Мақолалар

«Уларнинг озори жонимдан ўтган»

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир неча йил аввал, тақрибан 2002 ёки 2003 йиллар эди. Дубай шаҳрида истиқомат қилардим. Бир куни маҳалламда Туркиялик нуроний отахон билан танишиб қолдим. Ёши етмишларда, балки ундан ҳам катта, ниҳоятда содда ва оддий инсон эди. Ёлғиз эди. Туркиядан бир ўзи учиб келган ва яшашга уй қидириб, шу маҳаллага келиб қолган экан. "Baniyas Square"га яқин жойда турардим. Отахон кўпчилик яшайдиган "коммунал уйлардан" бирига жойлашди. На инглизча, на арабча биларди. Ҳаётдан эзилгани ҳам кўриниб турарди. Кўпинча у киши билан масжидларда учрашиб қолардик. Туркча билганим учун у мен билан кўпроқ суҳбатлашар, баъзи масалаларда менга иши тушиб турарди. Дубайда қиладиган иши йўқ эди. Бир куни бу шаҳарга нима учун келгани ҳақида сўрадим. Кўзига ёш келди. Ва йиғлаб гапириб берди. Оиласида чиқиштиришмас, тинмай озор беришаркан. Айниқса, аёли ҳар куни аччиқ тили билан кўп азият бераркан. "Бутун умримни, кучимни, ёшлигимни оиламга сарф қилдим. Ишладим. Тижорат қилдим. Уй-жой қилдим. Болаларимни оёққа турғаздим. Бор-будимни уларга сарфладим. Аммо, қариганимда, билагимдан қувват кетганда ортиқча бўлиб қолдим", деди қария. Сабр қилиб яшайверсангиз бўлмайдими, десам, "уларнинг озори жонимдан ўтган. Шу ерларда бир нарса қилиб, ҳаётимни ўтказарман. Аммо, озор, миннат ва ҳурматсизликлардан узоқда бўламан", деди отахон. Бўғзимга аччиқ ғусса қадалди. Инсон қариган пайтида кўнгли нозик бўлиб қолади, меҳрга муҳтож бўлади. Озор ва хўрликка чидолмайди. Отахоннинг бу шаҳарда ҳеч кими йўқ эди. Аммо, хурсанд ва хотиржам эди. Чунки, олийжаноб инсон руҳи уни ҳурмат қилмайдиган, озорлайдиган пасткашлар ичига тушиб қолса гарчи, улар аслида энг яқин қариндошлари бўлса ҳам, у ерда зиндон ҳаётини яшайди. Қафасда бўлади. Фурсат бўлди дегунча, у ердан учиб кетишга тайёр бўлади. Зеро, яқинлар озори оғир бўлади. Қачонки, яқинларингиз сизга бегонадан ёмонроқ пасткашликлар қилса, орада сўнгсиз жарликлар пайдо бўлади. Иззат-нафси бор инсон хўрлик ҳовлисида турмайди. Имкон бўлди дегунча бошқа ёққа таҳаввул этади. Чунки, инсон уни тушунадиган, қадрлайдиган ҳамроҳлар билан инсондир. Қачонки, атрофи унга қиймат бермайдиганлар билан ўралган бўлса, уй ҳам, туғилиб ўсган шаҳар ҳам ўз қийматини йўқотади. Ва уни яхши кўрадиган, эъзозлайдиган ёки энг камида хўрламайдиганлар олдига кетади. Ўша йили Дубайни тарк этдим. Отахоннинг кейинги тақдири менга номаълум бўлиб қолди.


Алишер Султонходжаев

 

Read 944 times

Мақолалар

Top