Мақолалар

Бахтли оила қуриш сабабларидан бири...(давоми)

Оилани мустаҳкамлайдиган ва барқарорлигини зиёда қиладиган омиллардан яна бири бу – эру хотиннинг “ўз ҳақларига риоя қилмоғи”дир.

Ҳар ким ўз ҳақларига риоя қилмоғи учун аввало нималар  ўзининг ҳақ-ҳуқуқларидан иборат эканини билиб олиши керак.

Эркаклар ўз ота-онаси, қариндошларига эҳтиром кўрсатишни яхши кўргани сингари аёллар ҳам ўз ота-онаси ва қариндошларини эҳтиром қилишни ёқтиради. Эр киши ўз аёлини нафис ва латофатли бўлишини хоҳлаганидек аёл ҳам ўз хожасининг келишган ва кўркам бўлишини истайди. Эр ўз аёлининг вафодор бўлишини қанчалик хоҳласа, аёл умр йўлдошининг ўзига содиқ бўлишини ундан-да кўпроқ хоҳлайди. Оилавий ишлар ҳам худди шундай, яъни ҳар икки тараф ҳам тенг ҳуқуқли бўлишини хоҳлайди.

Аслида оилада эр-хотиннинг тенг ҳуқуқлилиги динимиз буйруғидир. Бироқ тенг ҳуқуқлилик маъруф – яхши ишлардадир. Бизнинг бу сўзимиздан кейин динимиздан камчилик ахтармоқчи бўлган ёки уни яхши англаб етмаган кимсалар исломда аёлларга барибир чекловлар бор экан-да, дейиши мумкин.

Динимиздаги мазкур ҳолатни яхшилаб ўрганиб чиқилса, аёллар нафақат тенг ҳуқуқли, балки баъзи жиҳатларда эркаклардан кўра афзал ўринда экани зоҳир бўлади. Шунинг учун шариатимизда аёлларнинг эрлари билан тенг ҳуқуқли бўлган ва тенг ҳуқуқли бўлмаган ўринларини бирма-бир ўрганиб чиқамиз.

Аллоҳ таоло оилада эркаклар ва аёлларнинг ҳуқуқи тенг эканлигини баён қилиб қуйидаги оятни нозил қилган:

...وَلَهُنَّ مِثْلُ الَّذِي عَلَيْهِنَّ بِالْمَعْرُوفِ...

... Аёллар учун (белгиланган ҳуқуқлар) ўз меъёрида эркаклар (ҳуқуқи) билан тенгдир... (Бақара сураси, 228 оят).

Баъзи муфассир уламоларимиз оятдаги “маъруф”дан (яхши иш) мурод – инсон соғлом фикр эгалари бир овоздан яхши деб ҳисоблайдиган ишлардир, деб тафсир қилганлар. Буларга шахсий покликни сақлаш, ораста бўлиш, ташқи кўринишни чиройли қилиш, хушбўйланиш, кўркам кийиниш ва ҳоказолар киради. Булар эр-хотин ҳуқуқлари тенг бўлган ишларидир.

Эркак киши ҳам ўз аёли учун хушрўй кўринмоғи оилада муҳаббатни зиёда қиладиган омиллардан биридир. Чунки аёлининг зийнатланиб, пардоз қилишини ёқтирар экан, аёли ҳам ўзи учун хожасининг зийнатланишини хуш кўради.     

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: “Аёлим мен учун зийнатлангани каби албатта, мен ҳам у учун зийнатланаман. Аёлимдаги ҳақларимни адо этмоғим шу қадар гўзалки, унинг мендаги ҳақларини адо этмоғини тақозо қилади. Ахир Аллоҳ таоло: “...Яхшиликда аёллар учун (белгиланган ҳуқуқлар) эркаклар (ҳуқуқи) билан тенгдир...”, деб бежизга баён қилмаган”.

Аёл ва эркакнинг қайси жиҳатдан тенг ҳуқуқга эга эканини билиб олдик. Энди эркаклар устун қилинган жиҳатларнинг ҳикматларига бир назар ташласак.

Аллоҳ таоло аёлларни эркаклар билан ҳуқуқи тенг эканлиги баён қилиб оятнинг давомида қуйидагича истисно келтиради:

...وَلَهُنَّ مِثْلُ الَّذِي عَلَيْهِنَّ بِالْمَعْرُوفِ وَلِلرِّجَالِ عَلَيْهِنَّ دَرَجَةٌ وَاللَّهُ عَزِيزٌ حَكِيمٌ  

...Аёллар учун (белгиланган ҳуқуқлар) ўз меъёрида эркаклар (ҳуқуқи) билан тенгдир. Аёлларга нисбатан эркакларда бир даража (зиёдалик) бор. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир (Бақара сураси, 228 оят).

Аёлларга нисбатан эркакларга қайси жиҳатлардан устунлик берилгани ҳақида “Нисо” сураси, 34-оятида муфассал баён қилинган.

Демак, муфассир уламоларимизнинг юқорида келтирган тафсирларига биноан: аёллар яхши ишларда эркаклар билан тенг ҳуқуқли, лекин истисно ўлароқ эркакларда бир даража устунлик – ҳақдорлик бор, деган маъно ҳосил бўлади. Хўш, ана шу зиёда ҳақ-ҳуқуқлар қайсилар?

Жалолиддин Суютий роҳимаҳуллоҳ “Тафсирул-Жалолайн” китобида ушбу оятни “Эркакларнинг ҳуқуқларидаги зиёдалик – аёлларга бериладиган маҳр ва нафақа эвази ўлароқ аёлларнинг уларга итоат этмоғидир”, деб тафсир қилганлар.

Бундан эркаклар ҳуқуқидаги афзаллик аёлларнинг ўз эрларига итоат қилиши экани келиб чиқади. Бироқ бунинг эвазига аёллар маҳр ва нафақа эгасига айланадилар. Нафақа эса озиқ-овқат, кийим-кечак каби кундалик турмушда энг зарур бўлган нарсаларни ўз ичига олади. Демак, бу ерда аёллар алмаштираётган нарса эга бўлаётган неъматларининг муқобили ҳисобланади. Шундай экан, бу исломда аёлларнинг ҳуқуқи чекланган деган қарашнинг нотўғри эканини кўрсатиб беради.

Ҳақиқатда, эркаклар аёллардан кўра кўпроқ ҳуқуқларга эга. Аслида бу ҳуқуқлар умумий бир оилани бошқариш ҳуқуқининг жузларидир. Бироқ уни ҳуқуқ деб эмас балки мажбурият деб атасак тўғрироқ бўлади. Оилада бошқарувчилик ҳуқуқини Аллоҳ таоло ўзи белгилаб, Ўз каломида шундай марҳамат қилади:  

الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاءِ بِمَا فَضَّلَ اللَّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ وَبِمَا أَنْفَقُوا مِنْ أَمْوَالِهِمْ...

Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир (Нисо сураси, 34 оят).

Мажбурият дейишимизнинг боиси шуки, оила бошлиғи бўлиш эркакларга  оилани манзил-макон, озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа зарурий таъминотларни ҳозир қилиш мажбуриятини юклайди. Бундан ҳам муҳим ва асосий жиҳат шуки, оила бошлиғи елкасида оилани турли хавф-хатардан ҳимоя қилиш, ундаги оғирлик-машаққатларни ўз зиммасига олишдек улкан вазифа туради. Оилани ҳимоя қилиш, унинг таъминотини бажо келтириш йўлида қанчадан-қанча заҳматлар чекилади, озорлар кўрилади, руҳий ва жисмоний тазйиқлардан ўтилади, тўсиқлар олиб ташланади. Буларга қарши эса барча оғирликни ўзига оладиган метин ирода, бақувват жисм, ҳар-қандай ҳолатда ҳам вазминлик ва ақл-идрок билан қарор қабул қилиш, шу қарор туфайли келиб чиқадиган ҳолатларга тайёр бўлиш каби сифатлар керак бўлади. Аллоҳ таоло бу сифатларни эркакларга насиб қилган. Шунинг учун эркакларга бу мажбурият юкланган. Аёллар эса  латофат-у назокат узра яратилган. Шунинг учун хилқатларига мос равишда уларга  оила ва эрнинг ишларини юритиш, фарзандлар тарбияси топширилган.

Сўзимизни Умар розияллоҳу анҳунинг қуйидаги гаплари билан якунлаймиз: “Ўз оиласига хушмуомалалик борасида ҳеч бирингиздан афзал эмасман. Лекин мен аҳли аёлининг оғирликларини сиздан кўра зиммамга олувчироқман”.

Аллоҳ таоло барчамизни оилада ўз ҳақ-ҳуқуқларига риоя этувчи бандаларидан қилсин.  Зотан,  оила мустаҳкамлиги – жамият фаровонлиги гаровидир. 

Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,

ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири

 

Бахтли оила қуриш сабабларидан бири... (Бошланиши) 

Read 5736 times

Мақолалар

Top