Мақолалар

Амаллар ниятларга боғлиқ

Ишдан чарчаб келган Муҳаббат қизи пиширган маставани қўлига оларкан, кучли ҳорғинлик сабаб уф тортди. Ғофур ака аёлининг кўнглини олиш ниятида:
– Хотин, иссиққина маставани ичиб ол, чарчоғинг кетади, – дея илтифот кўрсатди.
Муҳаббат қўлидаги косани қайта-қайта кавлаб:
– Эй Худо, қани эди ғайбингдан бир коса қаймоқ ато этсанг! Бирам қаймоқ егим келяпти, – деб ғудраниб қўйди. Уни турмуш ўртоғи қанчалик эъзозлаши унга қилаётган муомаласидан ҳам кўриниб турарди.
– Бугун кеч бўлди-да, хотин, айтсанг, келтириб қўярдим. Сен маставани ичиб ол,
жуда ҳам мазали бўлибди. Эртага нонуштага қаймоқ топиб келаман, – деди эри овқатланишдан бир зум тўхтаб.
– Майли, дадаси, энди Аллоҳга бир илтижо қилгим келди-да, – деди Муҳаббат.
Аёл барибир маставани ичмади. Овқатнинг мойи кўпроқ, тузи пастроқ бўлганини баҳона қилиб, бир-икки қошиқ тотинди-да,
косани суриб қўйди.
Ғофур ака хотинининг кайфиятини кўтариш мақсадида ҳовлининг орқа томонидаги қурилишни томоша қилишга эргаштириб борди ва:
– Кел, онаси, йигитлар билан қилган ишларимизга қара, қандай чиройли чиқди,
– деб мақтана бошлади.
– Чиройли чиқибди, аммо сабрим чидамаяпти-да, дадаси, буларнинг томини қачон ёпасиз?! Ҳадемай қор ёғиб қолади. Бир жала қуйиб берса, шунча қилинган меҳнат
бир пул, – дея яна битта муаммони топишга улгурди Муҳаббат. – Эй Художон, Ўзинг
қўлла, шу айвонларнинг томини бирдан шиферлаб олайлик, Ўзинг ғойибдан ато эт!
...Қаттиқ уйқуга кетган аёл бехосдан тақиллаб кетган овоздан чўчиб уйғонди.
Тун ярмидан оққанда кучли шамол турди.
Ҳовли юзида қолган челак, тоғора ва бошқа буюмларни ирғита бошлади. Зим-зиё
тунни дафъатан пайдо бўлган бўрон янада қўрқинчли қилганди. Бу ҳам етмагандек,
дўл ёға бошлади.
Ҳаммаси қўрқиб кетди. Чунки биринчи марта бундай офатга дуч келишлари эди.
Кўчага чиқиш ҳам, уйда ўтириш ҳам хатарли эди.
Қўрқув ичида қолган аёл шу чоқда ҳомиладор қизини эслаб қолди. Юрагини хавотир буткул эгаллаб олди. Болаларини бағрига босиб, яна нола қила бошлади:
– Эй Аллоҳ, табиий офатнинг ёмон оқибатларидан Ўзинг асра!
Сўнг жойнамозни ёзиб, икки ракат намоз ўқиди, Аллоҳдан ҳамма-ҳаммани бўрон балосидан сақлашини сўради.
Бўрон кўп ўтмай тинди. Ғофур ака кўчага чиққанди, бўрондан маҳалласидаги ҳамма қўшнилари, ўзлари ҳам талафот кўргани аён бўлди. Кимнингдир уйи ярмигача қулаб тушганди. Йигирмага яқин ҳовлининг том қисмини бўрон учириб кетган, симёғочлар бир тарафда, томлардан учган шифер бўлаклари бир тарафда сочилиб ётарди.
Уларнинг ҳам томи бутунлай кўчиб, газ қувури қўпорилиб кетган эди. На газ, на электр қолганди. Устига-устак, ҳавонинг авзойи яна бузилди ва энди қор аралаш ёмғир ёға бошлади.
Совуқ ва қоронғи хонада тонгни кутишларига тўғри келди. Иссиққина маставадан нолиган Муҳаббат ўзининг ношукрлигидан уялиб кетди.
Ҳозир эса ҳатто чой қайнатишнинг ҳам имкони
йўқ эди.
Бирдан қўлтелефони жиринглаб, қизи Зилоланинг хавотирли овози эшитилди:
– Алло, ассалому алайкум! Ойижон, яхшимисиз?
Шамол бўлдими сизларда ҳам? Тинчмисизлар?
– Ва алайкум ассалом! Қизим, ўзинг яхшимисан? Қўрқмадингми?
– Йўқ, ойижон! Ҳаммамиз ухлаб қолиб, шунча
ғала-ғовурни сезмабмиз ҳам.
– Хайрият, – деди Муҳаббат қувониб, – бир ношукр бандасининг ноласини шунчалар инобатга
олган Раббим шукр қилувчиларга қанчалар бахт
ато этар экан?! – деб ўйлади.
Бир зумда куёви ва қудалари етиб келишди. Вазиятни кўрган қудалари уларни уйга олиб кетди.
Муҳаббат бўлган воқеаларни сўзлаб бераркан, не кўз билан кўрсинки, қўлида бир коса қаймоқ кўтариб қизи Зилола кириб келди.
Эр-хотин бир-бирига қараб қолди.
– Ниятни тўғри қилиш керак, онаси! – деди Ғофур ака. – Мана сенга ғойибдан қаймоқ!
Уйларига қайтиб келишганда Ғофур ака не кўз билан кўрсинки, шамол асосий бинонинг томини кўтариб, янги қурилган айвоннинг устига қўндириб қўйган эди!..

Одина ТЎРАҚУЛОВА,
Учқудуқ тумани бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

"Мўминалар", 4-сон, 2023 йил

Read 1103 times

Мақолалар

Top