Мақолалар

Балиқ

Болалигимда балиқни ёқтирмасдим. Лекин уйимизда балиқ пиширилган кун мен учун энг қувончли кунлардан бири бўларди. Чунки менинг балиқни хушламаслигимни билган дадам менга албатта бошқа таом пишириб берардилар.

Онам балиқ пишириш билан овора бўлган пайтлари балиқнинг ёнидаги қозонда дадамнинг қўлларидан мен учун бошқа нимадир таом пишаётган бўларди. Ҳаммага балиқ тортилганда отам ўз қўллари билан менга тайёрлаган тоамларини сузиб келардилар. Ўшанда ўзимни жуда бахтиёр сезардим. Ич-ичимдан қувонардим. Йўқ, ўзим ёқтирган овқатни еганим учун эмас, балки, дадамнинг эътиборлари, менга меҳрибончилик қилишлари шундай таърифлаб бўлмас бахтни туйишимга сабаб бўларди.

Отам мени шу даражада яхши кўриб, шундай эътибор билан овқат тайёрлардиларки, ҳатто мен уйимизда кечки овқатга ҳар куни балиқ бўлса эди деб орзу қиладиган бўлиб қолгандим. Чунки балиқ бўлган куни дадам менга албатта бошқа овқат пишириб беришларини билардим.

Ёшим улғайганда дадам менга овқат пиширишни ўргатдилар. Деярли ҳар куни бир неча соатни ошхонада ўтказардик. Дадам менга турли таомлар пиширишни койимасдан, жеркимасдан, сабр билан ўргатардилар. Хато қилсам, овқатни куйдириб юборсам, бемаза қилиб қўйсам урушмасдилар. Отам билан овқат пиширишни ўзгача завқи бор эди.

Бориб-бориб ҳамма овқатларни ўзим мустақил қиладиган бўлдим. Онам ҳам ошхона ишларини бутунлай менга топширдилар. Лекин дадам ошхонага кириб тез-тез менга қарашиб турардилар.

Орадан йиллар сувдек оқиб ўтиб кетди. Бу орада отамни ҳам, онамни ҳам тупроққа қўйдик. Мен ҳам улғайиб катта аёл бўлдим. Болалигимда ёмон кўрганим балиқни севиб ейдиган бўлиб қолдим. Чунки менинг кўп хотираларим шу балиқ билан боғлиқ.

Бугун дастурхонга балиқ тортилса ёки бозор расталари оралаб сотилаёган балиқни кўрсам, марҳум отам кўз олдимга келадилар. У кишининг мен учун алоҳида таом тайёрлаб беришлари, ишдан чарчаб келган бўлишларига қарамай хафсала билан ошхонага кириб мен севган таомлардан пиширишлари, ошхонада иш қилганимда кириб менга ёрдам беришлари, ҳамма-ҳаммаси бир-бир хотирамда жонланиб кўзимга ёш келади, отамни ғойибона дуо қиламан.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Read 1022 times

Мақолалар

Top