Мақолалар

Яхшиям борсан, қизим

Қизим болалигида мен билан яқин муносабатда бўлганига қарамай, ўсмирлик даврига келиб орамиз хийла узоқлашганини ҳис қилдим. Ора-орада бир-биримизни тушунмай, гапимиз келишмай қоладиган бўлди. Кейин мен бунинг сабаби ҳақида ўйлаб кўрдим. Билдимки, қизим билан етарлича мулоқотда бўлиб унга етарлича вақт ажратяпман-у, лекин унга етарлича меҳр бермаётган эканман.

Қизим билан ўтириб гаплашиб олмоқчи бўлдим. Лекин яхшилаб ўйлаб кўриб бу фикримдан қайтдим. Яхшиси унга айтмасдан туриб меҳр бераман. Унга олдингидан кўра самимийроқ, илиқроқ муносабатда бўламан деб қарор қилдим.

Ҳар сафар уйдан чиқиб кетишимдан олдин ёки уйга қайтиб келганимда қизимга табассум қилиб пешонасидан, юзларидан ўпиб қўядиган бўлдим. Қизим мактабидан қайтиб келганида кайфиятим қандай бўлишидан қатъи назар табассум билан кутиб олишни одат қилдим. Қизимга “Сенсиз уйимиз ҳувуллаб қолди”, “Сени соғиниб қолдим, қизим” деган гапларни айтишни канда қилмадим. Иккимиз ошхонада иш қилсак “Яхшиям сен борсан, қизим, сенсиз қийналиб қолардим” деб уни хурсанд қилардим. Шу арзимаган ишлар қизимни менга тобора яқинлаштириб борди.

Бора-бора қизимга яқинлигим шу даражага етдики, ҳатто унга мактублар ёзиб китоб-дафтарларининг орасига ёки тушлиги солинган идишга қистириб қўядиган бўлдим. Бу ишни қизим мактабга борганида уни яхши кўришим битилган мактубимни ўқиб хурсанд бўлсин, кайфияти кўтарилсин деб қилардим.

Орадан бир ой ўтар-ўтмас қизимнинг менга муносабати тубдан ўзгарди. Энди у менинг ҳар бир гапимни жон қулоғи билан эшитар, менга ҳадеб қаршилик қилавермас, жеркимас эди. Қолаверса, ўзининг ичидаги гапларини, дугоналарига ҳам айтмайдиган сирларини яширмасдан ўзимга айтадиган бўлди. Мен эса бир тарафдан шунча пайтдан бери ғафлатда қолиб, қизим билан узоқлашганим учун у билан мулоқот қилиш роҳатидан бебаҳра қолганимдан афсус чексам, бошқа тарафдан фарзандим билан орамиздаги масофани яқинлаштирган, орамиздаги тўсиқларни кўтарган Аллоҳга ҳамд айтардим.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

 

Read 1113 times

Мақолалар

Top