Мақолалар

Яхшилигимиз ўзимизга қайтади

Хайру саховат, ўзига раво кўрилган яхшиликни бошқа мўминларга ҳам раво кўриш мусулмонга хос фазилатдир. Аллоҳ  таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам ҳам (Аллоҳнинг бандаларига) инфоқ-эҳсон қил!” (Қасос сураси 77-оят)

Ҳаётда санаб адоғига етиб бўлмайдиган неъматлардан баҳраманд бўлиб юрганимиз Аллоҳ таолонинг бизга меҳрибонлиги, марҳаматидандир. Шу боис имкониятимиз даражасида эҳсон қилишга буюрилганмиз.

Тўғриси, биз хайру саховатни, инфоқ-эҳсонни жуда тор маънода тушунамиз. Бирор нарсани кимгадир ҳадя қилишни ёхуд дастурхон ёзиб, тўрт-беш кишига таом беришнигина хайру эҳсон дейишга ўрганганмиз.

Ҳолбуки, бу ишлар эҳсоннинг энг кичик кўринишидир. Эҳсоннинг маъноси жуда кенг. У барча яхши амалларни қамраб олади. Ким бировга яхшилик қилса, аслида ўзига яхшилик қилган бўлади. “Агар (шундан кейин) чиройли амаллар қилсангизлар, ўзларингизга яхшилик қилган бўлурсизлар”. Оятнинг давомида бировнинг ёмонлик қилиши, бадхулқ, бахил бўлиши ҳам аслида ўша инсоннинг ўзига қилган ёмонлиги бўлиши айтилган. “Агар ёмон, гуноҳ амаллар қилсангизлар ҳам, ўзлариниз учундир” (Исро сураси 7-оят).

Аллоҳ таоло биз мусулмонларни динимизга, жамиятимизга фойда келтирадиган ҳар бир ишда ҳамкорлик қилишга буюради. Эҳсон билан тақвонинг ёнма-ён қўйилиши бежиз эмас. Аллоҳдан қўрқиб, яхшиликка уюшган кишилар жамоаси зарарлардан омонда бўлади. Ўрталарида меҳр-оқибат кучаяди. Уларнинг ҳаракатларини Аллоҳ файзли-баракали қилади.

Сўнги пайтларда ижтимоий тармоқлар орқали хайру саховат кўрсатамиз, оч, юпунларга ёрдам қўлини чўзамиз деб юрган кишилар ҳам, хайрия ташкилотлари, уюшмалари ҳам талайгина. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам беғараз эмас. Жумладан ҳозирги кунда ўзларини саховатпеша қилиб кўрсатиб инсонларнинг ишончига кириб фирибгарлик орқали даромад топаётганлар ҳам кўплаб учраб турмоқда. Энг ачинарлиси бундай шахслар ўзларича бир бемор ёки ётим учун деб турли акцияларни ўтказиб пул топиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда.

Хайру саховат туфайли инсон бу ўткинчи дунёда туриб, охиратга заҳира йиғиши, жаннатда тайёрлаб қўйилган неъматлардан насибадор бўлиши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Ким хайру саховат қилиб, кийимга муҳтож бир кишини кийинтириб, хурсанд қилса, Аллоҳ саховатли инсонни жаннат кийимлари билан кийинтиради. Ким егуликка муҳтож, оч кишини тўйдирса, таомлантирса, жаннатдаги таомлардан сероб бўлади”.

Икки дунёси обод бўлишини орзу қилган мусулмон Қуръони каримнинг бундай мазмундаги оятини ҳамиша ёдида тутиши лозим:

“(Эй мўминлар,) то сизлар суйган нарсаларингаздан инфоқ-эҳсон қилиб бермагунингизча ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) етмагайсиз. Ҳар қандай нарсани инфоқ қилсангиз, албатта Аллоҳ уни билур”  (Оли Имрон сураси, 92-оят).

Нурулло Маҳкамов,
Чуст туман “Саид Насимхон тўра” жоме
масжиди имом-
ноиби

Read 3487 times

Мақолалар

Top