Мақолалар

Биргина масала бизни бўлиб юборадими?!

Юнус ибн Абдул Аъло ўзининг устози Имом Муҳаммад ибн Идрис Шофеий масжидда дарс ўтаётганда у билан бир масалада баҳслашиб қолибди.

Кейин Юнус ғазаб билан туриб, дарсдан чиқиб кетибди. Кеч кирганда Юнус уйининг эшиги тақиллаганини эшитибди. Эшик олдига келиб дебди:

- Ким бу?

- Муҳаммад ибн Идрисман.

Юнус айтади: “Исми-шарифи Муҳаммад ибн Идрис бўлган ҳамма танишларимни қидириб кўрдим, лекин Шофеийдан бошқасини топа олмадим. Эшикни очиб қарасам, ҳақиқатан ҳам Шофеий турибди, ҳайратда қолдим!”

Имом Шофеий айтдики: “Эй Юнус, бизни юзлаб масалалар жамлаган, энди битта шу масала орамизни ажратиб юборсинми?!”.

Бундан олинадиган хулоса шуки, ҳамма ихтилоф, тортишувларда ҳам ютиб чиқишга ҳаракат қилаверманг. Кўпинча қалбларни қозониш вазиятларни қозонишдан афзалроқ бўлади!

Ўзингиз қурган, ўзингиз устидан ўтиб юрадиган кўприкни бузманг! Бугун-эрта яна ундан ўтишингизга тўғри келиши мумкин!

Доим хатони ёмон кўришга, хато қилувчини ёмон кўрмасликка одатланинг! Маъсиятга ғазаб қилинг, аммо маъсият қилган одамга яхши муносабатда бўлинг!

Гапни танқид қилинг, бироқ уни айтган одамни ҳурмат қилинг!

Бизнинг ҳаётдаги мақсадимиз, вазифамиз касалликка ташхис қўйиш, касалларга ташхис қўйиш эмас!

Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида бир неча марта тортишишган, фикрий баҳслашишган, бироқ у зот алайҳиссалом ҳеч бирларини койимаганлар.

Масалан, икковлари Қуръонни жамлаб, битта китобга йиғиш ёки йиғмаслик масаласида баҳслашишган. Лекин бир-бирларига тескари бўлиб қолишмаган.

Умар розияллоҳу анҳу Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу билан баҳслашганлар, лекин бир-бирларига тескари бўлиб қолишмаган.

Абу Зарр розияллоҳу анҳу бир қанча саҳобалар билан баҳслашганлар, бироқ уларга душман бўлиб қолмаганлар!

Хўш, нега энди биз баҳслашсак, уришишимиз керак, бир-биримизнинг қонимизни тўкишимиз керак?!

Исломда баҳслашиш одоби қаёқда-ю, биз қаёқдамиз?!

Бугун биз фикрларимиз билан баҳслашар эканмиз, сафимизни бир тутишга жуда ҳам муҳтожмиз. Фикримиз бир бўлиши шарт қилинмаган, балки мусулмон шахс ўлароқ сафимиз бир бўлиши шарт қилинган. Ақлимиз, фикрларимиз бирдек бўлиши шарт эмас, қалбимиз бир бўлиши, бирдек уриши шарт!

Кимдир олдингизга узр сўрааб келса, уни ўтиб юборинг!

Олдингизга ғамгин одам келса, жим ўтириб, унинг дардини эшитинг!

Муҳтож одам сиздан ёрдам сўраб келса, Аллоҳ сизга берган нарсалардан унга беринг!

Олдингизга насиҳат қилгани одам келса, унга раҳмат айтинг!

“Экинингиз” фақат “тикан” ҳосил берса ҳам, яна “гул” экаверинг, иккиланманг!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 1818 times

Мақолалар

Top