Мақолалар

Ҳақиқий таваккул қандай бўлади?

Аллоҳ таоло айтади: “Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга Етарлидир. Албатта, Аллоҳ Ўзи (хоҳлаган) ишига Етувчидир. Дарҳақиқат, Аллоҳ барча нарса учун миқдор-ўлчов қилиб қўйгандир” (Талоқ, 3).

Ғаззолий таваккулни: “Қалбнинг Ёлғиз Вакил – Аллоҳга суянишидан иборатдир”, деб тушунтирган.

Аллома Муновий эса: “Таваккул банданинг ожиз эканини изҳор қилиб, таваккул қилинадиган Зотга ишонишидир”, деган. Тасаввуф аҳлининг наздида таваккул “одамлар қўлидаги нарсага суянмасдан, фақат Аллоҳ даргоҳидаги нарсага ишониш”дир.

Мулла Али Қори Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилишни қуйидагича тушунтиради: “Таваккул борлиқда Аллоҳдан бошқа амалга оширувчи зот йўқ экани, яратиш ва ризқ бериш, ато қилиш ва ман этиш, зарар ва фойда, камбағаллик ва бойлик, касаллик ва саломатлик, ўлим ва ҳаёт ҳамда бошқа барча нарсалар Аллоҳ таолодан эканига ҳеч шубҳасиз аниқ ишонишдир” (“Мирқотул мафотийҳ”).

Таваккул қалб ишидир. Унда қалб бутунлай Аллоҳга топширилади. Ишларнинг оқибати У Зотга ҳавола қилинади. Айниқса, ризқ топишда таваккулнинг аҳамияти беқиёсдир. Ризқ талабидаги таваккул “ризқни фақат Аллоҳ беришига аниқ ишонган ҳолда ўша ризқ келадиган сабабларни ҳаракатга келтириш”дир.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилганларингизда эди, худди қорни оч ҳолда кетиб, тўйган ҳолда қайтиб келадиган қуш каби ризқлантирилган бўлар эдингиз!” (Термизий, Насоий, имом Аҳмад, Ҳоким, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган. Абу Исо Термизий: “Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳдир”, деган).

Ҳадиснинг яна бир диққатга молик жиҳати бор. Бу ҳам бўлса, таваккул ва ҳаракат масаласидир. Аслида касб инсонни ризқлантирмайди, Аллоҳ ризқлантиради. Аммо таваккул ва ҳаракат бирлашсагина кўзланган мақсад ҳосил бўлади. Зеро, ҳадисда бизлар учун мисол қилиб келтирилаётган қуш ҳам ҳаракат ва интилиш билан қорин тўйғазади.

Шу маънода Имом Аҳмад айтади: “Ушбу ҳадис касбни тарк қилишга эмас, балки ризқ талабида ҳаракат қилишга тарғиб қилади. Агар бандалар ҳар бир ҳолатда – юрганда, турганда ва бошқа тасарруфларида Аллоҳга таваккул қилиб, барча яхшилик фақат У Зотнинг қўлида эканини билганларида эди, худди қушлар каби саломат ҳолда ризқлантирилган ҳолда қайтган бўлар эдилар. Аммо инсоннинг ўз заҳираси ва касбига суяниши таваккулга зид эмас”.

Абу Бакр ал-Варроқ айтади: Аллоҳ бандалари ризқини таъминлаб қўйган. Энди бандалари ҳам Аллоҳга таваккулни таъмин этишлари лозим”.

Шайх Абу Ҳомид шундай деган: “Кишилар таваккулни бадан билан касбни ва қалб билан тадбир қилишни тарк қилиб, худди отиб юборилган эски латтага ўхшаб ерга ётиб олиш, деб ўйлашлари мумкин. Бу жоҳилларнинг фикридир! Бу шариатга хилофдир. Шариатда таваккул қилувчилар мақталади. Энди Шариат қайтарган нарсадан қайтмай туриб, қандай қилиб юксак мақомга эришиш мумкин? Балки ҳақиқат шуки, банданинг қалби билан қилган таваккулининг таъсири унинг мақсадга эришишдаги ҳаракати, интилиши ва амалларида кўринади”.

Имом Абулқосим Қушайрий айтади: “Билгинки, таваккулнинг ўрни қалбдир. Бас, банда ризқ Аллоҳдан эканини билганидан сўнг қалби билан таваккул қилгач, бадани билан ҳаракат қилиши бир-бирига қарши эмас. Агар бирон нарса қийинлашса, бас, Аллоҳнинг тақдири биландир. Агар бирон нарса енгиллашса, У Зотнинг енгиллатиши биландир”.

Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Туямни боғлаб таваккул қилайми ёки қўйиб юбориб сўнг таваккул қилайми?” деб сўраганида, у зот алайҳиссалом: “Уни боғлагин-да, сўнг таваккул қилгин!” деб айтганлар (Шу маънодаги ҳадисни Ибн Ҳиббон, Ҳоким ва Қузоъийлар ривоят қилишган).

Ибн Абу Дунё айтади: “Менга баъзи ҳакимларнинг шундай деганлари етиб келди: таваккул уч даражага бўлинади. Биринчиси – шикоятни тарк этиш. Иккинчиси – розилик. Учинчиси муҳаббатдир. Шикоятни тарк этиш сабр даражаси. Розилик Аллоҳ тақсим қилган ризқ билан қалбнинг сокин бўлишидир. Бу аввалгисидан кўра юқорироқ даражага эга. Муҳаббат эса Аллоҳ ўзига нисбатан қилган тадбири туфайли У Зотни яхши кўришдир. Биринчи даража зоҳидларники ва иккинчиси содиқларникидир. Учинчиси пайғамбарларнинг даражасидир”.

Мўмин банда ризқ талабида, тирикчилик йўлида бор имкониятларни ишга солиб, Ёлғиз Аллоҳга таваккул қилган ҳолда жидду жаҳд қилиши лозим. Аммо шуни билсинки, у фақат ҳаракат қилгани ва интилгани учунгина ризқланаётгани йўқ. Чунончи, ризқ Аллоҳ таоло тарафидан келишини унутмасин!

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Read 2025 times

Мақолалар

Top