Мақолалар

Басралик қария ва жориянинг хотимаси

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исмоил ибн Абдуллоҳ ал Хузоий менга мана бу ривоятни айтиб берди:

«Басра аҳлидан, Муҳолаба уруғидан бўлган бир киши Бармакийлар даврида баъзи юмушлар билан шаҳримизга келди. Ишларини битиргач, Басрага қараб жўнади. Ёнида хизматкор йигит ва жория бор эди. Дажла дарёсига етганларида соҳилда бир йигитни кўрдилар. Йигитнинг устида жундан тайёрланган либос, қўлида асо ва халтачада егуликлари бор эди. У қайиқчидан дарёнинг нариги қирғоғига, яъни Басра томонга ўтказиб қўйишни сўради.


Махлаблик қария бўй чўзиб йигитни кўрдию, унга раҳми келди.

Қайиқчига: «Бери кел, анави йигитни ўзинг билан қайиққа чиқариб ол» деди. Қайиқчи йигитни ўзи билан мингаштириб олди ва қайиқ манзил томон сузиб кетди. Тушлик вақти бўлганда қария овқатланиш столини ҳузурига олиб келишларини буюрди ҳамда қайиқчига юзланиб: «Анави йигитни ҳам чақир бизни олдимизга тушсин» деди.

Йигит қариянинг бу илтимосини рад этиб, тушишдан бош тортди. Қария қайта-қайта талаб қилавергач, охири тушди. Бирга таомланишди, шундан сўнг йигит яна ўзининг жойига қайтиб кетмоқчи бўлган эди, кекса киши то барчалари қўл ювмагунча йигитни туришга қўймади. Кейин отахон ичида шароби бор мешни олиб келишларини буюриб, ундаги шаробдан қуйиб ичди. Cўнг жорияга ҳам шаробдан узатди. Ундан кейин шаробни йигитга таклиф қилди.

Йигит ичишдан бош тортиб: «Мени маъзур тутасиз, ичмайман», деди.

Қария: «Узрингни қабул қилдик, биз билан ўтир» деди ва шаробдан яна жорияга узатди. Унга қани бир ҳунарингни кўрсатчи» деди. Шунда жория чолғу асбобини олиб келиб, у ёқ бу ёғини созлаб, қўлига олди-да, қўшиқ хиргоя қила бошлади. Қария йигитга қараб: «Ҳой йигит, сен ҳам шундай чиройли айта оласанми?», деб сўради.

Йигит: «Мен бу оламдаги энг гўзал нарсани жуда чиройли қилиб ўқий оламан», деди-да, Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм деб ушбу оятни тиловат қилди

«Қўлингизни тийинг, намозни тўкис адо этинг ва закотни беринг!» – деб айтилган кимсаларни кўрмадингми?!
Уларга уруш фарз қилинганда, тўсатдан бир гуруҳлари одамлардан худди Аллоҳдан қўрққандек ёки ундан ҳам қаттиқроқ қўрқишмоқда. Ва: «Роббимиз, нега бизга урушни фарз қилдинг, бизни озгина муддатга ортга суриб турсанг бўлмасмиди?!» – демоқдалар. «Дунёнинг матоҳи оз, охират эса тақво қилганларга яхшидир. Ва сизларга қилча ҳам зулм қилинмас», – деб айт».

«Қаерда бўлсангиз ҳам, ҳаттоки мустаҳкам қалъаларда бўлсангиз ҳам ўлим сизни топадир. Агар уларга бирор яхшилик етса: «Бу Аллоҳдан», – дерлар. Борди-ю, уларга бирор ёмонлик етса: «Бу сендан», – дерлар. «Ҳаммаси Аллоҳдан», – деб айт! Манави қавмга нима бўлдики, гапни тушунай демаслар?!» (Нисо сураси, 77-78-оятлар).

Дарҳақиқат, унинг овози жуда ёқимли эди. Қария Қуръон тиловатини тинглаб, саросимага тушиб қолди ва қўлидаги қадаҳни сувга улоқтирди-да: «Гувоҳлик бераманки, бу ўқилган нарса мен аввал эшитиб юрган нарсаларнинг барчасидан мутлақо гўзалдир. Ҳой йигит, бундан бошқа яна борми», деди. 

Йигит: «Ҳа албатта, деб:
 «Сен: «Ҳақ Роббингиз томонидандир. Бас, ким хоҳласа, иймон келтирсин, ким хоҳласа, куфр келтирсин», – дегин. Албатта, Биз золимларга деворлари уларни ўраб оладиган ўт-оловни тайёрлаб қўйганмиз. Агар ёрдам сўрасалар, эритилган маъдан каби юзларни қовурувчи сув билан «ёрдам» берилади. Нақадар ёмон ичимлик ва нақадар ёмон ҳузурланиш жойи!» (Каҳф сураси, 29-оят) оятини тиловат қилди».

Бу оятлар қарияга жуда қаттиқ таъсир қилди. Дарҳол қария мешни олиб келишларини буюрди. Олиб келинган мешни дарёга улоқтирди. Чолғу асбобини уриб синдирди. Кейин йигитга қараб: «Қутулиш йўли борми?», деб сўради.

Йигит: «Албатта бор», дея:

«(Менинг номимдан) айт: «Эй ўз жонларига исроф (жавр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир»

(Зумар сураси, 53-оят) оятини тиловат қилиб берди.

Отахон баланд овозда қичқирди ва ҳушидан кетиб, йиқилди. Қарашса, омонатни топшириб бўлган экан. Қайиқ Басрага яқинлашиб қолган эди. Қирғоқдаги одамлар отахон келаётган қайиқни кўриб, қувончдан қичқирдилар. Бироқ улар қайиқда бўлган воқеадан бехабар ҳолда отахонни кутиб олиш учун қирғоқда тўпланиб турган эдилар.

Чунки, қария қабиласи орасида таниқли эди. Отахонни вафот этганини билган одамлар дарҳол унинг уйига олиб кетишди. Кўп ўтмай жанозаси ўқилди. Мен бу даражада кўп одам иштирок этган жанозани кўрмаганман. 
Менга етиб келган хабарга кўра, ҳалиги қўшиқчи жория сочини турмаклаб, бошидан қалин ва катта рўмолни ташлаб олиб, кечалари ибодат билан машғул бўлиб, кундузлари рўза тутаётган экан. Шу тарзда 40 кун ибодат билан машғул бўлибди. Сўнг, кечаларнинг бирида мана бу оятни эшитиб қолибди:

 «Сен: «Ҳақ Роббингиз томонидандир. Бас, ким хоҳласа, иймон келтирсин, ким хоҳласа, куфр келтирсин», – дегин. Албатта, Биз золимларга деворлари уларни ўраб оладиган ўт-оловни тайёрлаб қўйганмиз. Агар ёрдам сўрасалар, эритилган маъдан каби юзларни қовурувчи сув билан «ёрдам» берилади. Нақадар ёмон ичимлик ва нақадар ёмон ҳузурланиш жойи!» (Каҳф сураси, 29-оят).

Эртаси куни тонгда у жорияни вафот этган ҳолда топишди».

Таржимон: Нозимжон Ҳошимжон
Муҳаррир: Хуршид Маъруф

Read 799 times

Мақолалар

Top