Мақолалар

Вақтингизга барака киришини истайсизми?

Вақтига барака киришини истаган ҳар бир инсонга тавсия:
Биринчи бўлиб, Аллоҳ таолонинг сизнинг устингиздаги ҳақлари борасида фикр юритинг.

Аллоҳ таоло сизнинг вақтингизга барака ато қилишини истасангиз, беш вақт намозни ўз вақтида адо этинг. Муаззиннинг азонини эшитган заҳотингиз нима иш қилаётган бўлсангиз ҳам, ишингизни тўхтатиб, намозга ҳозирлик кўринг.
Баъзилар азон айтилгандан кейин бир соат вақт ўтса ҳам, намозни адо этиш хаёлига келмайди. Яна баъзилар эса, Аллоҳнинг фазли билан намозни масжидда кутиб ўтирадилар.

Банда то Аллоҳ таолонинг энг улуғ фарзи бўлган намозни ўз вақтида адо этмас экан, Аллоҳ таоло ҳам унинг вақтига барака бермайди. Умрига, ҳаётига, вақтига барака берилишини истаган ҳар бир мусулмон, энг аввало, беш вақт намозни ўз вақтида адо этишга эътиборини қаратиши лозим.
Агар сиз намозни ўз вақтида адо этиб борсангиз, ишонинг, барча вақтларингизга барака кирганини сезасиз.

Ва яна уламолар вақтга барака киришининг бир қанча сабабларини келтиришган. Жумладан:
Аллоҳ таолонинг тоатида бардавом бўлиш, тақвони маҳкам ушлаб, гуноҳлардан узоқ юриш. Ҳеч шубҳа йўқки, Аллоҳ таолонинг тоатида, У Зотга тақво қилишда бардавом бўлиш, гуноҳлардан узоқ бўлиш барча яхшиликни жалб қилувчи ва барча ёмонликни даф қилувчи муҳим сабабдир.
Қуръони Карим тиловатида бардавом бўлиш.

Имом Муслим роҳимаҳуллоҳ Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Бақара сурасининг фазилати ҳақида айтган ушбу муборак ҳадисларини ривоят қилганлар: «Албатта, уни (Бақара сурасини) ушлаш баракадир».
Ҳанафий мазҳабининг забардаст уламоларидан Мулла Алий Қорий роҳимаҳуллоҳ шу ҳадиснинг шарҳида бундай деганлар: «Унинг (Бақаранинг) тиловатида бардавом бўлиш, маънолари борасида тадаббур қилиш ва ундаги оятларга амал қилиш баракадир, яъни улкан фойдадир».

Дуода астойдил бўлиш. Аллоҳ таолодан вақтига барака беришини сўраш ҳар бир мўминнинг мунтазам қиладиган дуолари қаторида бўлиши керак.
Вақтни фойдасиз нарсалар билан ўтказмаслик, уни зое қилмаслик. Бунинг учун Аллоҳ таолодан ёрдам сўраб, кун, ҳафта, ой давомида қилинадиган ишларнинг режасини тузиб олиш керак ва имкон қадар ушбу режага риоя қилиш керак.

Одамларга аралашиш, овқатланиш, ҳозирги замонавий жиҳозлардан фойдаланиш ва ухлаш каби ишларга вақтни кам сарфлаш. Баъзан овқатланишга, одамлар билан бўлар-бўлмас нарсаларни гаплашишга, ойнаи жаҳон қаршисида ўтиришга ҳамда интернетда ёки ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда соатлаб вақт сарфлаймиз. Бу эса вақтимизни ўғирлайдиган, унинг баракасини йўқотадиган ишлардандир.

Аллоҳ таоло вақтнинг баракасини ўчирадиган ишлардан тийилиб, вақтга барака киришига сабаб бўладиган амалларни бажариб боришимизни насиб этсин ҳамда У Зот барчамизнинг вақтимизга барака ато қилсин!

Муҳаммад Мухтор Шинқитий ҳафизаҳуллоҳнинг илмий суҳбатлари ва интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 1508 times

Мақолалар

Top