Мақолалар

Оилавий ҳаёт сокинликдир

Оилавий ҳаётнинг ва эр-хотиннинг бир-бирларига нисбатан бўладиган муносабатларини сифатлашда Қуръони Каримда келган баёнотлар айни мўъжизадир. Бу борадаги бир-икки оятни яхшилаб ўрганишнинг ўзи бу улкан ҳақиқатни тушуниб етишга кифоя қилади, деб ўйлайман.

Аллоҳ таоло «Рум» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Ва Унинг оят-белгиларидан сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда меҳру муҳаббат ва марҳаматни солиб қўйганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир» (21‑оят).

Инсонни эркак-аёлга ажратиб, жуфт яратишининг ўзи Аллоҳнинг биру борлиги, баркамол сифатлар соҳиби эканининг ёрқин далилидир. Инсон ҳар доим кўзи тушиб турган нарсаларга кўникиб, эътибор бермай қўяди, аммо эътибор билан, ақл-заковат билан тафаккур қилиб кўрилса, инсоннинг эркак ва аёл қилиб, ўзига хос сифатлар билан яратилиши улкан мўъжизадир.

Тўғри, «инсон» деб аталмиш бу икки жинснинг ташқи кўринишида бир-бирига ўхшашлик бор. Иккиси ҳам «инсон» ёки «одам» деб аталади. Кўп аъзолари сиртдан бир-бириникига ўхшайди. Аммо ўша сиртдан бир-бирига ўхшаш эркак ва аёлнинг жисми алоҳида таҳлил қилиб кўриладиган бўлса, турли ажойиботлар намоён бўлади.

Эркакнинг танаси, суяги, эти, гўшти, пайи, мияси, ақли, ҳис-туйғулари ва ҳаттоки ҳужайралари ҳам аёлникидан фарқ қилади. Унинг бутун вужуди куч-қувват, сабр-бардош, оғирликни кўтариш, машаққатларга чидаш каби эркакларга хос ишларни адо этиши, умуман, эркакликка хизмат қилиши учун мосланган.

Худди шунингдек, аёлнинг танаси, суяги, эти, гўшти, пайи, мияси, ақли, ҳис-туйғулари ва ҳаттоки ҳужайралари ҳам эркакникидан фарқ қилади. Унинг бутун вужуди латофат, юмшоқлик, меҳрибонлик, оғирликни кўтара олмаслик, тез ҳаяжонланиш, она ва хотин бўлиш каби аёлларга хос ишларни адо этиши, аёлликка хизмат қилиши учун мосланган.

Чунки аёл киши хотин, она бўлиши керак бўлганлиги учун, унга алоҳида латиф тана, малоҳатли тузилиш, ўзига хос жисм ва аъзолар керак. Ҳатто баданидаги тўқималар, ҳужайралар ҳам эркакникидан ўзгача, нафис, юмшоқ, нозик бўлади.

Эркак ва аёлдаги ўзига хосликларни таҳлил қилиб кўрган ҳар қандай илмли киши улардаги Аллоҳнинг қудрати ва ҳикматини кўриб, Аллоҳнинг оят-белгиларига тан бермай, иложи йўқ.

“Бахтиёр оила” китобидан

Read 1476 times

Мақолалар

Top