Мақолалар

Ибодат мавсуми бошланди

Мана, қиш фасли ҳам кириб келди. Бу фасл мўмин-мусулмонлар тўйиб-тўйиб ибодат қилиб олишлари, рўза тутишлари, тунларни бедор ўтказишлари учун қулай фурсатдир.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиш мўминнинг баҳоридир. Кундузи қисқа бўлади, рўза тутиб олади. Кечаси узун бўлади (таҳажжудга) туради”, деб марҳамат қилдилар (Имом Байҳақий ривояти).

Аллоҳ таоло ояти каримада марҳамат қилади: «Осмонлар ва Ернинг яратилишида, тун ва куннинг ўрин алмашиб туришида ақл эгалари учун аломатлар бордир. Улар туриб ҳам, ўтириб ҳам, ётиб ҳам Аллоҳни зикр этадилар ва осмонлару Ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар (ва дуо қиладилар:) “Эй Раббимиз! Бу (коинот)ни беҳуда яратмагансан. Сен (айблардан) пок Зотдирсан. Бас, бизни дўзах азобидан сақлагин!”» (Оли Имрон сураси, 190–191-оятлар).
Саҳобалар розийаллоҳу анҳум қиш келиши билан хурсанд бўлишар, одамларни ҳам қиш кунларини ғанимат билишга тарғиб этишарди. Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу айтади: “Қиш фасли хуш келибди. Унда барака нозил бўлади, кечалар таҳажжуд учун узаяди, кундузлар рўза учун қисқаради”.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Ҳа, мўмининг унумли мавсуми қишдир. Унинг кечаси узун, намоз ўқийди, кундузи қисқа, рўза тутади”, деган.
Убайд ибн Умайр раҳимаҳуллоҳ қиш фасли келганида: “Эй Қуръон аҳли! Қироатларингиз учун тун узайди, Қуръонни ўқинглар. Рўзаларингиз учун кунлар қисқарди, рўза тутинглар”, дерди.
Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ “Сунан”ида Омир ибн Масъуддан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Қишда тутилган рўза салқин ўлжадир”, деб марҳамат қилганлар. Уламолар “салқин ўлжа”нинг маъноси: “енгил, сабаби рўзадорга қишда ташналик етмайди”, деб шарҳлашган. Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ: “Қишдаги қиёмул лайл (яъни намоз ўқиш билан бедор бўлиш), ёзда рўза тутиш билан баробардир”, деган. Умар розийаллоҳу анҳу: “Қиш обидларнинг ўлжасидир”, деган (Абу Наим ривояти).

Ибн Ражаб айтади: “Қиш мўминнинг баҳори бўлишининг сабаби ушбу фасл мўминни ибодат бўстонида роҳатлантиради, майдонида сайр қилдиради. Мол-кўл амаллар гулшанида қалбини поклайди”.
Ибодат лаззатини туйганлар учун қиш фасли ғаниматдир. Аллоҳ таоло жаннат аҳлини сифатлаб, бундай марҳамат қилади: “(Улар) туннинг озгина (қисмидагина) ухлар эдилар” (Зориёт сураси, 17-оят). Демак, улар кечалари одамлар уйқуда эканида ўқиган намозлари сабаб, охиратда жаннатга мушарраф бўлишар экан.

Салафлардан бири тунги намозларида йиғларди. Шундай кечаларнинг бирида ундан: “Ўлимдан қўрқиб йиғламоқдамисан?” деб сўрашади. У: “Мен йиғламай ким ҳам йиғласин. Аллоҳга қасам, мен ўлимдан хавфсираб ёки дунёингизга қизиқиб йиғлаётганим йўқ. Балки ёз кунлардаги чанқоқни ҳамда қиш кечаларининг қиёмини соғиниб йиғламоқдаман”, дея жавоб беради.
Албатта, ибодатда лаззат бор. Ким ушбу лаззатни йўқотса, ҳақиқатан, у маҳрум бўлибди.
Аллоҳ таоло барчамизга замҳарир қишни ғанимат билишни насиб этсин.

Абдуқаҳҳор домла ЮНУСОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

 

Read 1174 times

Мақолалар

Top