Мақолалар

Ғам-қайғули дамларда Расул алайҳиссалом қайси дуоларни ўқиганлар?

Инсон ҳаёти гоҳида шодлик, гоҳида ғамгин кунлар билан ўтади. Хурсандчилик онларида кишига бутун олам ёруғ ва яхшиликка тўла кўринади. Ғамгин дақиқаларда эса бунинг акси. Гўё дунё ғам-ташвишлардан иборатдек. Аммо мана шу синовлар банданинг иймонини мустаҳкамлайди, ахлоқини сайқаллайди.

Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларнинг энг қаттиқ синовга дучор бўладиганлари пайғамбарлардир, улардан кейин солиҳ зотлар, кейин уларга яқинлар, кейин уларга яқинлардир. Киши динига қараб имтиҳонга солинади, агар динида салобат бўлса, синови ҳам зиёда қилинади, агар динида енгиллик бўлса, синови ҳам енгил қилинади. Бандага синовлар келаверганидан, охир бориб ер юзида гуноҳи қолмаган ҳолда юрадиган бўлади”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қайғу-ғам келганда кўп дуо қилар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Қай бир банда ўзига ғам-ташвиш етганида: “Аллоҳумма инний ъабдука, ибну ъабдика, ибну аматика, насийатий бийадик, мазин фиййа ҳукмук, ъадлун фиййа қозоук, асалука бикулли исмин ҳува лака саммайта биҳи нафсака ав анзалтаҳу фи китабика ав ъалламтаҳу аҳадан мин холқика ав истасарта биҳи фий ъилмил ғойби ъиндака ан тажъалал Қуръана нуро содрий ва робийъа қолбий ва жилаа ҳузний ва заҳаба ҳаммий” деса, албатта Аллоҳ таоло унинг ғам-ташвиши ва маҳзунлигини кетказади ҳамда ўрнига шодликни алиштириб беради” (Ибн Сунний ривояти).

Маъноси: “Аллоҳим! Албатта, мен Сенинг қулингман, қулингнинг ўғлиман, чўрингнинг ўғлиман. Пешонам Қўлингда (яъни, мен Сенинг салтанатинг-ҳукминг остидаман). Ҳукминг менинг устимда жорийдир. Қазо (амр-ҳукминг) менинг устимда адолатдир. Сенинг учун бўлган ҳар бир исм билан Сендан сўрайман. У исм билан Ўзингни номлаган эдинг ёки Китобингда нозил қилган эдинг ёки уни бирон бандангга билдиргандинг ёки Ўз олдингдаги ғайб илмида олиб қўйган эдинг. Шу исмларнинг ҳаммаси билан сўрайман. Қуръонни қалбимнинг баҳори, кўнглимнинг нури, маҳзунлигимни кетказувчи ва ғам-ташвишимни аритгувчи қилгин”.

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маҳзунликда: “Лаа илаҳа иллаллоҳул аъзиймул ҳалийм. Лаа илаҳа иллаллоҳу Роббул аршил аъзийм. Лаа илаҳа иллаллоҳу Роббус самааваати ва Роббул арзи Роббул аршил карийм”, деб айтардилар.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни масжидга кирсалар, Абу Умома деган ансорий саҳоба ўтирган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Абу Умома, намоз вақтидан бошқа пайтда масжидда ўтирганинг боиси нима?” деб сўрадилар. “Ё Расулуллоҳ, мени ғам ва қарз шу аҳволга солиб қўйди”, дедилар. Шунда у зот алайҳиссалом: “Сенга бир дуони ўргатайми? Уларни айтиб юрсанг, Аллоҳ ғамингни кетказиб, қарзингдан халос этади. Агар тонг отса ва кеч кирса:

“Аллоҳумма инний аъузу бика минал ҳамми вал ҳазани ва аъузу бика минал ъажзи вал касали ва аъузу бика минал жубни вал бухли ва аъузу бика мин ғолабатид дайни ва қоҳрир рижал”ни айт деб буюрдилар”. Абу Умома розияллоҳу анҳу: “Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларига амал қилдим. Аллоҳ менинг ғам-ғуссамни кетказиб, қарздан халос этди”, дедилар” (Имом Абу Довуд ривояти).

Маъноси: Аллоҳим, Сенинг номинг ила ғам-ташвишдан, ожизлик ва дангасаликдан, қўрқоқлик ва бахилликдан, қарз эзиб қўйиши ва кишиларнинг қаҳридан паноҳ тилайман.

Бобур МУҲАММАД

Read 1544 times

Мақолалар

Top