Мақолалар

Миллат тақдири – гўзал хулқли, илмли, тарбияли авлод қўлидадир

22 декабрь куни Президентимиз раислигида Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Мажлисда жуда кўп долзарб масалалар кўтарилди, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришга қаратилган таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.

Шулар орасида давлатимиз раҳбарининг диний соҳа вакилларига қилган мурожаатлари бўлиб, билдирилган фикрларнинг барчаси ўринли ва таъбир жоиз бўлса, оғриқли нуқтамизга айланган ҳолатлардир.

“Муҳтарам уламоларимиз, дин пешволарини инсон қадрини улуғлаш, бағрикенгликни мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотларимизда фаол бўлишга, ўзларининг маънавий фазилатлари билан бошқаларга ўрнак кўрсатишга чақираман”, деди Президентимиз йиғилишда.

Тан олишимиз керак, баъзи ҳолларда айрим уламоларимиз фаолиятида сусткашликка гувоҳ бўляпмиз. Айрим имом-хатибларнинг иши эҳсон ниятида дастурхон ёзилган хонадонларда меҳмон бўлишдангина иборат бўлиб қолди. Ваҳолонки, уламоларнинг вазифаси одамлар орасида яхшиликни, ҳалолликни, илм олишни тарғиб қилиш, одамлар орасини ислоҳ қилиб, уларни аҳилликка, бирдамликка, оқибатли бўлишга ундашдан иборатдир.  

Мен шулар орасидан “илм олишга ундаш” деган жумлага алоҳида тўхталмоқчиман. Жамиятимизда учраётган кўнгилсиз ҳолатлар, иллатларнинг туб илдизи илмсизликка бориб тақалади. Илм хоҳ дунёвий, хоҳ диний бўлсин, у инсонга жуда зарур. Илмли фарзанд қалбида иймон мустаҳкам бўлади, яхшини ёмондан, оқни қорадан ажрата билади. Ҳадеганда ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмайди. Ёмонларга қўшилиб кетмайди. Ҳаёт қийинчиликлари, синовлари олдида жуда тез таслим бўлмайди. Муаммолар орасидан энг тўғри йўлни топа олади.

Шуларни била туриб ҳам, негадир, фарзандларимизни илм олишга ундамаймиз. Аксинча, пул топишга кўпроқ ундаймиз. Кечагина касб-ҳунар мактабини ёки ўрта мактабни тугатган ўғлимизни ўқиб, олий маълумот олишини эмас, мусофир юртларга бориб, ишлаб, кўпроқ пул топишини, топганлари эвазига иморатлар солишни, тўйлар қилишни, машина минишни орзу қиламиз. Аксар ота-оналарнинг энг олий орзуси – шу. Улар шундай йўл тутгач, фарзанд ҳам улар изидан боради. Ота-онасидан ортиқ орзуларни қилмайди...

Хотинини аёвсиз калтаклаётган, ҳатто ҳаётига нуқта қўяётган эрлар, боласига раҳм қилмаётган оналар, қайнонасига қўл кўтараётган келинлар, отасини тепкилаётган ўғиллар, арзимас муаммоларга ечим тополмай, жонига қасд қилаётган эркакларнинг бари-барчаси - илмсизлик туфайли шундай қисматга рўбарў келмоқдалар. Буни ҳеч ким инкор қилолмайди.

Бир неча йиллар аввал мол боқаётган бўлса ҳам, қўлтиғида китоб бўлган болаларни учратар эдик. Бугун эса йўқ. Ҳатто, айрим оилаларда болаларнинг мактаб дарсликлари ҳатто варақланмаслиги ҳам бор гап.

Илм – нажот, деган гапни бундан юз йиллар олдин жадид боболаримиз айтганлар. Бу гап бугун ҳам ўз қимматини йўқотгани йўқ. Лекин таъсир кучини сезмаяпмиз.

Тўғри, илмли ёшлар сафи тобора кўпаймоқда. Бунга юртимизда ёшларнинг чуқур билим олишлари учун яратилган имкониятлар сабаб. Бироқ жамиятда биргина илмсиз, дунёқараши тор инсон бўлса ҳам, бунга жиддий қарамоғимиз керак. Чунки у эртага бир оиланинг боши, фарзандлар тарбиячиси, отаси ёки онаси бўлади. Бу борада давлатимиз раҳбарининг: “Биз бугунги кескин шароитда ғоявий-мафкуравий соҳада рақобатга тайёрмизми? Ёш авлодимиз тарбияси мураккаб замон талабларига жавоб беряптими? Булар оддий саволлар эмас. Одамни жиддий ўйлантирадиган, ташвишга соладиган саволлар. Агар биз бу ёруғ дунёда “ўзбек”, “ўзбекистонлик”, “Ўзбекистон” деган номлар билан яшаб қолишни истайдиган бўлсак, бу саволларга бугун жавоб топишимиз ва уларни ҳал этиш бўйича амалий ҳаракатларни айнан бугун бошлашимиз шарт. Эртага кеч бўлади”, деган сўзларни таъкидлаганлари бежиз эмас.

Шу ўринда юртимизда қарор топган эътиқод эркинлиги, мусулмон халқимизнинг эмин-эркин ибодат қилишлари учун шароитлар яратиб берилгани, Ҳаж ва Умра амалларини адо этишимиз учун ҳам кенг йўл очилганини эътироф этиб ўтмоқчиман. Албатта, бундан халқимиз жуда мамнун. Ибодат ва зиёратларда шукроналар келтириб, Президентимизни, юртимизни дуо қилмоқдалар.

Бироқ Ҳаж ва Умра зиёратларидан қайтган айрим биродарларимиз хонадонларида меҳмондорчиликлар уюштириш, совға-салом улашиш борасида ҳаддан ортиб кетишмоқда. Мана шундай пайтларда ҳам илмсизлик панд беряпти. Фарзандлар ота-онасини Умра сафарига юборганликларини, уларнинг қайтишини шунчалар дабдабага айлантириб юборишмоқдаки, бу манманликдан ўзга нарса эмас.

Яна ҳожиларни қариндош-уруғлар, қудалар томонидан меҳмонга чақирилишлари, уларга бош-оёқ сарполар қилиниши, оёқлари остига қўйлар сўйилиши, буларни видеотасвирга олиб, ижтимоий тармоқларда тарқатилиши – бу оқибати яхши бўлмаган иллатдир. Ҳаж ва Умра зиёрати ва ибодатлари насиб қилган инсон у ердан гуноҳлардан покланиб қайтмоғи керак. Қайтгач, савоб амалларини кўпайтириш, гуноҳ ишлардан тийилиш ҳаракатида бўлмоғи керак. Аммо айрим ҳожи оналаримиз сарполар масаласида қуда-андаларидан ҳафа бўлишлари, шу сабабдан келинларига кун бермаётганликлари ҳақида ҳам эшитиб қолаётганимиз жуда ачинарли.

Яна айрим ҳожилар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, бирга Умра амалларини бажарганлар билан ҳар ойда зиёфатлар уюштиришни одат қилганлар. Албатта, бунда ҳам улар ким ўзарга зиёфат уюштирмоқдалар. Боз устига бундай дийдорлашувларда маънавий-маърифий мавзуларда суҳбатлар эмас, балки ғийбатлар бўлмоқда. Шундай зиёфатлар ўрнига маҳалладаги, қариндош-уруғлар орасидаги камхарж, бемор, моддий кўмакка муҳтож оилаларга қўлдан келганча хайр-эҳсон қилмоқлик савоб эмасми?!

Булар кўнгилга ғашлик, оғриқ соладиган ҳолатлар. Бу мавзуга йиғилишга Президентимиз ҳам алоҳида тўхталиб ўтдилар. Давлатимиз раҳбари: “Ҳажга ва умрага бориб келган ҳар бир юртдошимиз маънавият тарғиботчиси бўлиши, одамларни яхшиликка бошлаши керак. Афсуски, ҳамма шундай бўлмаяпти. Зиёрат баҳона ўзини кўз-кўз қилиш, манманликка берилиш каби бизга ярашмайдиган хунук ҳолатлар кўзга ташланаяпти”, дея жуда ўринли мулоҳазани баён этдилар.

Хулоса сифатида айтишимиз лозимки, йиғилишда муҳокама этилган масалалар – биз учун сув ва ҳаводан кейинги энг зарур масаладир. Зотан, маънавият - миллатнинг қиёфасидир. Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишда ҳар биримизнинг зиммамизда катта масъулият бор. Агар кимлигимиздан қатъий назар, ҳар биримиз бор куч-салоҳиятимизни гўзал хулқли, илмли, етук авлодни тарбиялаш учун сарф этсак, чиндан ҳам кучли жамиятни барпо этган бўламиз.

 

Мусохон АББОСИТДИНОВ,

Наманган вилояти бош имом-хатиби

Read 926 times

Мақолалар

Top