Мақолалар

Гаров боғлаб таом ейиш жоизми?

 

Cавол: Танишим: “Бир тандир сомсани ҳаммасини еб юбора оламан”, деди. Сотувчи эса унга: “Агар, ҳаммасини еб юборсанг, пулини тўламайсан, лекин бир дона ёки бир луқма қолса ҳам, ҳамма пулини тўлайсан”, деб шарт қўйди. Ушбу савдо жоизми?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Йўқ, бундай савдо дуруст эмас. Чунки биринчидан бу шарт билан савдолашишдир. Ҳолбуки, динимизда савдо тақозо қилмайдиган ҳар қандай шарт билан савдолашишдан қайтарилган. Бу ҳақида “Фосид бай”, яъни нотўғри савдо турларини санаб, бундай дейилган: “Савдо тақозо қилмайдиган ва унда сотувчи ёки харидордан бирига манфаат мавжуд бўлган шарт билан савдо қилиш ҳам фосид байдир (нотўғри савдодир)” (“Мухтасарул-виқоя” китоби).

Юқоридаги савдода ҳам айнан шундай шартли келишув амалга оширилмоқда. Яъни маълум бир таом (сомса)ни ҳаммасини еб юборса, пул тўламайди. Демак, бунда харидор учун манфаат бор. Аксинча, шарт бажарилмаса, ҳамма пулини тўлайди ва бунда сотувчи учун манфаат бор. Чунки у бир тандир сомсани пулини олади. Бу шарт эса, байни фосид қилади.

Иккинчидан, бу келишувда гаров бойлаш ҳам мавжуд бўлиб, икки томондан бирига манфаат, иккинчи томонга зарар бўлса, бу ерда қимор маъноси юзага чиқади. Маълумки, Ислом динида қимор қаттиқ қораланган ва гуноҳи кабиралардан биридир. Аллоҳ таоло “Моида” сурасида бундай хитоб қилган: «Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр (ароқ), қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз» (Моида сураси, 90-оят).

Учинчидан, динимизда тўйганидан кейин таомланиш ҳаром қилинган. Бу борада бундай дейилган: "Киши агар, тўйганидан ортиқ таом еса, ҳар қандай емак бўлсин, ҳаром бўлади" (“Баҳрур-роиқ шарҳу канзуд дақоиқ” китоби). Чунки тўйганидан кейин таомланишда инсон саломатлиги учун жиддий зарар бор.

Шунга кўра, юқоридаги каби шарт ва гаров ўйнаш аралашган ҳамда инсон саломатлиги учун хавф туғдирадиган савдо турлари шаръан ножоиздир. Валлоҳу аълам.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази.

Read 1325 times

Мақолалар

Top