Мақолалар

Менинг айбимни яширганингиздек, Аллоҳ айбингизни беркитсин!

Олим ва обид зот Аҳмад ибн Маҳдий айтган экан: “Боғдоддалик вақтимда бир куни тунда олдимга бир аёл келиб, фалончининг қизиман деб айтди. У менга: “Бошимга бир синов келди, Аллоҳнинг номини ўртага қўйиб сўрайман, айбимни яширинг!”, деди.

Мен: “Хўш, нима бўлди ўзи?” дедим.

У: “Мен ҳомиладор бўлиб қолдим ва одамларга сизни эрим деб, қорнимдаги бола сиздан деб айтдим. Илтимос, мени шарманда қилманг, мени сатр этинг, Аллоҳ сизни сатр айласин!”.

Мен индамадим, у кетди, кўп ўтмай кўзи ёриди. Кейин маҳалла имоми келиб, мени одамлар орасида чиройли фарзанд билан қутлади, одамлар ҳам табриклашди. Мен ўзимни бундан хурсанд бўлгандек кўрсатдим.

Эртаси куни икки динорни олиб имомга бердим ва айтдимки: “Буни ўша аёлга етказиб қўйинг, болага ишлатсин. Ўзим берай десам, уни илгари талоқ қилгандим, ажрашган эдик”.

Шундай қилиб ҳар ой имом орқали унга икки динор юбориб турадиган бўлдим. Орадан вақт ўтиб бола вафот этди, кейин одамлар менга ҳамдардлик билдиргани келдилар. Мен уларга ўзимни маҳзун ҳолда Аллоҳнинг тақдирига рози бўлиб турган отадек қилиб кўрсатдим.

Яна бир неча кун ўтгач, ҳалиги аёл тунда ёнимга келди ва мен унга имом орқали юборган динорларни қайтариб берди ва дедики: “Менинг айбимни яширганинигиздек Аллоҳ айбингизни беркитсин!”.

Мен эса унга: “Бу пуллар мендан болага ҳадя эди, улар энди сеники, бу энди сенга мерос, хоҳлаганингча ишлатишинг мумкин”, деб айтдим.

Ибн Маҳдийдек одамлар қани, орамизда борми?!

Ҳаммамиз одамларнинг ноқулай ҳолатларига, хатоларига гувоҳ бўлиб турамиз, агар уларни яширсак биласизми бизни қандай мукофот кутиб туради?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Кимки бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ дунё-ю охиратда унинг айбини яширади”.

Қанчадан-қанча одамларнинг шармандали ҳолатини ифода этган хабарларни тарқатамиз, кейинчалик бу уятга қўйишдан бошқа нарса эмаслиги, шунчаки кимгадир озор бериб гуноҳга қолганимиз ўзимизга маълум бўлади.

Ахир хато қилган одам хатосини тушуниб етган бўлиши ва қайтиб қилмасликка аҳд қилган бўлиши мумкин-ку! Биз эса унинг хатосини оммага жар солишда давом этавермаиз…

Интернетда ҳам шундай хабарлар тўлиб ётибди. Битта одамни ўртага олиб айби қайта-қайта гапирилаверади. Кейин биз ҳам “ҳамма жойга тарқалиб кетди-ку”, дея тарқатаверамиз.

Агар унинг ҳолини ўзимизда тасаввур қилиб кўриб, айбини яширганимизда эди, Аллоҳ бизга бу учун ажр-мукофот берган бўларди. Ҳатто бу хабар бошқалар томонидан тарқатиб юборилса ҳам. Зеро, амаллар нийятларга биноандир!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 1202 times

Мақолалар

Top