Мақолалар

Охират кунига иймон

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом охират кунига иймон келтиришни ҳам иймондаги рукн масалаларидан қилган. Иймон келтириш лозим бўлган нарсалар ичида бу масалага алоҳида эътибор берилади. Нима учун бундай қилинганини бугунги кунда яхши тушуниб турибмиз.

Охират кунига иймон бўлмаса ёки мазкур кунга иймон заиф бўлса, инсониятнинг таназзулга юз тутишини тажриба кўрсатди. Охират кунида ҳамма одамлар қайта тирилишига, бу дунёда қилган амалларининг зарра-заррасигача мукофот ёки жазо олишига иймони йўқ одамдан яхшилик чиқиши амримаҳол. Агар охират кунига иймон-ишонч бўлмаса, ер юзида эзгулик ва адолатга эришиб бўлмайди. Охират кунига иймон йўқолиб, «Одам ўлганидан кейин чириб, йўқ бўлади, қайта тирилмайди» деган фикр ҳукмронлик қилса, ер юзида кучли кучсизни еб битирадиган «ўрмон қонунлари» жорий бўлади. Ҳа, агар золим бу дунёда қилган зулми учун жавоб бермаса, ёлғончи-фирибгар ўз ёлғони, фириби билан давр суриб қолиш пайида бўлаверса, хуллас, ҳамма бу фоний дунё матоҳи учун ҳар қандай ёмонликдан, ифлосликдан қайтмаса, бу дунё қандай дунё бўлади? Кучсизлар, мазлумлар, бечораларнинг ҳоли нима кечади? Ҳаёт кечириш ўз-ўзидан чексиз азобга айланиб, жамиятда ноумидлик, лоқайдлик ва ўзини ўзи ўлдиришлар кўпаймайдими?

Мазкур бало-офатлардан қутулиш учун кишилар инсофли, диёнатли, тўғрисўз бўлишлари, барча ёмонликлардан қайтишлари лозим. Ёмонликдан қайтиш учун эса албатта, охират кунига иймон келтириш даркор.


«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди

Read 1227 times

Мақолалар

Top