Мақолалар

Сассиғидан фаришталар ҳам қочади

Эътибор берсангиз, жамиятимизда ёлғон гапиришни унчалик ҳам айб санамайдиганлар тоифаси кўпайиб қолган. Бошқаларни боплаб алдагани билан мақтанадиган кимсалар ҳар қадамда учрайди. Ҳатто бола отасини, ота боласини, эр хотинини, хотин эрини, яқин дўстлар бир-бирини алдаши янгилик бўлмай қолди. Наҳотки ҳаётда роль ўйнаш, бошқа қиёфага кириб одамларни ишонтириш кўпчилик учун фахрга айланган бўлса?!
Бир куни таксида кетарканмиз, ёнимда ўтирган ёш йигитнинг телефондаги суҳбати диққатимни тортди. Афтидан, у ўртоғи билан гаплашар, унга ҳозир ўзини вилоятда экани, агар пойтахтда бўлганида шу заҳоти ёнига етиб борган бўлишини сохта афсус билан айтарди. Ёлғонимни атрофдагилар эшитяпти деб ийманмасди ҳам. Хўш, алдов, ёлғон шунчалик енгил гуноҳми, бундай қилмишга индамай кўз юмиб юбораверса бўладими?
Ислом динида ёлғоннинг ҳукми оғирлигини кўпчилик билмайди.
Аллоҳ таоло Наҳл сурасида: «Ёлғонни фақат Аллоҳнинг оятларига имон келтирмайдиганларгина тўқирлар. Ана ўшалар – ўзлари ёлғончилардир», деган (105-оят).
Ушбу ояти каримадан маълум бўладики, Аллоҳга имон келтирмаганларда савоб, гуноҳ деган тушунча йўқлиги, ёлғон гапирса, гуноҳ бўлиши, у дунёда азобланишига ишонмагани учун ҳам улар ўйламасдан ёлғон тўқийверадилар. Мўминлар эса ёлғонни катта гуноҳ деб биладилар. Ёлғон гапириш туфайли охиратда азобга дучор бўлишларидан қўрқадилар.
Юқоридаги ҳолатларни эслайдиган бўлсак, ёлғончилик одати билан мусулмонлар куфрга яқинлашиб қолаётгани маълум бўлади. Бунга қуйидаги ҳадис ҳам далолат бўла олади. Имом Молик ривоят қилган ҳадиси шарифда Сафвон ибн Сулайм розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Мўмин қўрқоқ бўладими?” деб сўралди. “Ҳа”, дедилар. “Мўмин бахил бўладими?” деб сўралди. “Ҳа”, дедилар. “Мўмин ёлғончи бўладими?” деб сўралди. “Йўқ”, дедилар».
Ўтган йили танишлар даврасида бир дўстимиз телеграм канали очиб, уни оммалаштириш хусусида маслаҳат сўраб қолди. Маслаҳат берувчилар орасида ҳозирги кунда одамларнинг эътиборини тортиш осон эмаслиги, шунинг учун таъсирчан “пиар”лардан фойдаланиш, керак бўлса, ёлғон хабарлар тарқатиш орқали обуначиларини кўпайтириш лозимлигини айтганлар бўлди. Уқтиришларича, айни вазиятда кўпчилик ўзини турли қиёфаларга солиб, омма ичида танилаётганмиш. Ушбу фикрнинг исботи ўлароқ фалон-фалон машҳур телеграм каналларининг “пиар” усулларини мисол келтиришди.
Ҳа, ҳозир телеграм каналлари очиб, даромад топиш урфга айланди. Кузатишимизча, бу соҳада алдов, сохталик билан одамларни ишонтиришга уриниш авж олган. Улар мақтаётган маҳсулотлар ҳар қандай дардга даво, ҳар қандай мушкулотга чора эмиш. Шу йўл билан гўл одамларнинг пулини шилиб юраверишади. Албатта, нафсни устун қўйиш, дунё зийнатларига ортиқча берилиш кишини ёлғон ва бошқа гуноҳ ишлардан қайтмайдиган қилиб қўяди.
Исломда ёлғоннинг қаттиқ қораланишининг сабаби шуки, бу иллат нафақат ёлғончининг ўзига, балки бошқаларга ҳам зарар келтиради, жамиятда илдиз отиб, барча соҳани издан чиқаради.

Давоми бор...

"Ислом нури" газетасидан

Read 923 times

Мақолалар

Top