Мақолалар

Эътиқодга тажовуз

Миссионерлик – инсонларнинг нозик туйғуси – эътиқодини ўзгартиришга уринувчи, жамиятни парокандаликка олиб келувчи бузғунчи ҳаракат. Унинг тарихи жуда узоқ даврларга бориб тақалиб, мақсади – масиҳийликни ёйишдан иборатлиги барчага аён. Бироқ бугунги кунга келиб миссионерлик доираси хийла кенгайди, эндиликда ушбу атама айтилганда фақат масиҳийчилар эмас, буддавийлар, кришначилар ва бошқа конфессиялар тарғиботчилари ҳам тушунилади. Ушбу ташвиқотчилар кўп йиллардан буён юртимизда ҳам гоҳ пинҳона, гоҳ ошкора фаолият олиб бормоқда. Афсус, ю ртдошларимиз орасида уларнинг таъсирига тушиб, ўз эътиқодидан воз кечганлар ҳам йўқ эмас.

Илгарироқ шундай ҳолатлардан бирига гувоҳ бўлгандим. Жамоамизда ёши ўтинқираган бир қиз ишларди. У нафақат турмушда ўз жуфтини тополмаган, балки одамлар орасида ҳам ёлғиз эди. Қобиғига ўралиб олиб, аллақандай муаммолар ичида яшар, ҳамкасблардан имкон қадар ўзини узоқроқ тутарди. Тажангроқ, ўзгарувчан феъл эгасилиги сезилиб турарди.

Аёнки, моддий етишмовчилик, биқиқлик уни шу аҳволга солганди. Ажабки, қизнинг муомаласида ўзгариш кузатилиб, ҳамма билан мулойим гаплашадиган бўлиб қолди. Сабаби тезда аён бўлди. Унинг хонасига кирган одам шкафга миссионерликка тарғиб қилувчи китоблари териб қўйилганига кўзи тушар, ўзи эса уларда “жаннатга элтиш” йўли кўрсатилганини тушунтирмоқчи бўларди. Қарши фикр билдирганларга қандайдир “далиллар” келтиради... Тушундикки, аросатда юрган қиз ғайридин nарғиботчиларнинг алдовига учган.

Миссионерлар нишонни аниқ олишганди. Шубҳасиз, Ислом дини ҳақида етарли тушунчаси йўқлиги, миссионерлик билан шуғулланувчи кучларнинг ғаразли қилмишлари хусусида етарли маълумотга эга эмаслиги қизни уларнинг тузоғига туширганди. Маълум бўлишича, масиҳийликка даъват қилувчилар аксаран аралаш миллат вакилларидан иборат оилаларнинг аъзолари, ҳеч бир динга эътиқод қилмаган, хасталикка, жудоликка, моддий қийинчиликка дуч келган, ахлоқ тузатиш муассасаларидан чиқиб келган, яъни моддий ва маънавий кўмакка муҳтож кишилар ўртасида тарғиботни кучайтираркан. Шунингдек, кар-соқовлар, умуман, ногиронларни ўз ўлжасига айлантириш мақсадида фаол иш олиб боришлари ҳам кузатилган.

Бундай тарғиботга эргашаётганлар орасида, кам бўлса-да, келиб чиқиши мусулмон бўлган фуқароларнинг борлиги ғоятда ачинарлидир.

Яқинда бир танишим дардини ёриб

қолди. Унинг ёши олтмишга яқинлашиб қолган қайнопаси бўлиб, фарзандсизлик важидан бир неча марта оила қуриб ажрашган экан. Беш-олти йил бурун ўзидан бир-икки ёш катта инсонга турмушга чиқибди. Улар Меҳрибонлик уйидан бола асраб олишибди. Муаммо шундаки, асли

мусулмон бўлган эр бир пайтлар миссионерлар таъсирида эътиқодини ўзгартирган экан, хотинини ҳам ортидан эргаштирибди. Энг ёмони, тарбияга олинган бола ҳам шу муҳитда бошқа дин вакили бўлиб вояга етиши муқаррар. Танишим оилавий борди-келдиларда уларнинг одатларидан ноқулай ҳолатга тушаётгани, қариндошликни узишга мажбур бўлаётганини куюниб гапириб берди.

Таниқли ёзувчи Саид Аҳмаднинг “Қоракўз Мажнун” ҳикоясида насроний динини қабул қилган ўзбек эркагининг фожиаси кўрсатилган. Собиқ тузум даврида ҳарбий хизматга кетган Бўри деган йигит хизмат муддати тугаса-да, уйига қайтмайди, узоқ йиллар давомида қорасини кўрсатмайди. Онаси фарзанди йўлига кўз тикади.

Кўп йилдан сўнг қаримсиқ, оғзидан ароқ ҳиди анқиган эркак киши эшикдан кириб келади. Кекса она ўғлининг руҳиятидаги бегоналикни сезса-да, “Болам!” деб бағрига босади. Меҳмонлар тарқалиб, ўғил уйқуга кетганда ҳаммаси аёнлашади. Кампир унинг устини ёпиб қўймоқчи бўлганида тугмалари ечилиб қолган кўйлаги тагида осилиб турган хочга кўзи тушади. Маълум бўладики, йигит ёт ўлкаларда насроний попнинг қизига уйланиб, унинг динига кирган ва черковда ишлаб юрган. Икки олов орасида қолган она ноилож ўғлидан воз кечади...

Аёнки, Исломдан қайтиб, бошқа динга кириш энг оғир гуноҳ ҳисобланиб, бундай кимса “муртад” деб аталади. Аллоҳ таоло: «Сизлардан ким диндан қайтиб, кофир ҳолида ўлиб кетса, ана

ўшалар дунё-ю охиратда амали ҳабата (беҳуда) бўлганлардир. Ана ўшалар дўзах аҳлидир. Улар унда мангу қолувчидир», деган (Бақара сураси, 217-оят). Ушбу ояти карима Аллоҳ таоло ширкни асло кечирмаслигига далилдир. «Ҳабата» сўзи, аслида, бирор ҳайвоннинг кўп овқат еганидан қорни шишиб, ёрилиб ўлган ҳолатини англатади. Диндан қайтган муртаднинг савобли амаллари ҳам мусулмонликни тарк этгани учун ҳавога учади. У нафақат тўплаган савоб-ажрларини бой беради, балки энг оғир гуноҳни содир этгани боис охиратда Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлади, унга ҳеч қандай нажот йўли қолмайди.

Ҳақиқий иймон эгаси ўз эътиқодида собит бўлиши шарт. Ақида масаласида адашиш кишини дунё-ю охиратда ҳалокатга дучор қилади. Шундай экан, миссионерларнинг тузоғидан ўзимизни ва яқинларимизни ҳамиша узоқ тутишимиз керак. Айни шу синовга дуч келаётганлар эса унинг оқибати ҳақида атрофлича ўйлаб кўришлари зарур. Ҳатто адашганлар ҳам вақт борида тавба қилсалар, ўзларини ҳалокатдан қутқарган бўладилар.

 

Тўлқин ШЕРНАЕВ 

"Мўминалар", 3-сон, 2023 йил

Read 791 times

Мақолалар

Top