Мақолалар

Фитрат уйғонса, ғафлатда  қолманг...

Дину диёнатдан йироқ бир киши ижтимоий тармоқда бундай ёзади: “Кеча кечқурун ичимда жуда қаттиқ оғриқ пайдо бўлди. Қорним буралиб, ўзимни ичакларим узилиб кетгандай ҳис этдим. Шу он бирдан Аллоҳ хаёлимга келди. Гуноҳларим кўз ўнгимдан ўтди. Қилиб юрган ишларимга, намоз ўқимай, фисқу фужурга ботганимга афсус чекдим. Зудлик билан тавба қилдим”.

 

Аслида, инсон шундай бўлади. Бошига синов келдими, Раббисини эслаб қолади. Ҳатто ғайридин талабалар ҳам имтиҳон олдидан “Аллоҳ!” дейди. Дардига шифо тополмаган беморлар-да Яратганга ёлворишни бошлаб, ибодатга шўнғийди. Буларнинг барчаси табиий равишда, инсоннинг ич-ичидан келади. Нега синовли дақиқаларда одам Аллоҳга қайтиб қолади?

Ўтмиш саҳифаларини варақлайдиган бўлсак, тарихда урушлари билан ном қо­зонган қўмондонларми, жанглари билан барчани титратган аскарларми – барчаси жанг олдидан Раббиларини эслаганлар.

АҚШда чоп этиладиган журналларнинг бирида ҳеч қандай диний таълим кўрмаган аскар бундай ҳикоя қилади:

“Уруш пайтлари, парашют ўйлаб топилганига ҳали кўп бўлмаган эди. Макта­бимда дин нималиги тушунтирилмаган. Қўпол қилиб айтсам, еб-ичишдан бош­қасини билмайдиган бўлиб ўсгандим. Лекин парашютдан илк сакраганимда у ҳали очилмасдан туриб ич-ичимдан “Эй Аллоҳ!” деб нидо қилганман. Очилмай қолса-чи, ерга қулаб тушсам-чи, деб роса қўрқиб кетганман. Бу сўз тилимга қандай келганидан ўзим ҳам ҳайрон эдим”.

Ҳа, ҳар инсон фитратда туғилган-у, би­роқ фитратидаги кўп нарсаларни унутгандир. Бироқ оғир дамларда одам табиатида беркитилган нарсалар ўзини ошкор қилади.

Аслида, бу ажабланарли вазият эмас. Чунки инсоннинг қалб тубида бундай туйғу мавжуд ва йўқ бўлиб кетмас. Ўша нарсанинг номи фитратдир. Қийин вазиятларда инсоннинг ана шу асл фитрати уйғонади.

Баъзида бизни дунё юмушлари, ҳою ҳавасга берилиш, моддиятга муккасидан кетиш каби ишлар ўраб олади. Қачонки хавф-хатар туғилса, мусибатлар бошимизга келса, ночор қолишимиз биздан моддият чангларини қоқиб туширади. Бу пайтда аста асл ўзлигимиз, фитратимиз намоён бўла бошлайди. Хоҳламасак-да, беихтиёр қалбдаги фитрат юзага чиқади.

Кишини энг катта бойлиги унинг иймонидир. У қанчалик мустаҳкам бўлса, одам шунча ҳаловатда бўлади. Гоҳида бошига оғир ташвиш тушган ёки умрининг сўнгги дақиқаларини яшаётган хотиржам инсонларни кўриб ҳайрон бўласан. Нега бунчалар хотиржам? Ахир бу дунёнинг ғамлари бошини хам қилиб турибди-ку, дейсан. Лекин Аллоҳ берган иймон деган буюк неъмат борки, унинг олдида ҳар қандай қийинчилик осон бўлиб кўринади. Аллоҳ иймонимизни ана шундай мустаҳкам қилсин.

Исломбек ДАДАБОЕВ,

Тошкент ислом институти

Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва

маърифат бўлими ходими

Read 1284 times

Мақолалар

Top