Мақолалар

Сажда изи

Мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таолога сажда қилади. Натижада уларнинг вужудида сажда изи қолади. Намозхонларнинг бу сифати дунё ва охиратдаги белгисидир. Улар шу билан бошқа пайғамбарлар умматидан ажралиб туради. 

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир. У билан бирга бўлганлар кофирларга қаҳрли, ўзаро раҳм-шафқатлидирлар. Уларни Аллоҳнинг фазли ва ризосини истаб руку ва сажда қилган ҳолларида кўрасиз. Юзларида сажда асоратидан аломатлар бор. Бу уларнинг Тавротдаги мисолларидир...” (Фатҳ сураси, 29-оят). Тафсир китобларида “Ояти каримада Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва салламга эргашган иймонли бандалар ва у зотдан кейин келадиган ер юзидаги барча мўмин-мусулмонларнинг сифати баёни келади.

Дарҳақиқат, саҳобалар Аллоҳга куфр келтирган кимсаларга, улар ҳатто энг яқин кишилар бўлсалар ҳам, ниҳоятда қаттиққўл, қаҳрли, муросасиз бўлишган, ўзларига ўхшаган иймон эгаларига эса ўта раҳм-шафқатли, ҳар бир ишда дарров ёрдам, меҳрибонлик кўрсатишган.

Яна улар Аллоҳнинг фазли ва розилигини истаб, у буюрган ибодатларни тўкис адо этишган, руку ва сажда каби арконларига тўлиқ риоя қилган ҳолда намозларини вақтида ўқишади. Улар дунё ҳаётида парвардигорига шунчалар кўп сажда қилишадики, бундан уларнинг пешонларида сажда излари қолган бўлади. Мўминларнинг мана шундай сифатлари Аллоҳ нозил қилган Таврот ва Инжил каби самовий китобларда ҳам келган...”, дейилади.

Мўмин-мусулмонлардаги сажда излари ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дўзах Одам боласининг сажда изинигина емайди. Чунки Аллоҳ дўзахга сажда изини ейишни ҳаром қилган", дедилар (Имом Бухорий ривояти).

 Аллоҳ таоло ибодатларимизни мақбул, вужудимизда сажда изларини барқарор айласин! 

Руҳиддин АКБАРОВ,

Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими  

Read 1182 times

Мақолалар

Top