Мақолалар

Биз билмаган ҳикмат

Чигиртка қишлоқ хўжалиги учун энг хатарли зараркунанда эканлиги кўпчиликка маълум. Вақти-вақти билан чигиртка пайҳон қилаётган ерлар ҳақида эшитиб ҳам турамиз. Қуронда Фиръавн қавмига айнан чигиртка балоси юборилгани бундай баён қилинади: «Бас, уларнинг устидан тўфон, чигиртка, мита, бақа ва қонларни очиқ-ойдин ва муфассал белгилар қилиб юбордик. Бас, улар мутакаббирлик қилдилар ва жиноятчи қавм бўлдилар» (Аъроф сураси, 133-оят).

Бироқ чигиртка ҳақида кўпчилик билмаган ҳикмат ҳам бор. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Умар розияллоҳу анҳу халифалик қилган йилларнинг бирида чигиртка камайиб кетди. Умар розияллоҳу анҳу суриштирсалар ҳам бирор хабар топилмади ва бундан ғамга чўкдилар. Шунда чигиртка кўриниб қолармикин, деб Яманга, Шомга, Ироққа биттадан чопар юбордилар.

Ниҳоят Яманга жўнатилган чопар бир ҳовуч чигиртка олиб келди. Буни кўриб Умар розияллоҳу анҳу такбир (Аллоҳу Акбар) айтиб юборди. Сўнг бундай деди: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳ мингта умматни яратди. Олти юзтаси денгизда. Тўрт юзтаси қуруқликда. Бу умматлар ичида ҳалок бўладиган нарсаларнинг аввалгиси – чигиртка. У ҳалок бўлгач, (бошқалар ҳам) ҳудди ипи узилган марвариддек эргашиб (ҳалок бўлади)”, деганларини эшитганман” (Ибн Касир тафсиридан).

 Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ

Асака тумани “Холид ибн Валид” жоме масжиди ходими

Read 6694 times

Мақолалар

Top