Мақолалар

Отам менга ёрдамчи

Оилада ягона қиз фарзанд бўлганим учун ҳамма юмушлар менинг зиммамда эди. Бошида идишларни ювиш, уйларни супуриш, кийимларни тахлаш каби ишлар менга қизиқ туюларди. Бора-бора бу ишлардан безиллаб қолдим. Ошхона ҳам кўзимга ёмон кўринадиган бўлиб қолди.

Дадам менга бу ишлар ёқмаётганини билиб ошхона ишларида менга ёрдамлашадиган бўлдилар. Дадам ошхонага кириб онамнинг фартукларини тақиб олардилар. Кейин мен йиғиштириб келган идишларни енг шимариб ювишга киришардилар. Орада зерикиб қолмасин деб менга сув сачратиб ҳазиллашиб ҳам турардилар. Шу баҳона ўқишларим ва бошқа ишларим ҳақида дадам билан гаплашиб ҳам олардик.

Мактабимизда ўтказилган мусобақада ғолиб чиққан куним ҳеч эсимдан чиқмайди. Ўша куни дадам онамга “Бугун ошхонани қизим иккаламизга қўйиб бер” дегандилар. Кейин иккаламиз ошхонага кириб лаззатли таомлар, пишириқлар пиширгандик.

Шу тариқа дадам менга ошхона ишларини севдириб қўйгандилар. Ошхона ишларини қилаётганда ниятни тўғри қилиш, бу ишим сабабли уйимизда озодаликка ҳисса қўшишимни, бу эса хонадонга барака олиб келишини тушунтирардилар. Дадам менга уй ишлари ҳам, агар ният тўғри бўлса, ибодатга айланишини англатганлар. Кўпинча ўзлари идиш ювиб турганларида пичирлаб зикр қилардилар. Кейинчалик бу одатлари менга ҳам ўтди. Дадамнинг шарофатларидан ошхона ишларини завқ билан бажарадиган бўлдим. Бугун ошхонага кирсам, дадам ёдимга тушадилар. Ҳақларига хайрли дуоларимни йўллайман.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Read 1025 times

Мақолалар

Top