Мақолалар

Кечаси бедор бўлиш

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кечаси бедор бўлиб, уни ибодат ила ўтказишни «қиёмул лайл» дейилади. Бу иш жуда ҳам фазилатли ҳисобланади. «Қиёмул лайл» ила машғул бўлган кишиларни Аллоҳтаоло ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам мадҳ қилганлар.
Аллоҳ таоло Сажда сурасида марҳамат қилади:
«Ёнбошлари ётар жойдан йироқ бўлур» (16-оят).
Тақводор мўмин бандалар тунда бедор бўлиб, иссиқ жойини тарк этиб ибодат қиладилар.
Тунлари уйғониб, намоз ўқишнинг фазилатлари жуда кўп. Бу иш олий мақомга эришган ҳар бир азизнинг ишидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари бу амални қилганлар ва умматларини ҳам шунга тарғиб этганлар.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кечанинг қиёмини лозим тутинг. Чунки у сизлардан олдинги солиҳларнинг одатидир. У Роббингизга қурбатдир. У ёмонликларга каффоротдир. У гуноҳларни қайтарувчидир», дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«У жасаддан дардни қувувчидир», дейилган.
Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилишган.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: «Ибодатларнинг ичида тунги намоз каби кучлисини кўрмадим», деган.
У кишидан: «Нима учун одамларнинг ичида таҳажжуд ўқувчиларнинг юзлари энг чиройли бўлади?» деб сўрашганида: «Чунки улар Роҳман ила холи қолишган ва У Зот уларга Ўз нуридан кийдирган», деган экан.

«Руҳий тарбия» китобидан

 

Read 1054 times

Мақолалар

Top