Мақолалар

Руанда мусулмонлари

Руанда – Шарқий Африкадаги денгизга чиқиш имкони йўқ, тоғли рельефга эга мамлакат. Ушбу мусулмон жамияти вакиллари 1994 йилда жисмоний таҳдидга дуч келган ватандошларига энг сўнгги имконияти даражасида ёрдам кўрсатдилар.

Мусулмонларнинг ушбу фидойилиги мазкур Африка давлатида Исломга мойил инсонларнинг кескин кўпайишига сабаб бўлди.

Руанда муфтийси ёрдамчиси Шайх Солиҳ Нсхимимананинг айтишича, 1994 йилда юз берган даҳшатли жиноят – геноцидлардан бирида мусулмонлар ҳам жабр кўрган.

Қонли воқеалар юз берган вақтда мамлакат пойтахт шаҳри Кигалидаги Муаммар Қаззофий номидаги энг катта масжид ҳамда Ислом маданияти марказидан ҳимоя сўраб борган тутси халқи вакиллари билан бирга юзлаб мусулмонлар ҳам ўлдирилган эди.

Шунингдек, Шайх Солиҳ Нсхимимананинг таъкидлашича, 1994 йилги геноцидда давлат раҳбарлари мусулмонларга бегоналардек муносабатда бўлган. Мусулмонлар ҳам худди тутсиларга ўхшаб камситишга ва қирғинга учраган эди.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатдаги оммавий қонли қирғин пайтида мусулмонлар тутсиларни ҳимоясига олган, шунингдек, геноцид иштирокчиларининг қонли ҳаракатларини қўллаб-қувватламаган ҳутуларга ҳам ёрдам қўлини чўзган. “Мусулмонлар ватандошларини масжидларга, ўзларининг уйларига яширдилар ва ўзларининг ҳаётларини гаровга қўйиб ҳимоя қилдилар”, дейди Руанда муфтийси ёрдамчиси.

«Мусулмонлар қайси динга мансублигига қарамасдан, ҳаммани ҳимоя қилдилар, Бу осон бўлмади. Мусулмонлар геноцидга учраган насронийлар ва бошқа дин вакилларининг ҳимоясида маҳкам туришди. Буни бизга муқаддас китобимиз Қуръони карим ўргатган”, деб сўзини давом эттиради Нсхимимана.

“Қаззофий” масжиди жамоасининг 35 ёшли вакили Абдулкарим Мухизий ўша мудҳиш воқеаларни қуйидагича хотирлайди: “Руанда мусулмонлари ўшанда қаттиқ қийинчиликларга дучор бўлган эди. Масалан, мен ўша вақтда ёш бола бўлганман ва мени католик мазҳабини қабул қилишга мажбурламоқчи бўлишганди”. .

Авваллари Рамазон ва Қурбон ҳайитлари расмий байрам ҳисобланмаган. Ҳозирги ҳукумат қарори билан эса, исломий байрамлар дам олиш куни деб эълон қилинган.

Расмий статистикага кўра, ҳозир Руанда аҳолисининг тўрт ярим фоизи мусулмон. Бироқ муфтиятнинг маълумотига қараганда, 13.5 миллиондан иборат мамлакат аҳолисининг ҳар ўн нафаридан бири Ислом динига эътиқод қилади. Мамлакатда 500дан ортиқ масжид фаолият кўрсатади.

Дамин ЖУМАҚУЛ
тайёрлади.

Read 1048 times

Мақолалар

Top