Мақолалар

Аёлларга ибрат бўлган Фотима Самарқандия

Динимизда аёлларнинг илм-маърифатли бўлишига катта эътибор берилган. Тарихимизга назар солсак, илм-фан ва маданият тараққиётида беқиёс ҳисса қўшган Нодирабегим, Увайсий ва илм-фан ҳомийси бўлган Бибихоним каби жуда кўп маърифатпарвар олималар ўтишган. Ана шундай олима аёлларимиздан яна бири Фотима бинти Муҳаммад Самарқандиядир. Олиманинг туғилган ва вафот йиллари тарихи маълум эмас.

Фотима Самарқандия – буюк фақиҳ Алоуддин Самарқадий (ваф.1144)нинг қизи ва машҳур ҳанафий фақиҳи Абу Бакр Косоний (ваф. 587/1191)нинг турмуш ўртоғидир. Олима таълимни асосан отасидан олган. Самарқандийнинг ислом ҳуқуқига оид “Тухфатул-фуқаҳо” ва Қуръон тафсирига оид “Шарҳу Таъвилоту аҳлис-сунна” каби асарларини ёддан билган. Шунингдек, ўз замонасининг зарурий барча билим ва санъатларини эгаллаган[1].

Абдулҳай Лакнавий ўзининг “Фавоидул баҳийя” асарида: “Фотима Самарқандия машҳур олима, фақиҳадир. Фиқҳ (ислом ҳуқуқи)ни отасидан ўрганган, унинг “Туҳфа”сини ёддан билган!” дея таърифлайди.

Манбаларда олима кўпгина асарлар ёзгани айтилса-да, биргина фиқҳ илмига оид “Мажмаъул-фавоид ли жамъил-авоид шарҳ туҳфатил-мулук” (“Подшоҳлар туҳфаси асарига фойдалар жамланмаси номли тўлдириш”) асаридан бошқасининг номи зикр этилмаган”[2].

Фотиманинг турмуш ўртоғи Абу Бакр Косоний ҳам отаси Алоуддин Самарқандийнинг шогирдидир. Косонийнинг Фотимага уйланиши ҳам бир ибратли воқеа бўлган. У Алоуддин Самарқандийнинг “Туҳфату-л-фуқаҳо” асарига “Бадоиъ ас-саноиъ фи тартиб аш-шароиъ” номли ўн жилдлик йирик шарҳ ёзиб, устозига тақдим этганида асар ҳам мазмунан, ҳам услуб жиҳатидан мукаммаллигини кўриб, қизи Фотимани унга никоҳлаб беради ва қизнинг маҳрига эса “Бадоиъ” қўйилади. Бунгача қизнинг юксак илмий савияси, ақл-заковати ва ҳусни жамоли сабаб бир қанча обрўли хонадонлар, жумладан, ҳукмдор Салжуқий шаҳзодалардан ҳам совчилар келганида Алоуддин Самарқандий барчасига рад жавобини берган эди. Тўйдан кейин халқ орасида “شَرَحَ تحْفَتَهُ وتَزَوَجَ اِبْنَتَهُ” яъни “устозининг “Туҳфаси”ни шарҳлаб, қизига уйланиб олди” деган гап машҳур бўлиб кетди.

Фотима Самарқандия моҳир хаттот ҳам бўлиб, оилавий ҳайъатдан чиқадиган фатволарни шахсан ўзи оқга кўчирган, шунингдек, ўз муҳрини ҳам қўйар эди. Сабаби унинг фиқҳ, тафсир, ҳадис ва ақида илмлари олимаси бўлгани учун фатво бериш ваколатига эга бўлган. Янги оила қурилганидан сўнг ҳудудда Алоуддин Самарқандий, Абу Бакр Косоний ва Фотима Самарқандиялар номидан муштарак фатволар чиқадиган бўлди.

Абу Бакр Косоний 1146 йил “Зангийлар” давлати пойтахти Ҳалаб ўлкаси (ҳозирги Сурия ҳудуди)га элчи қилиб жўнатилган. Ўн йиллаб ўтиб Косоний ўз юрти Мовароуннаҳрга қайтмоқчи бўлганида, Султон Нуриддин ибн Маҳмуд Ҳалабда қолишни илтимос қилади. Косоний юртга қайтишни умр йўлдоши истаётгани ва унинг раъйини қайтара олмаслигини маълум қилади. Шунда султон Фотимага Ҳалабда қолиш илтимоси маъносида хат юборади. Бироқ номани олиб келган эркак киши бўлгани учун, олима уни қабул қилмайди. Унинг тақвосига қоийл қолиб, ҳукмдор аёл чопарни юборади ва Фотима илтимосни қабул қилади. Шу билан улар Ҳалабда яшаб қолишди.

Манбалар Абу Бакр Косоний турмуш ўртоғини кўп қадрлагани, эҳтиром қилганини таъкидлайди. Ҳалаб тарихчиси Камолиддин ибн Адим айтади: “Менинг отам бу аёлни (Абу Ҳанифа) мазҳабини мукаммал билишини, кўп маротаба умр йўлдоши – Косонийнинг жавобларидаги йўл қўйилган камчиликларини кўрсатиб берганини, Косоний ҳам унинг маслаҳатларини мамнуят билан қабул қилганини ҳикоя қилиб берган”. Шунингдек, Косоний Фотима Самарқайдия вафот этганидан сўнг қабрини ҳар жума оқшоми зиёрат қилишни тарк қилмаган[3].

Фотима Самарқайдия 1187 йил Ҳалабда вафот этди ва шаҳар ташқарисидаги Мақоми Иброҳим Халил мақбарасига дафн этилди. Кейинроқ турмуш ортиғи ҳам (1191 йил ваот этганда) ушбу жойга дафн этилиши билан қабристон “Эр ва хотин қабристони” деб номланган.

Фотима Самарқандия оилавий ишлардан ташқари илм, дарс бериш билан мунтазам шуғулланган. Тарихчи олима Зайнаб Фаввозни хабар беришича, Фотима Самарқандиянинг Ҳалабда алоҳида дарс мажлиси бўлган, унда жуда кўп толиби илмлар иштирок этган ва бир неча мўътабар манбалар бўйича ижозалар олишган. Фотима Самарқандия турмуш ўртоғи раҳбарлигидаги Ҳалавия мадрасасига доим ҳомийлик қилган. Бу ҳақда Ҳофиз Қураший ривоят қилишича, Фотима ўзининг тилла тақинчоқларини сотиб, пулини мударрис ва талабаларга тарқатиб берган. Рамазон ойи давомида уларга ифторлик дастурхонини уюштириб берган. Шундан кейин хозиргача ҳомийлар томонидан мадрасада ифторлик дастурхони ёзиш анъана бўлиб қолган. Шунингдек, Рамазон ойидаги махсус ҳадяларни мадраса устоз ва талабаларига беришни ҳам биринчи бўлиб Фотима Самарқайдия жорий қилган[4].

Хулоса қилиб айтганда, Абу Бакр Косоний ва Фотима Самарқандиялар ҳаёти илмга хизмат ва юксак инсоний фазилатлар намунасидир. Ёшларни, умуман хотин-қизларни илмли бўлишига катта эътибор берилаётган ҳозирда бугунги кунда айнан Фотима Самарқандия каби олималаримиз ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, олиманинг ҳаётидаги оилани қадрлаш каби юксак фазилатлар ҳам аёл-қизлар тарбиясида муҳим жиҳатлардан ҳисобланади. Зеро, келажак авлоднинг комил, етук бўлиши уларнинг тарбиялайдиган оналарнинг ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлишига боғлиқ.

Собиржон домла РУСТАМОВ

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани
бош имом-хатиби

 

[1] Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий Ҳиндий. Ал-Фавоид ал-баҳия фи тарожимил-ҳанафия. – Қоҳира: Матбаъа ас-саъада, 1332/1914. – Б. 158.

[2] Зайнаб Фаввоз. Ад-Дуррул-мансур фи табақот рабботил-хузур. – Қоҳира: Матбаатул-кубро ал-амирия, 1996. –  Б. 54.

[3] Ибн ал-Адим. Буғятут-талаб фи тарихи Ҳалаб. – Ж. X. – Б. 42.

[4] Абдулқодир ибн Абулвафо Қураший. Жавоҳиру-л-музийя фи табақоти-л--ҳанафийя. – Карачи: Мир Муҳаммад кутубхонаси. – Ж. 2. – Б. 244; – Ж. 2. – Б. 25.

Read 1342 times

Мақолалар

Top