Мақолалар

Муборак ой кириб келмоқда!

Ойларнинг султони, яхшилик ва саховат, меҳр-мурувват ойи бўлган Рамазон соя солмоқда. Бутун ислом олами Рамазон ойини ҳар вақт хурсандчилик ва шодлик билан кутиб оладилар.Чунки бу ой тоат-ибодат,раҳмат ва барака мавсумидир.Бундан ҳам ортиқ хурсандчилик борми?

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб:“Айтинг, Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, албатта, шулар сабабли мўминлар шодлансинлар. У тўплаган нарса (бойликлари)дан яхшироқдир”(Юнус сураси, 58-оят)деган.

Бу ой сабаб жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилиб, шайтонлар кишанланади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон Рамазон ойининг аввалги кечаси бўлса, шайтонлар ва ўзбошимча жинлар кишанланур. Дўзахнинг эшиклари ёпилур. Улардан бирор эшик очилмас. Жаннатнинг эшиклари очилур. Улардан бирор эшик ёпилмас. Бир нидо қилгувчи:«Эй, яхшилик истовчи, келиб қол! Эй, ёмонлик истовчи, бас қил!» деб нидо қилур. Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинган(банда)лари бўлур. Ҳар кеча шундоқ бўлур”, дея умматни фурсатни ғанимат билишга ундаганлар.

Демак, ана шундай улуғ онларда, жаннатлар очилган, дўзахлар ёпилган, шайтонлар кишанланган, Аллоҳнинг раҳмати ёғиб турган лаҳзаларда қилинган ибодатнинг самараси ҳам ўзгача бўлади, ибодатни мукаммал бажариш ҳам бандаларга осонроқ кечади. Қолаверса, банда ўзини тарбиялаши учун бу катта имконият ва фурсатдир.

Ушбу муборак ойда рўза тутиш билан инсон ўз нафсини тарбиялайди. Нафси устидан ғолиб келиб, руҳи енгил тортади. Фақат рўза тутувчигина бунинг руҳий лаззатини ҳис эта олади. Рўзада инсоннинг руҳи нафсини жиловлайди. Бу илоҳий тарбия ойида рўзадор киши ёлғон гапириш, ғийбат, туҳмат, чақимчилик ва уруш-жанжал каби иллатлардан сақланиб, доимо тилини ёмон сўзлардан, беҳуда гаплардан тиймоғи лозим. Зеро, кимки рўзадор бўлатуриб, ёлғончилик, чақимчилик ва ғийбатдан тўхтамаса, унинг оч-наҳор юриб рўза тутганидан фойда йўқ.

Рамазоннинг яна бир фазилати шуки, бу – маънавий покланиш ва ахлоқни сайқаллаш ойи. Рўзадор киши ўзини нафақат еб-ичишдан, балки номаъқул гап-сўз ва ишлардан ҳам тиймоғи лозим. Афсуски, бу ҳақиқатни унутиб қўйиб, рўзадор бўлишига қарамай кун бўйи беҳуда, ёлғон ва ғийбат гап-сўзлар, номаъқул ишлар билан машғул бўладиган ёки одамлар билан талашиб-тортишадиганлар ҳам йўқ эмас. Ваҳоланки, бундай ишлар рўзанинг савобини кетказади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким ёлғон гапиришни, унга амал қилишни тарк қилмаса, унинг рўза тутиб, ейиш ва ичишдан тийилишига Аллоҳ муҳтож эмас”, – деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса“Агар бирортангиз рўзадор бўлса, беҳаё сўзларни гапирмасин ва жоҳиллик ҳам қилмасин. Агар биров у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, “мен рўзадорман, мен рўзадорман”, десин” дейилган.

Ҳар бир инсон яхши амалларни адо этар экан, унинг Аллоҳ ҳузурида қабул бўлишини умид қилади. Бунинг учун, аввало, ҳар бир амални ихлос билан бажариши лозим.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Энг афзал садақа Рамазондаги садақадир”, деганлар.Чунки Парвардигорнинг бундай ваъдаси бор: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур). Кимки (бир) ёмон (гуноҳ иш) қилса, фақат ўша (гуноҳ) миқдорида (бир гуноҳга яраша) жазоланур. Уларга ноҳақлик қилинмагай”(Анъом сураси, 160-оят).

Ҳақиқатан, бирор кишига бир нарсани эҳсон қилсангиз ёки унга бирор яхшилик кўрсатсангиз, бундан дилингиз равшан тортади, руҳий хотиржамлик юзага келади, ўзгаларга манфаат етказганингиздан хурсанд бўласиз. Эҳсон қилинган киши ҳам ўзига кўрсатилган яхшиликдан севинади, дилида сизга муҳаббат пайдо бўлади, агар сизга ичида сақлаб юрган кеки бўлса, унутади. Шу тариқа жамиятда кишилар ўртасида тотувлик, ҳурмат-эҳтиром пайдо бўлади, душманчиликлар барҳам топади, осойишталик ва фароғат барқарор бўлади. Шундай экан, ўзимиз яшаётган маҳаллаларда кам таъминланган оилаларни, боқувчисини йўқотган фуқароларни ва ёлғиз кексаларни яхши биламиз. Биз уларга қўлимиздан келганича моддий ёрдамларимизни кўрсатиб, Аллоҳ таоло томонидан бериладиган ажру-савобларга эга бўлайлик.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакиллиги барча мўмин-мусулмон халқимизни моҳи Рамазон билан чин дилдан муборакбод этади. Аллоҳ бу ойни барчамизга хайрли ва баркотли айласин!

Убайдуллоҳ АБДУЛЛАЕВ,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби

Read 1184 times

Мақолалар

Top