Мақолалар

Майда-чуйда ишлардан халос бўлиш мумкинми?

Йўлбарс ҳеч пашша овлаб юрганини кўрганмисиз?! У пашшага бошини кўтариб ҳам қарамайди. Сиз худди йўлбарс каби бўлинг, майда-чуйда, беҳуда нарсалар билан шуғулланманг.

Олийларга интилиб яшанг!

Арзимас ишлар билан ўралашиб қадрингизни туширманг. Шундай одамлар борки, ўзи жуда шижоатли, муаммолар, машаққатларни енгиб ўтишда ғайратли бўлади-ю, лекин майда-чуйда, арзимас ишларга берилиб, катта ишлардан қолиб кетади.

Аслида аҳамиятсиз бўлган нарсалар ҳозирги замонимизда катта мусибатларга сабаб бўлмоқда. Машина, уй, пул, кийим-кечак, матоҳлар кўпчилик одамларнинг ҳаётидаги асосий мақсади бўлиб қолган. Ҳолбуки буларнинг бари йўл-йўлакай бўлиб кетаверадиган нарсалар. Ҳаётингиз мазмуни қилиб олишга арзигулик нарсалар эмас! Одамлар ўртасидаги кичкина муаммолар ҳам мана шу арзимас матоҳлар туфайли юзага келадиган бўлиб қолган. Эр-хотин ўртасидаги жанжал, озгина пулдан ажралиб қолиш, икки шерик ўртасидаги келишмовчилик ҳам шу майда-чуйда нарсалар туфайли вужудга келаётгани сир эмас. Бундай яшаш кўпчилик одамларни муаммоларга гирифтор қилмоқда, холос!

Майда нарсалар билан ўралшиб юрманг, ундай нарсаларга ўзидан катта ҳажм бериб юборманг. Йўқса, бу нарсалар тез орада ҳаётингизни бузади. Ўзингиздан чиқаётган, содир бўлаётган нарсаларга жуда эътиборли бўлинг.

Одамларни кечирувчан бўлинг, шу хатоларни мен ҳам қилиб қўйишим мумкин эди, денг. Шунда улар сиз хато қилганингизда кечиб юборишади ва яхшиям шундай қилган эканман, дейсиз.

Ишларга сиқилманг. Энг оқил одам ҳамма нарсага ўзига муносиб ҳаққини бера олган одамдир. Асабларингизни асранг, вазмин бўлинг!

Ҳаётингиздаги мақсад борасида қайта-қайта фикрлаб юринг. Ўзингиз учун янги мақсадлар қўйинг ёки эски мақсадларингизни янгиланг, сўнгра уларни амалга оширишга киришинг!

Вақтингизни, соғлиғингизни оладиган беҳуда ишлар билан шуғулланиш ўрнига олдингизга каттароқ мақсад қўйинг ва мақсадингизни жуда олий қилинг. Сизга ва атрофингиздагиларга муҳим бўлган, уларга фойдаси тегадиган ишлар билан банд бўлинг.

Ўзингиздан содир бўладиган ҳаракатларни яхшилаб кузатинг. Сизни майда ишларга ўралаштириб қўядиган қарорлар қабул қилишдан эҳтиёт бўлинг. Мободо шундай хатога йўл қўйсангиз, ўзингизни дарров ўнглаб олинг, тузатса бўладиган нарсаларни тузатинг. Бу қийин иш эмас!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг “Метин қоялар” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

 

Read 600 times

Мақолалар

Top