросдан насиба қолдиришдир.

Гуноҳ ишларга васият қилиш ҳаром. Ворислар уни бажаришлари мумкин эмас.

Агар маййит зиммасидаги закот, ушр, назр, каффаротни ўташни бошқа бировга васият қилган бўлса, қолдирган мулкининг учдан бири айтганларининг ҳаммаси адо этилади.

Марҳум улуш муайян миқдорни, масалан, 10 млн, 30 млн, сўмни бир неча кишиларга васият қилган бўлса, қолган мулкининг учдан бири у миқдордан кам бўлса, васияти айтган миқдорлари нисбатида ўталади.

Ворисларга Қуръон ва суннатга

мувофиқ тақсимлаш

Марҳумнинг қарзлари ва васияти адо қилингандан сўнг қолган моли ворисларга тақсимланади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “(Ушбу тақсимотлар) Зарар қилмайдиган васиятни ёки қарзни адо этгандан сўнг (қилинади). Булар Аллоҳнинг васиятидир. Ва Аллоҳ билувчи ҳамда ҳалийм Зотдир” (Нисо сураси, 12-оят).

Маййитнинг мулкидан юқорида санаб ўтилган ҳақлар ўтаб бўлингач, қолган мероси Қуръони карим, суннат ва умматнинг ижмосида баён қилинганидек меросхўрларга тақсимланади.

Саиджамол МАСАЙИТОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво марказининг бош мутахассиси

Read 2801 times

Мақолалар

Top