Мақолалар

Бахтли оила қуриш сабабларидан бири...

Оила қуриш бир умрлик узоқ сафар бўлиб, агар ҳар икки тараф яхши ният ила холис бўлиб, бир-бирларининг ҳақларига риоя қилсалар, мазкур сафар бахт-саодат масканига айланиши тайин. Чунки Аллоҳ таоло Ўз каломи шарифида  оилани инсонлар учун хотиржамлик ва меҳр-муҳаббат топадиган маскан қилганини баён қилган:

 وَمِنْ آَيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَاتٍ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ 

Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир (Рум сураси, 21оят).

Оиладаги муҳитни соғломлаштириш, ундаги тотувликни ўз ҳолида ушлаб туришда эркак ва аёлнинг бирдек ўрни бор. Айниқса, ҳар икки тарафнинг бир-бири учун фидокор бўлиши, ўзини ўйлашни ортга суриши, бағрикенг бўлиб, ҳаёт сўқмоқларида тўғаноқ бўладиган ҳар қандай муаммони тадаббур ва вазминлик ила ҳал қилиш орқали оиладаги бахт-саодат  янада барқарорлашади.

Уламоларимиз оилани бахтли, турмушни фаровон қиладиган бир қанча омилларни санаб ўтганлар. Шу омилларнинг асосийларидан бири сифатида “оилада гўзал муносабатда бўлмоқ” ҳақида суҳбат қилсак.

Аҳли оила билан гўзал муносабат ўрнатмоқ Аллоҳ таолонинг мусулмон эрлар учун юборган буйруғидир. Аллоҳ таоло Ўз каломи шарифида: 

وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ

...У(аёл)лар билан тотув турмуш кечирингиз... (Нисо сураси, 19 ояти), деб барча мусулмонларга амр қилган.

Баъзи уламоларимиз ушбу оятнинг тафсирида аҳли оила ила гўзал муомалада бўлмоқ уларга озор беришдан сақланиш эмас, балки улардаги машаққат ва озорларни ўз зиммангга олишингдир, деб айтганлар.

Оиладаги тотувликни юзага келтирадиган асосий сабаб ҳар икки тарафнинг Аллоҳ таоло томонидан ўзларига буюрилган ишларга амал қилмоғидир. Агар эр ва хотин бир-бирининг ҳақларига динимизда буюрилганидек риоя қилсалар оилада тотувлик, иноқлик ва меҳр-муҳаббат юксак даражага кўтарилади.

Бу борада сийрат китобларимизда Шурайҳ исмли машҳур қозининг ҳаётларида бўлиб ўтган ажиб воқеа қуйидагича келтирилади:

Бир куни қози Шурайҳ роҳимаҳуллоҳнинг дўсти Фузайл роҳимаҳуллоҳ  унинг зиёратига келди ва унга “Уйингдаги ҳолатинг қандай?”, деб сўради. Шурайҳ роҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳга қасамки, йигирма йилдан бери таъбимни хира қиладиган ҳолатни учратмадим”, деди.

Фузайл роҳимаҳуллоҳ: “Бу қандай бўлиши мумкин, эй Шурайҳ”, деди. Шунда Шурайҳ роҳимаҳуллоҳ уйланишлари ҳақида ҳикоя қила бошлади:

“Бир солиҳ оиланинг каримасига совчи қўйдим. Никоҳ кечаси унинг хулқида камолот, динида гўзалликни кўрдим. Сўнгра туриб Аллоҳга солиҳа завжа насиб қилгани учун икки ракъат шукр намози ўқидим. Намоздан сўнг дуо қилдим. Сўнгра салом бериб қарасам аёлим ҳам мен ўқиган намозни адо этаётган, мен қилган шукр ва дуоларни у ҳам қилаётган экан. Меҳмонлар, қавм-қариндошлар кетиб уйда ўзимиз қолгач у томонга яқинлаша бордим. У эса: “Эй Абу Умайя, шошманг!” деди. Сўнгра туриб мен томонга келдида: “Эй Абу Умайя, мен бу ерга янги келган меҳмон аёлман, сиз нимани яхши кўрасиз-у, нимадан ғазабланасиз, буни билмайман. Шу боисдан ўзингиз ёқтирган нарсаларни ўргатинг, токи мен уларни муҳайё қилай. Сизга ёқмайдиган нарсаларни ҳам билдириб қўйинг, токи мен улардан йироқ бўлай. Дарҳақиқат, ўз қавм-қариндошларингиз орасида сизга тенг ва муносиб аёллар бўлган. Менинг қавм-қариндошларим орасида ҳам менга муносиб йигитлар бор эди. Лекин мен Аллоҳнинг тақдири илоҳийси ила Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ сизга жуфти ҳалол бўлдим. Менга боғлиқ ишларда Аллоҳдан қўрқинг. Аллоҳ таолонинг:

... فَإِمْسَاكٌ بِمَعْرُوفٍ أَوْ تَسْرِيحٌ بِإِحْسَانٍ...

“...Сўнгра (оилани) яхшилик билан сақлаш ёки чиройли суратда ажралиш (мумкин)... (Бақара сураси, 229)” оятини ўзингизга дастур қилиб, ўша дастур бўйича иш кўринг”, деди.

Мен ўтириб олдим. У эса мендан бирор фикр айтишимни кутиб турарди. Бироз тўхтаб қолдимда сўнгра унга қарата: “Хўп яхши, сиз менга шундай сўзларни айтингизки, агар мана шу сўзларингизда ростгўй бўлиб, уларни бажаришда собит турсангиз улкан ажр савобларга эга бўласиз. Ёки, аксинча бўлиб уларни тарк этсангиз икки дунёда сизнинг зарарингизга ҳужжат бўлади. Мен фалон-фалон нарсаларни ёқтираман, фалонларини эса ёмон кўраман, агарда  менда ва оиламда бирор яхшилик кўрсангиз ошкор қилинг, агар бирор иллат топсангиз уни сир сақланг. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “солиҳа аёл беркитувчи, ёмон аёл фош қилувчидир”-деб сифатлаганлар. Бошқа бир ҳадиси шарифда эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен ўз уйидан чиқиб эри устидан (бошқаларга) шикоят қиладиган аёлларни ёмон кўраман”, деб марҳамат қилганлар.

Яна бир ҳадиси шарифда Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У зот айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир аёл ҳеч бир сабабсиз эридан ўзини талоқ қилишни сўраса унга жаннатнинг ҳиди ҳам ҳаромдир (жаннатнинг ҳиди ҳам насиб қилмайди)”,- деб огоҳлантирганлар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло эридан беҳожат бўлолмагани ҳолда ўз эрига шукр қилмайдиган аёлга назар солмайди.  Шунинг учун ҳам менда ва оиламда бирор яхшилик кўрсангиз ошкор қилинг, агар бирор иллат топсангиз уни сир сақланг ”, деб айтдим”.

Аёлим: “Ўзимнинг ва сизнинг оилангизни қачон зиёрат қиламан, сизнинг бу борадаги фикрларингиз қандай?”, деди. Мен “вақти вақти билан, яъни улар малолланиб қолмаслиги учун бироз муддат ўтказиб, сафар орасини узиб-узиб борамиз. Ҳадиси шарифда ҳам “Вақти-вақти билан (орасини узиб-узиб) зиёрат қил, янада муҳаббат қозонасан (Табароний Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилган)”,  дейилган дедим.

 Аёлим: “қўшниларингиздан қайси бири учун уйингизга киришига рухсат беришимни хоҳлайсиз, кимларни ёқтирмайсиз?”, деди. Мен “Бану фалон солиҳ қавм, фалонийлар эса ундай эмас”, деб хабар бердим.

Шундан сўнг бир йилча муддат ўтди. Бир куни уйга келсам аёлимнинг онаси келиб аёлимга гўзал панд насиҳатлар қилиб ўтирган экан. Сўнг аёлимнинг онаси ўз қизини қандайлигини билгани ўлароқ менга қарата: “Эй Абу Умайя, аёлинг қандай экан?”, деди. Мен Аллоҳга қасамки, у энг яхши жуфти ҳалол, деб жавоб бердим. Қайнонам эса: “Эй Абу Умайя, бирор бир эркак учун ҳаддидан ошган, тантиқ аёлдан ҳам ёмонроқ нарса йўқ. Шу боисдан ҳам хоҳлаганингизча одоб беринг, ўзинг истаганча тарбия қилинг!”, дедида қизига юзланиб гўзал итоат этишга, менинг сўзларимга қулоқ тутишга буюрди. Мана йигирма йил ўтибдики, ҳанузгача аёлимдан таъбимни хира қиладиган ҳолатга дуч келмадим”.

Бир ўйлаб кўрайлик-а, Шурайҳ роҳимаҳуллоҳнинг уйларида уруш жанжал у ёқда турсин, ҳатто таъбларини хира қиладиган ҳолат йигирма йилда бирор марта ҳам содир бўлмаган. Буларнинг ҳаммаси эр-хотин динимиздаги кўрсатмаларга чиройли амал қилганлиги сабаблидир.

Шурайҳ роҳимаҳуллоҳнинг ўз аёлларига “агарда менда ва оиламда бирор яхшилик кўрсангиз ошкор қилинг, агар бирор иллат топсангиз уни сир сақланг” деб қилган насиҳатларига, ундан сўнг ҳадиси шарифларни келтириб ўтаётганига бир эътибор қаратайлик. Шурайҳ роҳимаҳуллоҳ тўғридан тўғри фалонларни қилинг, деб айтмасдан ҳадиси шарифни зикр қилиб, ўзи хулоса ясаб олишига имкон қолдирмоқдалар. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Яхши аёл беркитувчи, ёмон аёл фош қилувчидир” деб берган таърифларига муносиб бўлинг деганидир.

Динимизнинг оила ва унинг сирларига мустаҳкам туриб, алоҳида  эътибор қилганига бир қарайлик-а! Бу динимизда тарбия бешиги бўлган оиланинг муқаддас экани, унинг шаъни буюк эканига далолат эмасми?!

Агар бандалар оилани Аллоҳ таолога тоат ва ибодат мақсадида бино қилсалар албатта, Аллоҳ таоло икки жуфт орасига меҳр-шавқат, иноқликка тавфиқ беради. Аксинча оилани Аллоҳ таолога маъсият узра қурсалар уларнинг ўртасини ажратишга шайтон бошчилик қилади. Банда ўз Роббисига итоат қилар экан Аллоҳ таоло унга ҳикмат илҳом қилади, ана ўша ҳикмат туфайли банда икки дунё саодатига элтадиган тилсимларни очиб боради.

Аллоҳ таоло оилаларимизни тинч-тотув қилсин ва яна барчаларимизни оилада “яхшилик ила муроса қилувчилар”дан бўлишга муваффақ айласин. 

Жалолиддин Ҳамроқулов,

Тошкент ислом институти

“Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири

 

9543 марта ўқилди

Мақолалар

Top