Мақолалар

Куннинг барокати тонг билан

Эрта уйғонишда ҳикмат кўп. Мўмин киши тонгда туриб Аллоҳ таолодан куннинг хайрини, баракасини, яхшилигини сўраса, шубҳасиз, дуога кўтарилган қўллари қуруқ қайтмайди.

Абу Молик Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардан бирингиз тонг отганида ва сўнгра кеч кирганида бундай десин: “Биз ҳам, мулк ҳам оламлар Парвардигори Аллоҳники бўлган ҳолда тонг оттирдик. Эй Раббим, бу куннинг барча яхшисини, душманлар устидан ғалабани, нурини, баракасини, ҳидоятини сўрайман. Ва Сендан бу куннинг ва бу кундан кейингисининг ёмонлигидан паноҳ тилайман”, дедилар» (Абу Довуд ривояти).

Банда ушбу неъматнинг қадрига етиб, Аллоҳ таолодан тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, ризқ, барака ва бошқа кўплаб яхшиликларни сўраса, куннинг ёмонлигидан паноҳ тиласа, ана шу дуоларининг ижобатини топади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қиладилар: “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганида оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсин, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан” (Имом Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифда бахтли мўминнинг ҳолати акс этган. Тонгда тинчлик-омонликда, соғу саломатликда, оиласи бағрида уйғониш – катта неъмат. Шунинг билан бирга, бир кунга етгулик егулиги бўлса, у оила тўкисдир. Афсуски, ўткинчи дунёнинг ҳою-ҳавасларига ҳирс қўйиб, шукрни унутган, бойликнинг кетидан қувган кишилар атрофимизда кўплаб топилади. Улар мудом пулни пулга, молни молга урадилар. Аммо бу молу давлат қаёқдан келмоқда, деб, ҳеч ўйлаб кўрмайдилар. Алҳол, бир кун келиб ишлари ортга кетса, бошига ташвиш тушса, дарров Аллоҳни эслаб қоладилар. Зотан, бундай кишилар ўзларига зиён қилувчилардир. Шунинг учун ҳам банда бир бурда нонга қаноат қилиб, тонгда соғу саломат уйғонганини улкан давлат деб билиши, ато этилган неъматлар учун шукрни канда қилмаслиги лозим.

“Тафсири Ирфон”да бундай ёзилади: «“Шукр” сўзи аслида миннатдор бўлиш, раҳмат айтиш маъноларида бўлиб, неъматларни ёлғиз Аллоҳ таолодан деб билиш ва У рози бўладиган тарзда сарфлашни англатади. Аллоҳ таоло бандаларига беҳисоб неъматларни ато этиб қўйган. Ҳаммамиз энг афзал неъматлар ичидамиз. Нафасимизнинг кириб-чиқиб тургани, танамизнинг соғлиги, юртимизнинг тинчлиги, етарли озуғимиз ва кийим-кечагимизнинг борлиги, ҳаво ва сувнинг мавжудлиги, фарзандлар бериб қўйилгани – буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг улуғ инъомидир. У моддий ва маънавий неъматларни мукаммал бериб қўйган. Бунинг эвазига эса биздан фақат бир нарсани – ўзига итоат қилишимизни, неъматларига шукр айтишимизни талаб қилади, холос».

Демак, банда ўзини кўп неъматларга эгаман деб билиши керак. Бунинг учун ҳар қанча шукроналар қилсак ҳам оздир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга қарата бундай деб марҳамат қилганлар: “Сизлар қандай тонг оттирдиларингиз?”. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, биз Аллоҳга иймон келтирган ҳолатда тонг оттирдик”, дедилар. У зот: “Иймонингизни аломати нима?” дедилар. Саҳобалар: “Ё Расуллуллоҳ, иймоннинг аломати Аллоҳ таоло томонидан келадиган балоларга сабр қилиш, мўл-кўлчиликка шукр қилиш ва қазои кадарга рози бўлишдир”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ алайҳи ва саллам: “Ҳақиқатда сизлар чин мўминсизлар”, деб марҳамат қилди (Имом Табороний ривояти).

Хуллас, ҳар ким эрта тонгни уйғоқ ҳолда қарши олиб, куннинг яхшиликларига мушарраф бўлишимизни насиб этсин. Зотан, Аллоҳ таолонинг беҳисоб неъматларига шукр қилган, синовларга сабр қилиб, борчилигу йўқчиликка рози бўлган мўмин чин мўминдир.

Дилмурод СОДИҚОВ

Read 1278 times

Мақолалар

Top