Мақолалар

Инсонларни энг кўп жаннатга киритадиган амал

Аллоҳ таоло тақводорларга ҳақдан ботилни, яхшидан ёмонни ажратадиган, ҳидоят ва нур бериб қўяди. Улар ана ўша тўғри йўлдан юради. Шу боис уларнинг гуноҳлари мағфират қилинади. Бу катта бахтдир.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар! Ҳар ким эрталик кун учун нима қилганига назар солсин. Аллоҳга тақво қилинглар! Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир” (“Ҳашр” сураси, 18-оят). Ушбу ояти каримада бандаларни тақво қилишга буюрилмоқда.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур” (Талоқ сураси, 2-3 оят). Ким тақво ила Ҳақ таолонинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтса, икки дунё саодатига мушарраф бўлади.

Аллоҳ таоло тақводорларнинг мушкулини осон қилиш билан бирга, унга ўзи ўйламаган томондан ризқ етказади.

Аллоҳга тақво қилиш олий даражаларга етиштиради. Тақвога ҳусни хулқ қўшилса, янада улуғ иш бўлади. Зотан, улар бир-бирига чамбарчас боғланган.
Абу Зарр розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмонликка яхшиликни эргаштир. Бу уни ўчиради. Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил”, дедилар” (Имом Термизий ривояти). Мазкур ҳадиси шариф мўмин киши тутиши лозим бўлган учта улкан ишнинг биринчиси ўлароқ тақвони зикр қилмокда.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан инсонларни энг кўп жаннатга киритадиган нарса ҳақида сўрашди. У зот: “Аллоҳга тақво қилиш ва ҳусни ҳулқ”, дедилар (Имом Термизий ривояти)

Аллоҳ таоло тақводор бандаларини таърифлаб бундай марҳамат қилади: “Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик, ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Набийларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, йўл ўғилларига (кўчада қолганларга), тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса; аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга хосдир. Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир” (“Бақара” сураси, 177-оят).

Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ айтди: “Кундузларини рўза тутиб, кечаларини намоз ўқиб ўтказиб, бошқа пайт гуноҳни ҳам содир этиш Аллоҳга тақво қилиш эмас. Ҳақиқий тақво Аллоҳ ҳаром қилган нарсани тарк этиш, У Зот буюрган нарсани бажаришдир. Ким булардан ташқари яна бирор яхшиликка эришса, бу яхшилик устига яхшилик ҳисобланади” дедилар.

Аллоҳ таоло барчамизни ҳақиқий тақво соҳиби бўлиб яшашимиз ва охиратда Ўзининг жамолини кўриш бахти билан мукофатласин!

“Вақф” хайрия жамоат фонди
Сурхондарё вилояти филиали раҳбари
Абдусалом домла Фатуллаев
тайёрлади

Read 1195 times

Мақолалар

Top