Мақолалар

Закий бола

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бухоро амирларидан бири шаҳарнинг обод кўчасида сайр қилиб юрса, қаршисидан китоб жилдини елкасига осган бир мактаб толиби чиқиб қолибди. Бола хушёр ва закий экан, дарров тавозеъ билан нотаниш кишига салом берибди. Амир алик олиб, боланинг қаердан келаётганини сўрабди.

– Мактабдан келаяпман, ҳазратим, – деб жавоб берибди бола.
– Халтангда нима бор?
– Қуръон китоби бор.
– Шундайми? Яхши. Қайси сурага келдинг?
– Фатҳ сурасига келганман, – ҳозиржавоблик билан дебди бола.
– Қани, китобни кўрай-чи, – дебди амир қўл чўзиб. Бола китобни олиб берибди. Амир варақлаб кўрса, китобнинг хатчўпи бошқа саҳифада турганмиш. «Бола мени алдабди-да, – деб ўйлабди амир. – Хатчўп Фатҳ сурасида эмас, бошқа жойда турибди. Бола ҳозирдан ёлғонга ўрганса, улғайганда ҳаммани алдайдиган бўлади. Менга рост сўзламадими, бошқаларга ҳам фақат ёлғон гапиради. Бунга устози айбдор, уларни бир жазолаб қўйиш керак эканда».

– Нега менга алдадинг, хатчўп бошқа жойда турибди-ку?! – дебди амир жаҳли чиқиб.
– Ҳазратим, бир қошиқ қонимдан кечинг, – дебди бола мулойимлик билан. – Устозим «Ким билан гаплашаётган бўлсанг, у одамга ёқадиган гап айтиш керак», деган эдилар. Кўринишингиздан сарой амалдорига ўхшайсиз. Амирлар, подшоҳу қўмондонлар улуғ ишларни, ҳарбий юришларни бошлашдан аввал Фатҳ сурасини ўқитишларини устозимдан эшитгандим. Шунинг учун сизни мамнун қилиш мақсадида Фатҳ сурасини ўқияпман, дегандим.

Бу гапдан амир очилиб, боланинг елкасига аста шапатилабди-да:
– Баракаллоҳ, муллабачча, бу гапинг жуда ўринли бўлди. Манави эса зукколигингнинг мукофоти, – дея ёнидан битта олтин танга олиб унга узатибди.
Бола эса тиллани олишга кўнмабди.
– Нега пулни олмаяпсан? – деб ҳайрон бўлибди амир.
– Ота-онам уришишади.
– Нега уришишади?
– «Қаердан олдинг?!.», деб. 
– «Подшоҳ берди», – дейсан...
– Бу гапга ишонишмайди.
– Нега ишонишмайди?
– «Подшо берса, бир дона эмас, бир лаган тилла берарди», дейишади.
Амир боланинг закийлигидан завқланиб кулибди ва унинг уйига бир лаган тилла юборибди.

«Қўҳна дунё ривоятлари»дан
«Ҳилол» журналининг 6(51) сонидан

 

Read 1023 times

Мақолалар

Top