Мақолалар

Қабр зиёрати охиратни эслатади

Бандаларининг қай бири яхшироқ амал қилишини синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган Роббимиз Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз бўлсин!

Лаззатларни парчаловчи ўлимни ёдга олинглар, дея бизни огоҳликка даъват этган севикли Расулимиз Муҳаммад Мустафога дуруду салавотларимиз бўлсин!

Боқийлик Аллоҳга хос. Ундан ўзгаси эса ҳалок бўлувчидир.

Қабр зиёрати кўнгилни юмшатади, виждонни уйғотади, қалбдаги ёмонликларни бартараф этади.

Қабр зиёратидан икки нарса мақсад қилинади:

1. Охиратни, дунёнинг ўткинчилигини эслаш;

2. Қабр аҳли ҳаққига дуо қилиш, уларга мағфират сўраш, Қуръон тиловатининг савобини етказиш.

Қабристонга киришда ушбу дуо ўқилади: “Ассалому алайкум, мўмин мусулмонлар диёри аҳли! Биз ҳам, иншааллоҳ, сизларга қўшиламиз. Сизлар бизнинг ўтмишдошимизсиз, биз эса сизнинг ўринбосарингизмиз. Аллоҳдан бизга ҳам, сизга ҳам офият сўраймиз”.

Қабрларни босманг, йўлакдан юринг!

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бирор чўғ ё қилич устида юришим мен учун бир мусулмонинг қабри устидан юришимдан яхшироқдир” (Ибн Можа ривояти).

Қабр устига ўтириш дуруст эмас!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бирингизнинг бир чўғ устига ўтириб, кийими титилиб, терисигача етиб бориши унинг учун қабрга ўтирганидан яхшидир” (Имом Муслим ривояти).

Қабристонда оғир-босиқ, сокин юринг, у ерда ётганлар ҳақида бир мулоҳаза қилинг.

Қуръонни овоз чиқариб ўқиган афзал, чунки қабр аҳли ундан баҳра олади.

Зиёратчи Қуръон савобини ўз яқинига бағишлаганда қабристон аҳлини ҳам унутмаслиги керак. Қабр зиёратида ихлос ва ёсин сураларини ҳамда оятул курсийни ўқишнинг савоби кўп.

Қабр устидаги кўкариб турган ўсимлик, дарахт ва майсаларга тегилмайди, чунки уларнинг тасбеҳидан маййитга манфаат бор. Қуриган ўт-ўланларни йиғиштириш мумкин.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабр олдидан ўтдилар ва: “Бу иккови азобланмоқда, бироқ катта гуноҳ сабабли азобланишаётгани йўқ. Уларнинг бири пешобдан эҳтиётланмас эди, бошқаси эса чақимчилик қилиб юрар эди”, дедилар. Сўнгра ҳўл хурмо новдасини олиб, иккига бўлдилар ва ҳар қабрга биттадан суқиб қўйдилар. “Ё Аллоҳнинг Расули, буни нима учун қилдингиз?” дейишди. У зот алайҳиссалом: Шояд, булар қуригунича улардан (азоб) енгиллатиб турилса, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Қабр зиёрати учун маълум бир кунни тайинлаб олиш жоиз эмас, балки имкон топганда қабристонни зиёрат қилиш жоиз.

Аллоҳ таоло барчамизни ҳамиша охиратни ёддан тутадиган, ўтганлар солиҳлар ҳаётидан ибрат оладиган ва ҳаётимизни Ўзи рози бўладиган тарзда ўтказадиган бандаларидан қилсин.

Муҳаммад Қуддус Абдулманнон,

Хўжаобод тумани “Етти чинор” жоме масжиди имом-ноиби.

Read 1413 times

Мақолалар

Top