Мақолалар

Аллоҳнинг муҳаббати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фақир банданинг Аллоҳ таолога илтижо қилиб: «Эй Роббим, фарзандларим кўплигини Ўзинг биласан. Қийналиб қолдим, ризқимизни етказ» дейиши ажабланарли эмас. Бундан ҳам ҳайратга соладигани бой одамнинг Аллоҳ таолога илтижо қилиб, У Зотга қуллигини ва муҳаббатини изҳор қилишидир.
Энг олий мисол Аллоҳникидир.

Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: «Эй одам боласи, сен Менга дуо қилдинг ва Мендан умид қилдинг. Мен эса сени гуноҳингга аҳамият бермасдан кечириб юбордим. Эй одам боласи, агар гуноҳларинг осмон булутича бўлса ҳам, Менга истиғфор айтсанг, гуноҳингни кечирдим. Эй одам боласи, агар Менга ер тўлалигича хатолар билан келиб, сўнгра Менга бирор нарсани ширк келтирмасдан йўлиқсанг, ернинг тўлалигича мағфират билан бораман», деб айтади

Катта гуноҳлардан бири бу: «Гуноҳим Аллоҳнинг афвидан каттароқдир» деб ўйлаш ва гапиришдир. Чунки, Аллоҳнинг афв-мағфирати буюкдир ва кенгдир. Роббимиз Роҳман, Роҳийм бўлган Зотдир. У Зот Қуръони Каримда:

«…Роббингиз Ўз зиммасига раҳматни ёзди…» (Анъом сураси, 54-оят)
деб марҳамат қилган.

Роббимиз бизни Ўз динига ҳидоят қилиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни бизга улуғ Пайғамбар қилиб юбориши Унинг бизга кўрсатган улуғ марҳаматларидандир.
Муҳаббат изҳори биринчи ким томонидан бўлади, банда томониданми ёки Роббул оламийн томониданми?
Аллоҳнинг бизга бўлган муҳаббати аввал бошланади ва у муҳаббат бизникидан устундир. 
Чунки, У Зот бизни йўқдан бор қилиб яратди, бу эса Роббимизнинг бизга бўлган муҳаббатининг белгисидир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

«У сизларни бундан олдин ва бу(Қуръон)да «мусулмонлар» деб номлади. Токи Расул сизларга гувоҳ бўлсин, сизлар эса одамларга гувоҳ бўлинглар». (Ҳаж сураси, 78-оят).

Бу Роббимизнинг бизга бўлган муҳаббатининг белгисидир.

У Зот Қуръони Каримда яна шундай марҳамат қилган:

  

«…Ва сизга бу динда ҳеч қандай танглик қилмади...» (Ҳаж сураси, 78-оят).

Бу ҳам Роббимизнинг бизга муҳаббати белгисидир.

Икки ишдан бирини танлашда агар гуноҳ бўлмаса, енгилроғини танлайдиган Пайғамбарни юбориши ҳам Роббимизнинг бизга бўлган муҳаббатининг белгисидир.

Қуръонни Ўзи сақлашини ваъда қилиши, динимизни мукаммал қилиб, неъматини тўкис қилиб, биз учун Исломнинг дин бўлишига рози бўлиши ҳам Роббимизнинг бизга бўлган муҳаббатининг белгисидир. 

У Зот булар ҳақида шундай марҳамат қилган:

 «Албатта, Зикрни Биз нозил қилдик ва албатта, Биз унга муҳофазачимиз» (Ҳижр сураси, 9-оят).

«…Бу кун сизга динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни тўкис қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим...» (Моида сураси, 3-оят).

Буларнинг барчаси Роббимизнинг бизга бўлган муҳаббати изҳоридир.

Хўш, энди биз банда бўлиб, Роббимизга бўлган муҳаббатимизни қандай изҳор қила олдик?!
Бир аъробий саждага бош қўйиб: «Эй Роббим, мен ўзимни қандай осий ва ожизлигимни биламан ва шу билан бирга Сенинг нақадар марҳаматли, нақадар кечирувчи Зотлигингни ҳам биламан. Мен тўхтовсиз гуноҳлар қилувчи қулман, Сен эса тўхтовсиз гуноҳларни кечирувчи Роббимсан. Менга фазлингдан ато қилгин, менга адлинг ила муомала қилмагин! Сен меҳрибонларнинг энг меҳрибони бўлган Зотсан» дея дуо қилди.

Аъробийнинг Робби таолога муҳаббатини қандай изҳор қилишини кўринг.

Ҳар бир ота-онанинг фарзандига меҳрибонлиги, раҳм-шафқати қай даражада эканлиги ҳеч биримизга сир эмас. Энди оламлар Роббининг бандаларига меҳрибонлиги ҳақида нима деб ўйлайсиз?!

Ҳар куни Ер Аллоҳ таолога нидо қилиб: «Эй Роббим, менга Одам болаларини ютиб юборишимга рухсат бер, чунки, улар Сен берган ризқни еб, Сенга шукр қилмадилар» дейди. 

Денгизлар айтади: «Эй Роббим, менга Одам болаларини ғарқ қилиб юборишимга рухсат бер, чунки, улар Сен берган ризқни еб, Сенга шукр қилмадилар». 

Тоғлар айтади: «Эй Роббим, менга рухсат бер, Одам болалари устига қулаб тушай, чунки, улар Сен берган ризқни еб, Сенга шукр қилмадилар».

Осмонлар: «Эй Роббим, менга рухсат бер, Одам болаларининг устига парчаларим тушиб, уларни босиб қолсин, чунки, улар Сен берган ризқни еб, Сенга шукр қилмадилар» деб айтади.

Аллоҳ таоло махлуқларига қараб: «Эй Мен яратган махлуқлар, уларни (Одам болаларини) сизлар яратганмисизлар?» деди.

Махлуқлар: «Йўқ, эй Роббимиз» дейишди.

Шунда Аллоҳ таоло: «Агар уларни (Одам болаларини) яратганингизда уларга раҳм қилган бўлар эдингиз. Бандаларимни Ўзимга қўйиб беринглар. Агар улар менга тавба қилсалар, Мен уларни яхши кўраман. Агар тавба қилмасалар, уларга тавба қилиш йўлини кўрсатаман. Мен уларга онанинг ўз фарзандига меҳрибонлигидан-да, меҳрибонроқман. Агар Менинг ҳузуримга бандаларим тавба қилган ҳолда келсалар, Мен узоқдан уларни «Марҳабо, эй тавба қилувчилар!» деб кутиб оламан. Агар Мендан юз ўгириб, гуноҳ сари кетсалар, яқиндан уларга: «Қаерга кетяпсизлар? Мендан бошқа Робб топдингларми ёки Мендан кўра раҳмлироқ, меҳрибонроқ зот топдингларми?» деб айтаман» дея марҳамат қилди.

Мана бу Роббимизнинг биз бандаларига бўлган муҳаббатидир.

Аллоҳ таоло бандаларини яхши кўрувчи Зотдир. У Ғофур, Вадуддир. У фақатгина Ғофур эмас, балки У Вадуд ҳамдир, яъни бандаларининг гуноҳини кечириб, уларни яхши ҳам кўради.

Буни қуйидаги оятдан билиб олишимиз мумкин:

«Магар ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур. Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (Фурқон сураси, 70-оят).

Аллоҳ таоло тавба қилувчиларни яхши кўради.

Аллоҳ таоло биз бандаларидан нимани хоҳлайди? Уни Бир ва Бор деб, чин ихлосу муҳаббат билан ибодат қилишимизни, чин иймонли бўлишимизни ва Ўзининг шариати бўйича ҳукм қилишимизни истайди.

Агар биз динимизга гўзал амал қилсак, салафи солиҳларимиз каби азиз бўламиз.

Шарқшунослардан бири Андалусия ҳақида шундай деган: «Сизлар Аллоҳнинг ҳукмларини татбиқ қилувчи ўринбосарлар бўлган пайтингизда бу ерларда ҳукмронлик қилдингиз. Унинг шариатига амал қилишда сусткашликка йўл қўйганингизда бу ерлардан кетдингиз».

Аллоҳ таоло барчамизни динимизга ихлос билан тўла амал қилувчи бандаларидан қилсин! У Зот барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин, гуноҳларимизни мағфират айлаб, хотимамизни чиройли қилсин!

Доктор Умар Абдулкафийнинг видеосуҳбатларидан
Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

 

 

Read 2647 times

Мақолалар

Top