Мақолалар

Қизалоқнинг орзуси

Шод-хуррам ўтирган эр-хотиннинг ҳазиллари зил бўлди. Гап талашиб, орада жанжал чиқди. Иккаласи ҳам  оғзига келганини қайтармади. Ўзларини кузатиб турган болаларининг борлигини ҳам эсдан чиқаришди.

Бақир-чақирдан сўнг аёл йиғлаб ичкари хонага кирди. Ортидан қизчаси ҳам эргашди. Қизининг маъюс, ёшга тўла мунчоқ кўзлари онасига зорланиб тикилиб турарди. Она аччиғидан унга эътибор бермасликка ҳаракат қилди. Қизалоқ тафтли қўллари билан бўйнидан маҳкам қучоқлаб олганидан сўнг аёлнинг ҳуши жойига келди. Митти қўлларини қўйиб юбормай, маржондек тизилиб оқаётган кўз ёшлари билан онасини овутишга ҳаракат қилди: – Онажон, йиғламанг, бизни ташлаб кетманг! Нега дадамнинг сўзларига “Хўп!” дея қолмайсиз?! Ахир, дадам уришсалар ҳам, бизни яхши кўрадилар-ку...

Бу гапдан аёл қаттиқ таъсирланди. Наҳотки, шунчалик худбинлашиб кетди?! Шу қизалоғичалик ақли йўқми?
Қизча онасини қучоғидан бўшатди ва қўлига бир конверт тутқазди. Аёл ажабланиб конвертни очиб, ичидан бир қоғозни олди. Унда “Онажон, дадажон! Мен сизларни жуда яхши кўраман! Илтимос, ҳеч қачон уришманглар!” деган ёзув бор эди. Аёл кейинги вақтларда эри билан гап талашишлари кўп бўлаётгани ва эр-хотин бир-бирини айблашдан чарчамаётганларини ўйлаб қолди. Бу ҳолат фарзандларига салбий таъсир қилиб, уларнинг тушкун кайфиятда юришларига сабаб бўлаётганини англаб, юраги эзилди.

Дарҳақиқат, ҳозир кўп учраётган бундай воқеалар кишини ранжитиши аниқ. Ахир, биз ота-оналар фарзандларимизга гўзал хулқ ва чиройли тарбия бермоғимиз зарур эмасми? Ўша гўзал хулқ ўзимизда бўлмаса-чи?!
Динимизда одоб масаласи ибодат мақомидадир. Гўзал хулқ соҳиби бўлган ота-оналарнинг фарзандлари ҳам буюк инсонлар бўлиб етишадилар, иншоаллоҳ.

Меҳригул ШОНАЗАРОВА,
Қизилтепа тумани “Ҳафқориён” маҳалласи отинойиси

"Мўминалар", 4-сон, 2023 йил

Read 933 times

Мақолалар

Top