Мақолалар

Қулоғингизни кесманг!

Ҳикоя қилинишича, бир давлатнинг маликаси подшоҳи учун валиаҳд дунёга келтириши кечикиб кетибди. Подшоҳ мамлакатнинг турли минтақаларига элчилар жўнатиб энг яхши табибларни йиғиб келибди. Аллоҳ маликага ўша табибларнинг қўли билан шифо бериб, малика валиаҳдга ҳомиладор бўлибди.

Подшоҳ қувончдан кўкларга учибди ва шаҳзода туғилишини кун санаб кутибди. Ниҳоят муддати етиб валиаҳд дунёга келганда ҳаммани даҳшат қуршаб олибди. Гап шундаки, бола бир қулоқли бўлиб туғилган экан!

Подшоҳ бундан қаттиқ безовталанибди ва шаҳзода улғайгач ундаги бу нуқсон тахтга ўтиришдан мосуво қилиб қўйишидан қўрқибди. У масалага ечим топиш мақсадида ҳамма вазирлари-ю маслаҳатчиларини йиғибди. Маслаҳатчилардан бири бундай дебди: Подшоҳим, бунинг ечими жуда осон. Янги туғиладиган болаларнинг ҳаммасини туғилган пайти битта қулоғини кесиб чиқиш керак. Шунда шаҳзодамиз улғайганда ҳамма у билан бир хил бўлади.

Подшоҳга бу фикр ёқибди ва туғилган чақалоқнинг битта қулоғини кесиб қўйиш бу мамлакатда одат тусига айланибди.

Орадан бир неча ўн йил ўтиб аҳолининг ҳаммаси бир қулоқли бўлиб қолибди!

Бир куни бошқа мамлакатдан бир йигит келиб қолибди, унинг одатдагидек иккита қулоғи бор экан. Мамлакат аҳолиси бу ғариб ҳолатдан ажабланишибди ва уни ўртага олиб масхаралашибди. Уни мазаҳлаб “Ҳой икки қулоқли” деб чқиришар экан!

Охири барибир тинч қўймай, ўзларига ўхшатиб қўйиш учун унинг ҳам битта қулоғини кесиб қўйишибди. Шундай қилиб жамият тўлалигича манқуртга айланибди. Бундай ҳолат тарихда минг маротабалаб кузатилган.

Аллоҳ таоло пайғамбарларни жамиятдаги мана шундай фикрий ва диний тўсиқларини, қолоқликларини тўғирлаш учун юборади.

Мана масалан Иброҳим алайҳиссаломнинг жамиятига ширк ғов бўлган эди. Иброҳим алайҳиссалом улар ичида ёлғиз бўлсалар ҳам уларнинг манқуртлигига қўшилмадилар.

Лут алайҳиссалом халқи ўша бузуқ иш билан машҳур эди. Лут алайҳиссалом улар ичида ёлғиз бўлсаларда уларнинг бузуқлигига қўшилмадилар.

Хато иш ҳамма одамлар қилса ҳам хатолигича қолаверади. Тўғри иш ҳеч ким бажармасада тўғриб ўлиб қолаверади!

Қулоғингизни кесманг!

Тўғри йўлда эканингизга ишонгиз комил бўлса, бошқаларни рози қиламан деб ундан оғманг. Ахир улар хатоларидан хижолат бўлишмаяпти-ку, сиз нега тўғрилигингиздан хижолат бўлишингиз керак?!

Доим ёдда тутинг, Қуръони каримнинг қайсики жойида “Кўпчилик одамлар” сўзи келган бўлса, доим кетидан:

Ё “Билмайдилар” (Аъроф сурасининг 187-оятида, Юсуф сурасининг 21, 40, 68-оятларида, Наҳл сурасининг 38-оятида, Рум сурасининг 6 ва 30-оятида, Сабаъ сурасининг 28 ва 36-оятида, Ғофир сурасининг 57-оятида, Жосия сурасининг 26-оятида);

Ёки “Ақл юритмайдилар” (Моида сурасининг 103-оятида, Анкабут сурасининг 63-оятида, Ҳужурот сурасининг 4-оятида);

Ёхуд “Иймон келтирмайдилар” (Ҳуд сурасининг 17-оятида, Раъд сурасининг 1-оятида, Ғофир сурасининг 59-оятида) сўзи келган. Шу учта сўз доимо “кўпчилик одамлар” сўзи билан ёнма-ён келади.

Бундан келиб чиқадики кўпинча жамиятдаги одамларнинг аксарияти хато йўлда бўлади ва бу билан “кўпчилик тарафда бўлиш керак” деган ғоя пучга чиқади.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 1036 times

Мақолалар

Top