Мақолалар

  Ҳавз олдида мен билан учрашгунча...

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишини мусулмонларнинг бир ишига бош қилиб қўйдилар. Шунда ансорлардан бири туриб деди:
– Эй Аллоҳнинг расули! Фалончини амалга қўйганингиз каби мени ҳам бирор амалга қўйинг! Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам дедилар:
– Сизлар мен ўтгандан кейин «фақат ўзини ўйлаш»га йўлиқасиз. Ҳавз олдида мен билан учрашгунча сабр қилинглар!
Олдинроқ ўқиган эдим,  Бишр Ҳофий роҳимаҳуллоҳ бир киши билан кетаётган эди. У киши чанқади ва Бишрга деди:
– Кел, мана шу қудуқдан сув ичайлик.
Бишр деди:
– Сабр қил! Бошқа қудуққа борамиз.

Нариги қудуққа боришганда Бишр яна аввалги гапини айтди. Шундай қилиб, токи кўзлаган манзилларига етиб боришгунча Бишр уни сабрга ундаб борди. Сўнг унга қараб: «Дунёни мана шундай қилиб сабр билан босиб ўтасан», деди.

«Ҳавз олдида мен билан учрашгунча сабр қилинглар!» деган жумла эҳтимол башарият тарихида кишиларни саботга ундаган энг балоғатли жумла бўлса ажаб эмас. Буни доимо кўз ўнгимизда тутмоғимиз лозим.

Маъсиятга юз бурганимизда уни тааммул қилайлик. Дунёни сабр билан босиб ўтишимиз ҳақида фикрлайлик. Кунлар ўзининг ширини ва аччиғи билан ўтаверади. Дунёда фақат савобнинг ажри ва гуноҳнинг касофати қолади.

Иқтисодий аҳволингиз танг бўлса, атрофингизда кишилар порахўрлик қилишса, сиз қўлингизда динингиз чўғини маҳкам тутинг. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ҳавз олдида мен билан учрашгунча сабр қилинглар!» деган насиҳатларини эсланг!

Бошингизга беморлик тушса, беморларнинг ризо мақомида туриб тортган ҳар бир оҳи зокирлар зикридан қолишмаслигини эсланг. Бу кунлар ўтиб кетади. Гўё Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сизга: «Ҳавз олдида мен билан учрашгунча сабр қилинглар», деганларини ўйланг!

Яқинларингиз зулм қилса, севганларингиз ташлаб кетса, бўҳтонлар ёғдиришса, суюкли Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қилинган бўҳтонларни, зулмларни эсланг. Биз ким бўлибмизки, инсонлардан саломат бўлсак?! Майли, мазлум бўлинг, лекин золим бўлманг. Майли, бўҳтонларга қолинг, лекин бўҳтон қилманг. Дунё танг бўлганда Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ҳавз олдида мен билан учрашгунча сабр қилинглар», деганларини эсланг!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

 

Read 1363 times

Мақолалар

Top