Мақолалар

Илм машаққатли жараёнларни енгиб ўтишни осонлаштиради

Бугунги шиддатли ахборот асрида ёш авлод тарбиясига жиддий қараш зарурий эҳтиёжга айланди. Шундай экан, юртимизда ҳам муҳим ислоҳотлар олиб борилаётган бир пайтда, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонунда назарда тутилганидек, давр талабларига мос, ҳар томонлама баркамол, мустақил фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, замонавий технологияларни мукаммал ўзлаштирган, шижоатли ва иқтидорли ёшларни тарбиялаш энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади.

Бунда ёшларни илмга қизиқтириш, уларга тўғри йўналиш бериш, устозлар билан ишлашини ташкил қилиш, турли соҳаларга оид билимларини, айниқса, касб-ҳунар эгаллашга бўлган интилишини рағбатлантириб бориш ўқитувчи-мураббийлар олдидаги муҳим вазифадир.

Илм – билмоқ, ўқимоқ, танимоқ каби маъноларни билдиради. Истилоҳда эса илм деганда бир нарсани воқеликда қандай бўлса, шундай идрок қилиш тушунилади. Луқмони Ҳаким «Илм ўрган, зеро, фақир чоғингда у мол, бой вақтингда жамол – зийнат», дейди. Ўғлига шундай насиҳат қилади: «Эй ўғлим, сен олимлар билан ўтир. Уларнинг орасига кир. Чунки Аллоҳ таоло ерни осмон суви билан тирилтиргани каби, қалбларни ҳикмат нури билан тирилтиради».

Бугунги таълим жараёнида ёшларнинг илм ўрганиш йўлида нималарга аҳамият қаратишлари лозимлиги муҳим масала бўлиб қолмоқда. Ҳозирги ҳолатда ёшларнинг мактаб, лицей ёки олийгоҳда ўқишларидан қатъий назар илм йўлидаги барча саъйи-ҳаракатлари кўпроқ эргашувчан характерга эга бўлиб, асосан ўзидан катталарга тақлид қилишга асосланади.

Бу жараёнда таълим олувчи ёшлар онгига сингдиришимиз лозим бўлган ҳамда уларнинг ўзлари ҳам биринчи ўринда билиши ва мунтазам бажариши лозим бўлган вазифа – бу одоб. Маълумки, таълим ва тарбия жараёни бир-бири билан ўзаро боғлиқ бўлган жараён. Тарбияли, одобли талаба устозларини ҳурмат қилади ва бу нарса унинг илм олиш жараёнини енгиллаштиради. Бунга эътибор қилмаслик, илмга ва устозга нисбатан одобсизлик қилиш олинадиган билимларнинг натижа бермаслигига сабаб бўлади. Айтишларича, қадимда бир шайхдан дарс олиш даражасига етиш учун муридлар уч йил одоб дарсини ўрганган ва бунга амал қилганлар.

Ҳозирги глобаллашув шароитида оммавий маданият ва бошқа таъсирлар натижасида устозларга эҳтиром камайиб боряпти ва бу ўз навбатида таълим жараёни сифатига таъсир қилмоқда. Ҳатто бугунги Ғарб педагогикасида ҳам таълим жараёнида талабанинг мустақил таълим олишига катта эътибор қаратилган ҳолда, таълим берувчи устозларнинг ролини пасайтириш тендецияси устунлик қилмоқда. Талаба онгига “Барчасига ўзинг эришишинг лозим. Маълумот олишингда ҳеч қандай қийинчилик йўқ - китоблар ва интернет тармоғидан хоҳлаган маълумотингни топа оласан” каби ғоялар сингдирилмоқда. Бу ҳолат устоз-шогирд анъаналарининг узилишига, таълим олувчиларнинг муаммоларга дуч келишига, маълум бир жараённи қийинчилик билан босиб ўтилишига сабаб бўляпти.

Шу маънода илм ҳаракатида бўлган ёшларга қуйидаги тавсияларни билдиришни лозим деб топдик:

Аввало, ўқувчи ёки талабада илм олишга истакнинг бўлиши, оиласига, жамиятга, халққа фойдаси тегадиган инсон бўлишни орзу қилиши, илмдан мақсади бойлик тўплашдан иборат бўлмаслиги лозим. Улар қалбини ёмон хулқлардан ва ёмон сифатлардан тозалаб, жирканч хулқлар ва разил сифатлардан узоқда бўлиши керак. Кўнгилочар машғулотларни тарк этиб, интернетдан фойдаланишда меъёрни билиш ёшларга фақат наф келтиради. Чунки инсон ўзини тўлиқ илмга бағишламагунча, илм унга ўз сирларини очмайди.

Кўпинча илм остонасига кириб келган талаба турли масалаларда олимлар ва одамларнинг ихтилофларига гувоҳ бўлади. Улар бунга аҳамият бермаслиги керак. Чунки бу ихтилофлар талабанинг ақлини олади, умидсизликка туширади, зеҳнини пасайтиради.

Шунингдек, илм ўрганаман деган ёшлар ўз соҳаси бўйича жуда катта ҳажмдаги маълумотларни ўзлаштиришдан эринмаслиги керак. Тушуниш қийин бўлган ҳар бир нарса кишида янги билим ва тушунчаларни шакллантиради.

Илм олиш игна билан қудуқ қазишга қиёс қилинади. Албатта, бу машаққатли жараён. Мунтазам равишда ва тартибли илм олиш талабада маълум кўникмаларни ҳосил қилади, машаққатли жараёнларни енгиб ўтишини осонлаштиради.

Алишер ЭРНАЗАРОВ,

СамИСИ ахборот технологиялари кафедраси мудири, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори.

Жаҳонгирхон АБРОРОВ, СамИСИ талабаси.

 

Read 1075 times

Мақолалар

Top