Мақолалар

Бадиий адабиёт ва дин

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бадиий адабиёт керакми деган савол илм керакми деган саволдек мантиқсиздир.

Бадиий адабиёт инсон диди ва ҳиссиётларини чархлайди. Ақлини ўстиради. Бадиий адабиёт ақлнинг суви, қалбнинг ҳаётидир. Агар у бўлмаса, ақл қуриб қолади, қалб ўликка айланади.

Қуръон Араб ўлкасидаги жоҳилия адабиёти устига инди. Қуръон Арабларнинг энг гўзал ва бетакрор шеъриятини мағлуб қилди. Қуръон Уни ҳеч ким бадииятда енга олмаслигини намойишкорона эълон қилган ҳолда ҳайбат ва гўзаллик ила оламга ёйилди. 

Қуръон инган паллада араблар шеър ва сўзни жуда инжа тушунар, ўта нафис туяр эдилар. Уларнинг табъи, диди ўта юксак бўлиб, шоир сифатида ном қозонмоқ катта шон-шуҳрат эшикларини очган. Ҳолбуки, Қуръон қаршисида шоирларнинг тили кесилиб қолди. Шунинг учун Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида "Биз унга шеърни таълим бермадик!" - деди Ёсин сурасида.

Арабларни Қуръон фасоҳати, балоғати ва бадииятига таслим қилган омиллардан бири уларнинг шеърияти бўлди. Агар улар шеър нималигини билмасалар эди, Қуръон сўзларидаги мўъжизакорликни топа олмасдилар. Агар улар бадиият бобида чўққига чиқмаганларида эди Қуръондаги калом гўзаллигини кашф этмасдилар, қалблари Каломуллоҳдан бу қадар мутаассир бўлиб, улкан чўққиларни забт этмасдилар, ҳатто Тавҳид динига бу қадар тўлиқ таслим бўлмасдилар.

Бадиият, чинакам адабиёт инсонни Қуръонга бошлайди. Қуръондаги қиссалар, ибратлар, ҳукмларни қабул қилиш, ҳис этиш учун инсонда фақатгина арабча луғатлар омбори эмас, сўз нафосатини туйиш истеъдоди ҳам бўлиши лозим.

Қуръон араб тилида инди, аммо у томон йўл ўз она тилимизни яхши билиш, ўз она тилимиздаги бадииятни тўла ҳис этиш орқали боради. Ўз тилидаги гўзалликни топмаган, ўз тилидаги бадиияти ва ифода қудратини кашф этмаган одам бегона тилнинг жозибасини тасаввур ҳам эта олмайди. Бадиият жазбасидан маҳрум инсонларда кашф, ҳайрат, завқ, шавқ бўлмайди. Бадиият сарҳадларини кўрмаган одам тақлидчи ва жоҳилдир. Бадииятни англаш учун олий маълумот шарт эмас, у қалбнинг туб-тубида очиладиган бир булоқ янглиғ неъмат саналади.

Фикримча, Ўзбек замонавий адабиётининг совет даври ғоя жиҳатидан, улкан масалаларни қўйиш бобида рангпар ва қувватсиз адабиётдир. Аммо бу адабиёт ичида Чўлпон. Усмон Носир. Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Миртемир, Абдулла Ориф, Рауф Парфи, Омон Матжон, Ҳалима Худойбердиевалар шеърияти борки, улардаги ифодалар, бадиият жуда нозик ва чуқур, наср бобида эса Абдулла Қодирий. Чўлпон. Ойбек, Ғафур Ғулом сингари адибларнинг айрим битикларида назокатни топиш мумкин.

Инсон ўзида бадиий дид ва адабий гўзалликни шакллантириши учун кўп мутолаага муҳтож.
Мутолаа чоғида эса ғоявий рангпар, қўрқоқ ва қувватсиз, айни пайтда фитратга қарши битилган насрга учрайсиз. Уларни бадииятини текшириш мақсадид, шунингдек, ХХ асрдаги иймондан юз ўгирган авлод фожиаси, биқиқлигини кўриш учун ўқиса бўлади.

Адабиёт мангулик, Худо, инсоният, олам, табиат, қалб муаммоларини қамраб олмаса, уни ҳеч ким ўқимайди. Бу муаммоларни куйик қалб, ёшли кўз, кесилган тил фарёд ва йиғи билан адабиётга айлантириб бера олади. Шунда у ўқилади.

Адабиётда қаҳрамон бўлиш учун ҳақ сўзга жонни тикиш керак. Шунда у бошқа жонларни уйғотади.

Қўрқоқлар, инсониятга нафрат сочувчилар, ҳасадгўйлар ҳеч қачон катта адабиётни барпо эта олмайдилар.

Адабиёти бўлмаган миллат кўр миллатга айланади.

Адабиётсиз қолган халқ тафаккурсиз оломонга эврилади.

Бугун ҳар биримизни бизда яқин юз йилда чинакам ҳақ сўз фидолари ҳамда улуғвор адабиёт йўқлиги сескантириши керак. Бу ҳол замонавий дунёнинг ўзида тақчил ҳолга айланди...

Акром Малик

 

Read 1323 times

Мақолалар

Top